Чиқимга эмас, маънавиятга ундайлик
Умумтаълим муассасаларида ўқув йили поёнига етиб бормоқда. Шу муносабат билан ресторану кафеларда алоҳида кечалар ташкил этилишига йўл қўймаслик борасида мактаб ва коллежларда тарғибот олиб борилса-да, бу ишлар ҳамон давом этаётгани ачинарли. Муаммонинг ечими, шубҳасиз, таълим муассасалари мутасаддилари, ўқитувчилар ва ота-оналарга бориб тақалади.
Битирув оқшомидаги яна бир ортиқча харажат — синф ўқитувчиси ёки гуруҳ раҳбарига қимматбаҳо совға-саломлар олиш. Ўқувчилар, баъзи ота-оналар уни силлиқлаб, «кўнгилдан чиқарганимиз», деб қўяди. Бу билан гўёки ўзларини оқлашга уринишади. Ахир, бундай беҳуда чиқимга кимнингдир қурби етмаслиги мумкин-ку?! Қолаверса, ўқитувчи меҳнати учун маош олади. Тўғри, ҳалол устозлар жуда кўп. Бироқ гуруч курмаксиз бўлмаганидек, ўқувчилардан совға талаб қиладиганлар ҳам борлиги дилни ғаш қилади.
— Бу йил қизим Тошкент шаҳридаги 51-мактабнинг 9-синфини битиради, — дейди Нигора Аҳмедова. — У “Сўнгги қўнғироқ” тадбиридан сўнг синфдошлари билан “битирув оқшоми”ни давом эттиришини айтди. Мен бунга тўсқинлик қилдим ва таътилда ўзим уни хиёбонга олиб боришни тушунтирдим. Аммо кўпчилик ота-оналар бу кунни ўзгача айём сифатида нишонлашни истаб, маблағ ҳақида келишиб олишган. Ўқувчиларнинг сайр қилиши учун харажатлар 30 мингдан 50 минг сўмгача бўлади. Бундан ташқари, ўқитувчиларга совға улашиш одати ҳам йўқ эмас.
Қолаверса, кафе ёки ресторанда овқатланиш, кинотеатр, янги кийим-кечак, соч турмаги, йўл харажати учун ҳам маблағ керак. Бу пуллар боланинг саломатлиги ва ўқиши учун ишлатилса, фойдалироқ бўларди.
Танишимнинг фикрини айнан келтираман:
“Эгизак фарзандларим 4-синфни тугатяпти. Яқинда мактабда ота-оналар йиғилиши бўлганига қарамай, ўқитувчи бизни яна йиғилишга чақирди. Йил якунига оид баъзи маълумотларни гапириб, “Бу ёғини ўзингиз давом эттиринг”, дея чиқиб кетди. “Мажлис”га, асосан, оналар келган. Улар орасидаги айрим ўзига тўқ хонадон бекалари “Хайр, биринчи ўқитувчим!” кечаси фарзандига болалик давридан “эсдалик” бўлишини истаб, маросимни тўйхонада ўтказиш ва ўқитувчига қимматбаҳо совға олиш ҳақида қатъий келишиб олишди. Мен эса уларга қарши чиқишдан тортиниб, маошимни рўзғорга ҳам ишлатмай асраб ўтирибман”.
Фарзандларнинг кичик ёшдан беҳуда ҳою ҳавасларга берилишига катталар сабабчи бўлади. Мактабгача таълим муассасасини тарк этаётган болакайнинг хайрлашув оқшоми учун ҳам қанча оворагарчилик бўлаётгани сир эмас. Тошкентлик Шодия опанинг ўғли бу йил мактабга чиқади. Айтишича, гуруҳ ота-оналар қўмитасининг фаол аёллари “Хайр, боғча, салом, мактаб!” тадбири учун 150 минг сўмдан йиғишяпти. “Боғча опасининг ҳурмати учун қаршилик қилолмадим. Фарзандларимизнинг байрами учун шу маблағнинг учдан бири етарли. Аммо боғча мудири ва тарбиячиларга олинадиган совға-саломга 100 минг сўми ажратилади”, дейди у.
Юнусобод туманидаги 274-мактабда бу йил 9-синфни 146 нафар, 4-синфни 151 нафар ўғил-қиз тамомлайди. 146 ўқувчидан уч нафари ўқишни академик лицейда, қолгани мактабда давом эттириш ниятида. Мактаб педагогик жамоасининг ташаббуси билан таълим-тарбияга алоқаси бўлмаган дабдабали байрамона кечалар ўтказилмайди. Болалар китоб марафонлари, саёҳат дарслари ва бадиий учрашувлар билан банд бўлиб, уларнинг онгу шуурига ҳақиқий маънавий бойлик фақат илм эгаллаш экани сингдирилмоқда. Бу гал ҳам ўқув йили якуни арафасида мазмунли тадбирлар уюштирилиб, мактабнинг 50 йил аввалги битирувчилари билан учрашув ўтказилди.
— Нуроний онахону отахонларнинг ҳаётий қарашлари ўқувчилар учун жуда қизиқ, — дейди тажрибали ўқитувчи Маҳмуда Валиева. — Эътиборлиси, ЎзР ФА катта илмий ходими, геология фанлари номзоди Мирзоид Мўминов муаллифлигида “7 дан 70 гача: синфдошликни қўмсаб” номли китоб чоп этилиб, мактабни 50 йил олдин битирган 32 собиқ ўқувчининг ҳаётий тажрибаси, хотиралари ва мактабнинг 100 йиллик тарихига оид маълумотлар ёритилди. Бу китоб тақдимотида фан докторлари, профессорлар ва юқори синф ўқувчилари қатнашди. 4-синф ўқувчилари ўртасида “Китобим — офтобим” тадбири ўтказилди. Юқори синф ўқувчилари эса “Йилнинг энг яхши китобхон ўқувчиси” кўрик-танловининг вилоят босқичига йўлланма олди. Улар билан Самарқанд шаҳрига саёҳатимиз ҳам кўнгилдагидек бўлди. Ўқувчилар ёндафтарига тарихий обидалар ҳақида қизиқарли маълумотларни ёзиб олди.
Дарҳақиқат, дабдабабозлик ва ортиқча чиқимларга чек қўйиб, ўғил-қизларга дўстлик ва бирдамлик ҳақидаги фильмларни кўрсатиш, тарихий қадамжоларга саёҳат уюштириш, китоб марафонларига жалб этиш ва қизиқарли учрашувлар ўтказиш орқали улар маънавияти бойитилса, мақсадга мувофиқдир.
Шоира БОЙМУРОДОВА