Мардлик ва жасоратнинг ёрқин намунаси
2015 йил 16 март куни дунёнинг қатор мамлакатларидаги оммавий ахборот воситаларида Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани Бордимкўл қишлоғида истиқомат қилиб келаётган 93 ёшли Камолжон Турғуновнинг вафот этганлиги тўғрисидаги хабар тарқатилди. Марҳумнинг оила аъзоларига нафақат маҳаллий давлат идоралари, ҳаттоки, хорижий давлатлардан ҳам таъзия изҳор этилди. Табаррук ёшга етган Камолжон Турғуновнинг шахсини билган, у киши босиб ўтган машаққатли ҳаёт сўқмоқларидан хабардор барчанинг чуқур қайғуга тушиши бежиз эмас эди.
58 кунлик қамал
Хўш, Наманган вилоятининг узоқ бир қишлоғида умргузаронлик қилган отахонга кўрсатилган бундай иззат-икромнинг боиси нимада? Бунинг жавоби оддий: Камолжон Турғунов Иккинчи жаҳон уруши қаҳрамонларидан бири эди. Дунёдаги деярли барча мамлакатларда тарих саҳифаларида қолган машъум урушга оид китоблар яратилган бўлиб, унда наманганлик ўзбек йигитининг жасорати кенг тасвирланган. “Павлов уйи”нинг мард ва қўрқмас ҳимоячиси, ўзбек халқининг фахри ва ифтихори бўлган Камолжон Турғунов вафоти шунинг учун ҳам дунё ҳамжамиятини бефарқ қолдирмади.
Мен Камолжон ота билан кўп бор суҳбат қилганман, унинг уруш йилларига оид аччиқ хотираларини эшитганман. У Иккинчи жаҳон урушига сафарбар этилганидан сўнг барча ўзбек ўғлонлари сингари Волга дарёси бўйида, машҳур Сталинград шаҳрида фашистларга қарши жангларда иштирок этганини дам маҳзун, дам мамнун бўлиб ҳикоя қилган. Собиқ жангчининг қаҳрамонлик йўли сиртдан қараганда оддий ва барча қуролдош дўстлариникига ўхшаш. Аммо унда ўз юртини севиш, уни асраб-авайлашдек туйғу кучли бўлгани боис, кўрсатган мардлик ва жасорат намунаси ҳали-ҳануз барчани ҳайратга солиб келади. 1942 йилнинг сентябрь ойида сержант Яков Павлов бошчилигидаги совет қўшинлари тўрт қаватли оддий уйни ишғол қилиб, фашистлар қўлидан тортиб олади.
25 кишилик кичик отряд эгаллаган уй тўрт тарафлама душман томонидан қамал қилинади. 58 кунлик қамални эслаган Камолжон отанинг эти жимирлаб кетганини сезаман. У кишининг ҳикоя қилишича, бино ҳар икки томон учун ҳам жуда катта стратегик аҳамиятга эга бўлгани сабабли ҳаёт-мамот жанги 58 кун давом этган. 11 миллат вакилларидан иборат мазкур отряд кўрсатган қаҳрамонлик бутун фронт бўйлаб тилларда достон бўлди. Тишидан тирноғигача қуролланган фашист босқинчилари мўлжалдаги уйни тинимсиз ўққа тутиб, ҳужум уюштиришига қарамай, тарихда “Павлов уйи” номини олган бино ҳимоя қилинди, асраб қолинди. Бир мақсад-муддао йўлида кураш олиб борган собиқ жангчилардан бирортаси бугун тирик қолдимикан? Оллоҳнинг азму иродаси экан-да, Камолжон ота ҳам бу ёруғ оламни тарк этди.
Тутинган қиз
1942 йили “Павлов уйи”да истиқомат қилувчи фуқаролардан бирининг хонадонида қизалоқ туғилади. Фашист газандалари билан жанглар қизиб турган бир пайтда рўй берган бу воқеа Камолжонни ҳам қувонтирди. Зина (Зинаида Петровна Селезнева) исмли бу қизалоқ ғалабадан сўнг “Павлов уйи” қаҳрамонлари, жумладан, Камолжон ота билан ҳам учрашиб турганини мароқ билан ҳикоя қилган суҳбатдошим. Зинаида Петровна Ўзбекистонга — Камолжон Турғунов оиласига доимий равишда келиб турадиган меҳмонлардан бири эди. Илиқ ва самимий муносабат туфайли улар кейинчалик ота-бола тутиндилар. Зинаида Петровна Камолжон отанинг ўн олти фарзанди қаторига қўшилиб, ўн еттинчиси бўлган. Ота вафот этса-да, туғишган ва тутинган кишилар ўртасидаги беғараз, дўстона алоқа ҳамон узилгани йўқ. Камолжон отанинг фарзанд¬лари ва Зинаида Петровна ўртасида дўстона, самимий муносабат давом этмоқда.
Камолжон Турғунов ғалаба билан ўз юртига қайтганидан сўнг узоқ йиллар Бордимкўл қишлоғида тракторчи бўлиб ишлади. Қишлоқ хўжалиги юмушларида ишлаш эр йигитга хослигини намоён этди. Урушдан кейинги оғир тикланиш йилларида эркакларнинг ўрни, хизмати катталигини англаган Камолжон ота худди жангдаги сингари меҳнаткашлиги, тиришқоқлиги билан обрў-эътибор қозонди.
Катта урушдаги улуш
Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиларининг ҳаёт йўли ҳақида шунга ўхшаш мисоллар жуда кўп. Аммо Камолжон Турғунов билан боғлиқ хотираларнинг эътиборли жиҳати шундаки, у сингари миллионлаб ўзбек ўғлонлари фашизм устидан ғалаба қозонишни ўз фуқаролик бурчи деб билишди.
Қанчадан-қанча юртдошларимиз уруш туфайли орттирган қалб ва тан жароҳатлари азобини ҳамон тортмоқда. Жанг майдонларидан қайтмаган минг-минглаб юртдошларимизнинг муқаддас хотираси олдида бош эгиш, уларнинг руҳи покларига ҳурмат бажо келтириш барчамизнинг инсоний бурчимиздир. Айниқса, бу ҳаётий ҳақиқат ҳақида мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев айтган гаплар бутун халқимизнинг дилидаги гаплардир: “Айни вақтда жанг майдонларида мардлик ва жасорат кўрсатган, фронт ортида фидокорона меҳнат қилиб, бугун орамизда соғ-саломат бўлиб юрган муҳтарам фахрийларимизга таъзим қиламиз. Ҳозирги тинч-осойишта ҳаётимиз, мусаффо осмонимиз учун уларга чексиз миннатдорчилик билдирамиз. Ҳеч шубҳасиз, бу даҳшатли уруш, бутун инсоният қатори, бизнинг халқимизга ҳам мислсиз кулфат ва йўқотишлар олиб келди” (Мирзиёев Ш. Миллий тараққиёт йўлимизни қатъият билан давом эттириб, янги босқичга кўтарамиз” (1-жилд. — Тошкент, 2017 й. 395-б).
73 йил ортда қолди, аммо унинг доғи, нолаю афғони ҳамон ҳар бир миллатнинг қалбида акс садо беради. Бундан ўзбек халқи ҳам мустасно эмас, фашизм устидан қозонилган ғалабага Ўзбекистоннинг қўшган ҳиссаси ҳақида ҳар қанча жўшиб гапирсак ҳам оз. Зеро, мардлик ва жасоратни ўзининг уч минг йиллик тарихида байроқ қилган халқимиз бунга арзийди. Келинг, ўзбек жангчилари кўрсатган айрим қаҳрамонликларга мурожаат қиламиз.
Тошкентда тузилган ва генерал Собир Раҳимов раҳбарлигида душманга тинчлик бермаган дивизия уч ойнинг ўзида фашистларнинг 8 минг¬дан ортиқ аскар ва офицерларини йўқ қилди. Фарғоналик Аҳмаджон Шукуровнинг Орёл яқинидаги Золотаревка қишлоғида кўрсатган қаҳрамонликлари тилларда достон бўлди. Жумладан, бир ўзи 110 нафар фашистни ер билан яксон қилди, 15 нафарини асир олди. Яна бир ватандошимиз Зилмат Ҳасанов 80 нафар душман билан олишиб, уларнинг 60 нафарини ер тишлатади. Ўқ-дорилари тугаганидан сўнг у ўзини ва ёнидаги фашистларни граната билан портлатиб юборади. Ҳамюртларимиздан яна бири, машҳур разведкачи Мамадали Топволдиев 67 нафар фашист газандасини йўқ қилди, 180 нафар душманни асир олди.
Ватандошларимиз партизанлик ҳаракатида ҳам фаол қатнашдилар. Хусусан, “Қасоскорлар” партизан бригадасида ўзбекистонлик Жонибек Отабоевнинг кичик отряди Гомел остоналарида қаҳрамонлик намуналарини кўрсатиш асносида “рельс урушлари”да ўнлаб фашист эшелонларини портлатиб юборди, полиция участкаларига ҳужум уюштириб, душманнинг тинка-мадорини қуритди.
Ўзбек ўғлонларининг фронт ичкарисида кўрсатган жасоратлари муносиб тақдирланди. Урушда қатнашган 120 мингдан ортиқ мард йигит-қизлар жанговар орден ва медаллар билан тақдирланди, 82 нафар юртдошимиз ўша пайтда таъсис этилган “Шуҳрат” орденининг ҳар учала даражаси билан мукофотланган. 280 нафар ўзбекистонлик собиқ
“Совет иттифоқи қаҳрамони” деган энг олий унвонга сазовор бўлди (“История Узбекистана”. — Ташкент, 2005. 260-б.).Фронт ортидаги жасорат Урушда ғалабага эришиш қаҳрамонлик бўлса, фронт ортида жангчиларга қурол-аслаҳа, кийим-кечак, озиқ-овқат етказиб бериш йўлидаги саъй-ҳаракатнинг ўзи яна бир жасоратдир. Бунга Ўзбекистоннинг улкан ҳиссаси қўшилганлигини аниқ мисоллар билан асослаймиз. Ўша пайтда юртимизда қарийб 6,5 миллион аҳоли истиқомат қилган бўлса, улардан тахминан 1,5 миллион нафари урушга сафарбар этилган. Ўз Ватанининг эркинлиги ва озодлиги учун, бугун биз кечираётган осуда ҳаёт учун 500 минг нафардан зиёд ватандошимиз уруш майдонларида қурбон бўлган, қанчадан-қанчаси бедарак кетган. 1941 йилнинг ноябридан 1942 йилнинг март ойигача Ўзбекистонда 14 та миллий ҳарбий бўлинма, 9 та ўқ отиш ва 9 та отлиқ дивизия ташкил этилди. Ўзбекистон халқи ҳаракатдаги армия учун 2 мингдан ортиқ самолёт, 1700 дан кўпроқ авиамотор, шунча миқдорда миномёт, 22 миллионта мина, 560 мингта снаряд, бир миллиондан ортиқ граната, 330 мингта парашют, 5 та бронепоезд, 18 та санитар поезд, миллионлаб кирза этиклар, бош кийимлари, гимнастёрка етказиб берди.
Бундан ташқари, Россия Федерациясидаги заводларда, оғир ва ранг¬ли металлургия комбинатларида 155 минг нафар ватандошимиз ғалаба учун тер тўккани кўпчиликка маълум эмас. Уруш йилларида Ўзбекистонда етиштирилган 82 миллион пуд дон, 213 минг центнер шоли, 4 миллион тонна пахта, 55 минг тонна ипак, 57,5 минг тонна мева-сабзавот, 159,3 минг тонна гўшт маҳсулоти фронтга жўнатилди.
Шукрки, бугун мамлакатимиз тинч ва осойишта, барқарор ривожланиш йўлидан бормоқда. Ҳар бир хонадонда фарзандлари, невара-чеваралари бағрида фаровон ҳаёт кечираётган кекса авлод вакиллари дориломон кунларга етказгани учун Яратганга шукрона келтиради, уруш балоси ҳеч қачон қайтмасин, дея дуо қилади.
Тинчликпарварлик сиёсати
Урушнинг бутун зиён-заҳмати, машаққатларини собиқ СССР таркибидаги барча республикалар, уларнинг миллионлаб халқлари ўз елкасида бирдек кўтарганини эсламаслик, тан олмаслик сиёсий жиҳатдан катта хатоликдир. Ўзбекистоннинг фашизм устидан қозонилган тарихий ғалабага қўшган ҳиссаси тўғрисида бор ҳақиқатни айтиш, уни ёшларимиз онгига чуқур сингдириш, бу орқали уларда уруш балосига нисбатан нафрат уйғотиш, ота-боболаримизнинг мардлиги, жасорати ҳамда қаҳрамонликлари алоҳида ўринга эгалигини англатиш лозим.
Дарҳақиқат, тинчлик деган улуғ неъматни асраб-авайлаш ва таъминлашда ўзбек халқининг кўкси баланд, юзи ёруғ, ҳеч кимдан кам эмас. Давлатимиз раҳбарининг “Хотира ва Қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида тинч¬лик ва омонлик ўзбек халқининг энг улуғ, энг азиз қадриятларидан бири сифатида эътироф этилади. “Бутун дунёда, — дейилади қарорда, — миллионлаб инсонлар ҳалок бўлишига сабаб бўлган, мислсиз йўқотишлар, талафот ва мусибатлар олиб келган Иккинчи жаҳон уруши инсоният тарихидаги энг даҳшатли, энг қонли қирғин бўлганини ҳеч ким унутмайди. Ушбу бешафқат урушда қатнашган 1,5 миллиондан ортиқ ўзбекистонликларнинг ярим миллиондан зиёди ҳалок бўлганини халқимиз ҳеч қачон ёдидан чиқармайди. Уруш бошланиши билан фронт ҳудудларидан Ўзбекистонга кўчирилган бир миллионга яқин оила ва болаларни қабул қилиб, охирги бир бурда нонини улар билан баҳам кўрган, “Сен етим эмассан” деб ўз бағрига олгани халқимизнинг нақадар олижаноблигини, меҳр-мурувватини, юксак маънавиятини яққол намоён этди” (“Халқ сўзи”, 2018 йил 17 апрель).
Мамлакатимиз раҳбарияти, вазирлик, қўмита, ташкилот, муассасалар, барча оддий инсонлар уруш майдонларида жанг қилган фахрийлар ҳолидан хабар олиш, уларга совға-салом улашиш чора-тадбирларини кўрмоқда. Ҳалок бўлганлар хотирланади. Ёшлар уларнинг қаҳрамонликларидан ибрат олмоқда. Таълим муассасаларида Ўзбекистон бугун ўз қаҳрамонларини муносиб қутлаб, уларга эҳтиром кўрсатиши билан боғлиқ тарбиявий тадбирлар ўтказилади. Мамлакат раҳбарининг “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармонига биноан, жанггоҳларда мардлик ва жасорат намуналарини кўрсатган барча уруш қатнашчилари ва ногиронларига 5000000 (беш миллион) сўм миқдорида бирйўла пул мукофоти берилади. Мазкур қарорга мувофиқ, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг истаклари асосида уларнинг ўзлари жанг қилган мамлакатларга бир нафар кузатувчи билан сафарини ташкил этиш, уруш фахрийларининг истаклари асосида Ялта ва Кисловодск шаҳарларидаги “Ўзбекистон” ҳамда республика ҳудудидаги бошқа санаторийларга бир нафар кузатувчиси билан бирга бепул юборилишини ташкил этиш мамлакат ҳукуматига вазифа сифатида юклатилди.
Ҳеч шубҳасиз, бундай тадбирлар халқимиз томонидан жуда катта миннатдорлик билан қабул қилинмоқда. Масаланинг бошқа томони ҳам борки, уни эсдан чиқаришга ҳаққимиз йўқ. Иккинчи жаҳон урушида фаол қатнашиб, фашизм балосини бартараф этишда мислсиз қаҳрамонликлар кўрсатган айрим мамлакатлардаги уруш қатнашчилари бугунга келиб баъзи сиёсий кучлар, калтабин давлат раҳбарларининг сиёсий ожизлиги туфайли камситилмоқда, таҳқирланмоқда, уларга “инсоният душмани” деган ёрлиқ ёпиштирилмоқда, ғалабани қўлга киритган оддий аскарга ўрнатилган ҳайкаллар бузиб ташланмоқда. Айримлар Иккинчи жаҳон уруши тарихини ўзларининг тор мафкуравий қарашлари асосида қайтадан ёзмоқда. Натижада Иккинчи жаҳон уруши тарихини билмайдиган, ҳаётий тажрибага эга бўлмаган, теварак-атрофда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларни таҳлил қила олиш кўникмаси йўқ ёшларда уруш, фашизм, ёвузлик тўғрисида нотўғри фикр ва хулоса шаклланмоқда.
Ана шундай шароитда Ўзбекистон, ўзбек халқи ўзининг анъанавий тинчликсевар сиёсатига содиқ қолмоқда. “Анъанавий” дейишимизга сабаб, юрт тинчлиги ғояси, аслида, халқимизнинг минг-минг йиллар давомида орзу қилган қадриятидир. Миллий маданий меросимиз пойдеворини ҳам халқ манфаати йўлида изланган, курашилган тинчлик феномени ташкил этади. Буюк бобомиз Алишер Навоий бу ҳақда шундай дейди: “Бу дунёда тинч-хотиржам бўлмаган киши ранжу азобдан холи бўлолмайди. Одамларнинг ғам-ташвишларга гирифторлиги осойишталикнинг йўқлигидан. Осойишталик бўлган жойда турмуш осуда кечади” (Алишер Навоий. Ҳикматлар. — Тошкент, 2014 й., 53-б.).
Миллий қадриятларимиз тизимида юрт тинчлиги, халқ осойишталиги одамларнинг тафаккур тарзи, истак ва майлларига боғлиқ экани таъкидланади. Кишилар қай даражада тарбия кўрган, бутун жамиятда тинчликни сақлашга ўзларини сафарбар этган бўлса, бундай жойда хотиржамлик, ривожланиш, тараққиёт бўлиши, аксинча, ушбу қадриятлар аҳамиятини сезмайдиган, оломон даражасидаги кишилар боши фалокату касофатлардан чиқмаслиги Шарқ фалсафий меросида яққол ифодасини топган. “Ҳазрати Одам алайҳиссалом даврларидан бошлаб, — дейди Ҳазрати Шайх Абу Бакр Варроқ Термизий, — то бугунгача юз берган фитналарнинг ягона сабаби оломонга аралашувдир. Яна ўша даврдан бошлаб то бугунги кунгача ихтилотни—оломонга аралашувни даф этмаган бирор-бир инсон омонлик топмади” (Саидов А. Атторшунослик. — Тошкент, 2013 й., 259-б.).
Меҳнаткаш халқ асрлар давомида орзу қилиб келаётган “адолатли подшо”, “адолатли давлат”, “бахтли ўлка”, “қуёш шаҳри”, “озод орол” каби ижтимоий идеаллар таг-заминида, уларнинг фалсафаси асосида ҳам, аслида, тинчлик ғояси ётади. Тинчлик ҳукм сурган жойда фаровонлик бўй кўрсатади, эзгулик қанот қоқади.
Хотира майдонига хуш келибсиз!
Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг 1999 йилдаги “9 майни Хотира ва қадрлаш куни деб эълон қилиш тўғрисида”ги фармонига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоят марказларида Хотира майдони қад ростлади. Ҳар бир вилоятда “Мотамсаро она” ҳайкали ўрнатилиб, Ватан озодлиги ва тинчлиги учун жон берганлар номи абадийлаштирилди.
Хотира ва қадрлаш — инсон ақл-заковатининг бетакрор маънавий неъматлари, тирикликнинг азалий мезонларидир. Ҳомийлик, саховат ва ҳиммат, меҳр ва мурувват фазилатлари хотира ва қадр тушунчалари билан ўзаро уйғунлик касб этади. Зеро, қалби саховатга, меҳр-муҳаббатга, шафқат ва шафоатга тўла инсонларгина ўз тарихини, аждодларини доимо хотирлайди, фидойи юртдошлари, ёруғ келажак йўлида меҳнат қилаётган кишиларнинг қадрига етади.
Жанггоҳларда жон берган ватандошларимиз номлари муҳрланган “Хотира китоби”нинг зарҳал варақлари Ватаннинг фидойи ўғлонлари қисматидан шаҳодат беради. Мотамсаро она қиёфасида эса изтироб ва умид намоён. Бева-бечораю етим-есирлар, фарзанди йўлига кўз тиккан онаизорнинг умиду надоматлари мужассам шу биргина қиёфада.
Ушбу санани Хотира ва қадрлаш куни сифатида кенг нишонлай бошлаганимизга 19 йил бўлди. Ўтган йиллар мобайнида марҳумларни ёд этиш, кексалар, беморлар, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиш нафақат ўзбеклар, балки юртимизда истиқомат қиладиган барча миллат ва элат вакиллари учун одат тусига кирди. Бинобарин, ўтганлар хотираси олдида таъзим бажо келтириш, инсонни тириклик чоғида қадр¬лашдек ҳаётий қарашлар эл-юртимизнинг қон-қонига сингиб бораётгани тарбиявий аҳамият касб этмоқда.
Прагматик ёндашув
Мамлакатимиз раҳбарияти 9 май санасини кенг нишонлашда узоқ ва яқин давлатларга ўрнак бўлаётир. Ўзбекистон Президенти бугунги ташқи сиёсатимизнинг асосий маъно-мазмуни тинчликсеварлик, бошқа давлатларнинг ички сиёсатига аралашмаслик, юзага келадиган зиддият ва қарама-қаршиликларни фақат тинч, сиёсий йўл билан ҳал этиш, барча хорижий давлатлар ва жаҳон ҳамжамияти билан амалий ҳамкорлик қилишдан иборатлигини бот-бот такрорламоқда. Ўзбекистоннинг бу сиёсати, аслида, прагматик хусусиятга эга бўлиб, унинг реал таъсири минтақамиз ва бутун дунёда ўз ифодасини кўрсатмоқда.
Мамлакатимиз раҳбарининг Ўзбекистон ташқи сиёсатидаги устувор йўналиш сифатида яқин қўшниларимиз билан рақобат эмас, аксинча, ҳамкорлик қилиш муҳим аҳамиятга эга эканлиги тўғрисидаги амалий фаолиятини бутун дунё сиёсатчилари ўрганиб, қўллаб-қувватлаётганини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим.
Биз бугун Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабани нишонлар эканмиз, ундан муайян хулоса ва сабоқ чиқармоғимиз лозим. Бугунги таҳликали замонда, дунёнинг ҳали у четида, ҳали бу бурчагида турли сиёсий, геополитик мақсадлар учун уруш оловлари ўчмаётган бир шароитда, барчамиз “тинчлик” деган муқаддас сўзнинг салмоғини янада чуқурроқ, онгли равишда англашимиз керак. Бунинг учун ҳар доим огоҳ ва сезгир бўлишимиз, бугунги ва эртанги кунимизни ўзимиз асрашимиз, осуда ҳаёт учун курашмоғимиз лозим.
Абдухалил МАВРУЛОВ,
тарих фанлари доктори, профессор