Болангизга муаллимни ёмонламанг!
“Ма’rifat” газетасининг 2018 йил 17 январь сонида чоп этилган “Муаллим қадр топса, таълим-тарбия юксалади” мақоласини ўқиб...
Йиллар давомида мактабда ўқитувчи бўлиб ишладим. Кузатдимки, ўқитувчи қадрининг тушиши, ўқувчиларимизнинг илм олишга бўлган ҳаваси, интилишининг сўнишига айрим ота-оналар ҳам сабабчи бўлади. Чет элларга ишлашга кетиб, фарзандларини бобо-бувилар қарамоғига ташлаб кетади. Бобо-бувининг тарбиясини олган болаларнинг ўзига яраша ютуқлари ҳам бор. Аммо кексаларнинг ота-оналар мажлисида қатнашиш имконияти кам. Ўқитувчи билан мунтазам ҳамкорлик ўрнатолмайди. Ўсмир ёшидаги инжиқ болани тўла-тўкис назорат қилолмайди.
Ота-она эса хориждан маблағ юбориб, фарзандини қимматбаҳо кийим, cўнгги русумдаги телефон билан таъминлаб туради. Унинг қўлидаги қимматбаҳо телефон хотирасида нималар борлигини бобо ва буви текширолмайди. Ҳаддан ташқари таъминот ҳам боланинг мактаб ва ўқитувчиларга беписанд муомаласига сабаб бўляпти. Ота энг сўнгги русумдаги машинага эга бўлса ҳам, она моданинг чўққисида кийинса ҳам, фарзандда ўқитувчига ҳурмат туйғусини уйғота олиши керак. Афсуски, бугун кўплаб ота-оналар ўғил-қизларининг маънавияти, тарбиясига пул билан эришиб бўлмаслигини тушуниб етмаяпти. Натижада, юқори синфга ўтгани сайин, ўқувчилар ўқитувчининг кийиниши, юриш-туришини муҳокама қиладиган бўлишяпти. Инсонга зеб берувчи нарса унинг қимматбаҳо зеб-зийнати, буюми эмас, аксинча илму зиёси, маҳорати деган тушунчадан йироқлашиб кетишмоқда.
Тарбиядаги тизимлилик тамойилига путур етди, ўқитувчи ҳимоясиз қолди. Ота-она ва ўқитувчининг болаларга талаби ва назорати бир хил бўлмас экан, улар бир-бирини қўллаб-қувватламас экан, бу жарлик кенгайиб бораверади.
Шоира БОЗОРОВА,
инглиз тили фани ўқитувчиси