«Тигр»ни ишдан чиқарган ўзбек танкчиси
Қирғизбой педагог бўлмоқчи эди. Бу иштиёқ унга отаси Камол муаллимдан ўтган. Юрган йўлида хаёлан ўзини синфхонада тасаввур қилар, ўқувчиларнинг саволлари қаршисида довдираб қолмаслик учун китоб варақлашга тутинарди. Шу ният билан Термиз педагогика техникумини тугатди. Отаси вафотидан кейин онаси Турғунбиби ая бор меҳри билан болаларига суяниб қолган, нуридийдалари орзу-умидларидан куч олиб яшарди, гўё. Аммо... даҳшатли уруш бошлангани ҳақида хабар тарқалиши билан тўнғичи Абдусамад фронтга отланди. Онаизор ортидан термулганича Қирғизбойни бағрига босган кўйи зор-зор йиғлаб қолаверди. Кунларнинг ўтиши, тонгларнинг отиши қийин. 1942 йилнинг февралида Қирғизбойнинг ҳам урушга кетиши Турғунбиби аянинг юрак-бағрини қонга тўлдирди. Совуқ хабарларнинг изи узилмайди. Абдусамадидан бир парча хат кутавериб ранги сарғайиб кетган муштипар аёл охирги қувватини тўплаб, лаблари титраганча ишонган “тоғи” билан хайр-хўшлашди.
— Ўшанда эндигина ўн саккизга кирган эдим, — дея хотирлайди бугун 94 баҳорни қаршилаган Қирғизбой ота Камолов. — Урушнинг номи ўчсин. Не-не навқирон дўстларимни олиб кетмади бу жангу жадаллар. Бизни дастлаб Волга дарё¬си бўйида жойлашган танкчилар тайёрлаш билим юртида ўқитишди. Танк — тўрт кишидан иборат экипаж дегани. Ҳар биримизнинг ўз вазифамиз бор. Мен пулемётдан отаман, пушкани ўқлайман. Воронежда жанг майдонига кирганча, ғалабани 1945 йилнинг майида Прагада кутиб олдик. 8 май куни кечаси соат 12:00 да уруш тугагани эълон қилинди. Ўша дақиқадаги ҳолатимни тасвирлаш жуда қийин. Қувонаман, кўзларимдан шашқатор ёш қуйилади. Бағрим жароҳатлардан, айрилиқлардан аламларга тўлиб кетган. Оғир кунларда дўстлашганлар қадрдонга, жон-жигарга айланиб кетади, болам. Кўз ўнгимда ана шундай бир парча нонни бўлишиб еб, бир-биримизни суяб, оғрисак қўшилиб оғриганларимиз ҳаёт билан видолашишди. Ёлғизгина акамдан айрилдим. Мен, дилдан ўчмас азобли хотиралар, изтироблар билан етиб келдим бу кунларга.
1943 йилнинг ёзи. Курск яқинида оғир жанглар давом этарди. Немислар пайт пойлаб ҳужумга ўтади. Буни яхши билган Қирғизбой бир гал танкни дов-дарахтлар орасида яшириб, қарши зарба бериш таклифини билдирди. Унинг режаси иш беришини билган қуролдошлари фикрини маъқуллашди. Ҳақиқатан ҳам, саҳар чоғи душман “Тигр” номли танкини олдинга бошлаб, ўт очди. Бекиниб турган танкчиларимиз усталик билан “Тигр”нинг нозик жойини мўлжалга олиб, уни ишдан чиқарди. Ўттизга яқин фашист аскари ўзини ҳар ёнга ура бошлади. Бундан унумли фойдаланган Қирғизбой пулемётдан ўқ узиб бирваракайига йигирмага яқин душман аскарини ер тишлатди. Унинг бу хизматлари алоҳида эътироф этилиб, “Олтин юлдуз” ордени билан тақдирланди. Кейинчалик кўксини яна “Жасорати учун”, “Шон-шараф” орденлари безади.
— Неча бора ўлим билан юзма-юз келдим, қаттиқ яраланиб ўн кунлаб беҳуш ётган кезларим бўлди, ҳатто Ватанга қайтиш умиди ҳам сўнаёзган эди. Лекин ғалабага ишонардим, — суҳбатимизни давом эттиради отахон. — Ана шу ишонч, яхши кунлар келишига ҳисса қўшиш нияти бизга куч бағишлаб турарди...
Қирғизбой Камоловга юртимизнинг саодатли кунларини кўриш, кексалик гаштини суриш насиб этди. Урушдан қайтгач, Сурхондарё вилояти Сариосиё туманидаги “Сариосиё ҳақиқати” газетасида фаолият бошлаб, узоқ йиллар бош муҳаррир вазифасида хизмат қилди. Бир муддат Узун туманидаги “Сталин байроғи” (Ҳозирги “Боботоғ тонги”), Денов шаҳридаги “Ғалаба учун”, “Чағониён” газеталари таҳририятига ҳам раҳбарлик қилди. Умр йўлдоши Мақсудахон ая билан тотув ҳаёт кечириб, тўрт фарзандни вояга етказди. Волидаи муҳтарамаси минг шукрона билан невараларини бағрига босиб, аллалар айтганида қалбидаги оғриқларга малҳам босилгандек бахтиёр сезарди ўзини. Ўғил-қизларидан уч нафари педагоглик касбини танлаганида қувонди, фахрланди. Ўн саккиз невара, ўн етти чеваранинг севимли бобоси, маҳалла-кўйнинг маслаҳатгўйига айланди. Айниқса, 1994 йили “Жасорат” медали билан мукофотланиши унинг умрига умр қўшгандек бўлди.
— Биз, уруш қатнашчилари, меҳнат фахрийларига катта иззат-икром кўрсатилмоқда, — дейди отахон. — Ўтган йили 9 май арафасида менга Президентимиз Шавкат Мирзиёев билан кўришиш насиб этди. Суҳбатимиз давомида мен у кишига нуронийларимиз миннатдорлигини етказар эканман, кўнглимдаги шукроналик ҳиссини ҳам баён этдим. Ҳа, бу кунларга етганлар бор, етмаганлар бор. Турли давраларда бўлган учрашувларда бу гапни кўп такрорлайман. Тинчлик бор экан, тараққиёт бор! Дориломон замонани қадрлайлик, осойишталигимиз учун барчамиз ўз ҳиссамизни қўшайлик, болаларим!
Ойбуви ОЧИЛОВА