Етти пирнинг Ватани
Танишларимдан бирининг ҳикояси: педагогика институтининг математика факультетини тугатганимдан сўнг бир гуруҳ талабалар қатори каминага ҳам Тожикистонда амалиёт ўташ учун йўлланма берилди. Тоғли қишлоқлардан бирида жойлашган мактабда фаолият бошладик. Нотаниш ўлка, нотаниш одамлар, нотаниш яшаш тарзи... Икки-уч кунча қишлоқдагилар биздан, биз эса улардан бегонасираб юрдик. Ҳовлисидан жой берган киши тожик тилида яхшигина гапираётганимизни эшитиб, қаердан эканлигимизни сўраб қолди. “Бухороданмиз”, дедик. Жавоб унинг юз ифодасини ўзгартириб юборди. “Бухорои шарифданми?” дея кўзлари чақнаб кетди унинг. Кейин қадрдонлардек ҳар биримизни қучоқлаб бағрига босди, кафтлари билан юзимизни силаб, кўзларига сурди.
Шундан сўнг қишлоқ одамлари бирин-кетин бизни зиёрат қилгани келишди. Бизга юксак ҳурмат-иззат кўрсатишди. Буюк пирларимиз ҳақида, уларнинг эзгу амали, фазилатлари ҳақида тўлиб-тошиб гапиришди, зиёратгоҳларни суриштиришди. Очиғини айтсам, биз номлари зикр этилган ўша бобокалонларимиз, ўша зиёратгоҳларнинг баъзилари ҳақида ҳатто билмас ҳам эканмиз. Ўшанда гумроҳлигимиздан, нодонлигимиздан мулзам бўлганмиз. Амалиётдан қайтгач, Бухоро тарихини ўрганишга киришдим, кўплаб манбалар билан танишдим. Она юртимни қайта кашф этдим.
Ҳа, Бухоро — табаррук замин. Ҳар қадамда учрайдиган зиёратгоҳ, мақбараю хонақоҳлар бу юртнинг азиз авлиёлар юрти эканига ишора. Уларни билмаслик, қадрламаслик ҳурматсизликдир. Кейинги йилларда катта-кичик бу қадамжоларнинг бари таъмирланиб, обод қилинмоқда, гўзал гўшаларга айлантирилмоқда. Токи одамлар бу обод қадамжоларни зиёрат қилсин, ўзларини, ўзликларини танисин. Айниқса, ички туризмни ривожлантиришга юксак эътибор қаратилаётган бир пайтда бунинг аҳамияти катта. Хусусан, етти пир мақбарасининг янада ободонлаштирилиб, уларни бирлаштирувчи йўл қурилаётгани узоқ-яқиндан келадиган зиёратчилар учун қулай имкониятлар яратади.
Хожа Абдулхолиқ ўиждувоний, Хожа Ориф Ревгарий, Хожа Маҳмуд Фағнавий, Хожа Али Ромитаний, Муҳаммад Бобо Саммосий, Саййид Амир Кулол ва Баҳоуддин Нақшбанд Бухорои шарифдаги Хожагон-Нақшбандия тариқатининг етти пири саналади.
Уларнинг олтинчиси бўлмиш Саййид Амир Кулол валий даражасига эришган, илоҳий каромат соҳиби бўлган. У киши ҳижрий 680 (милодий 1287) йилда Бухорои шариф яқинидаги Сухор қишлоғида таваллуд топган. Асл исми Саййид Амир Калон ас-Сухорийдир. Отаси Амир Ҳамзанинг келиб чиқиши Ҳижоздан бўлиб, шажараси пайғамбаримиз Муҳаммад(с.а.в.)га бориб тақалади. Амир Кулол биринчи устози — Ҳазрат Саид Аҳмад Ато қўлида Яссавия тариқатидан сабоқ олган. Ўн беш яшар чоғида катта давраларда кураш тушиб, полвон сифатида ном қозонган. Ҳазрат бу машғулотдан мақсад “гумнокликдир”, яъни атайлаб кибрни синдириш, хокисорликни танга жо қилиш деб ҳисоблаган.
Ҳазрат тариқат сир-асрорини Хожагон тариқатининг йирик мутасаввуфи Муҳаммад Бобо Саммосийдан ўрганган. 15 ёшида бу улуғ зот билан учрашиб, 20 йил мурид сифатида хизматида бўлган.
Ҳазрат ўз ёронларига ҳамиша “Касб-ҳунар билан тирикчилигингизни ўтказиб, ҳалол касб орқали рўзғорингизга еткулик миқдорда, лофу исроф даражасига етказмасдан ризқ-рўз топишга ҳаракат қилинг”, дея уқтирган. Ўзи ҳам мудом шу ақидага амал қилган. Гарчанд буюк олим мақомига эришган бўлса-да, бутун умр ота касби бўлмиш кулоллик билан рўзғор тебратган. У киши бу борада ҳам юксак истеъдод соҳиби бўлиб, ясаган буюмлари бозорларда ўз харидорига эга бўлган.
Саййид Амир Кулол ҳақида кўплаб ривоятлар мавжуд. Уларда у кишининг ўтда куймаслиги, шунингдек, гарчанд ўз юртидан чиқмаган бўлса-да, бир пайтнинг ўзида икки-уч жойда ҳозир бўлиб, одамларни яхшилик сари ундаб, кўнгилларда эзгулик уруғини қадагани айтилди. Ривоятга кўра, Саййид Амир Кулол вафотидан бир йил ўтгач, маккалик бир гуруҳ кишилар у кишини йўқлаб келади: “Ҳар йили Макка зиёратини биз билан адо этувчи Ҳазрат негадир бу йил келмади? Шунга хавотир олиб келдик”. Шунда яқинлари таажжубга тушади, сабаби, у киши бирор марта ҳам Маккага бормаган эди-да.
Ҳазрат одамларни ҳамиша қалб уйғоқлигига даъват этган. Қуръон, ҳадис, тасаввуф илмини мукаммал ўрганиб, “Саййидул орифин” унвонига эга бўлган. Кўплаб авлиёуллоҳларни тарбия қилиб, пир даражасига етказган. Хожа Ориф Деггароний, Хожа Муҳаммад Баҳоуддин Нақшбанд, Жалолиддин Кеший, Соҳибқирон Амир Темур ҳам у кишини устоз деб билган.
Саййид Амир Кулол вафотидан сўнг (1372 йил) ўзи туғилиб ўсган Сухор қишлоғида дафн этилган. 2008 йили у кишининг қабри устида маҳобатли мақбара қурдирилиб, зиёратгоҳга айлантирилди.
— Биз, собиқ синфдошлар етти пирни зиёрат қилгани атай Намангандан келдик, — дейди 55—60 ёшлардаги бир гуруҳ аёллар. — Даставвал ўиждувоний мажмуасида бўлдик. Кейин Шофиркон, Вобкент, Ромитан туманидаги мақбараларни зиёрат қилдик. Жуда обод манзиллар экан. Руҳимиз енгил тортиб, кўнглимиз оройиш топди.
Когон туманидаги Сухор қишлоғида жойлашган Саййид Амир Кулол зиёратгоҳида бугун жуда катта қурилиш-таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди.
— Фақатгина мақбара, минора ва ҳовуздан иборат бўлган бу қадамжо эндиликда йирик масжид, миллий маросимлар ўтказиш учун бино, маъмурий бино, меҳмонхона, кушхона, таҳоратхона, 4 та кириш дарвозаси, 2 та айвон ва автотураргоҳга эга йирик мажмуага айланади. Янги лойиҳадаги қурилиш-таъмирлаш ишларига “Умар бобо” МЧЖ бошчилигида 15 та қурувчи ташкилот жалб этилди, — дейди туман ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Назир Тўраев. — Ҳафтанинг ҳар жума куни бу ерда туман ҳокимлиги ташаббуси билан хайрия акциялари ташкил этилмоқда. Хайрли ишга саховатпеша кишилар ўз ҳиссаларини қўшмоқда.
Ирода ОРИПОВА,
“Ma’rifat” мухбири