Сиз китобни қандай ўқийсиз?
Саволлар:
1. Қайси асар сизда китобга муҳаббат уйғотган?
2. Узоқ сафарга отлансангиз, ўзингиз билан ҳамроҳ қилишни хоҳлаган учта асар номини сананг.
3. Сиз китобни қандай ўқийсиз?
Эркин АЪЗАМ,
Ўзбекистон халқ ёзувчиси, “Тафаккур” журнали бош муҳаррири:
1. Бола зоти китобни севса ёки аксинча унга қизиқмаса, айб — оилада. Бу — менинг ҳаётий хулосам. Оиламизда китобхонлик қадрланарди. Отам ўз даврининг зиёли кишиси, жуда кўп ўқиган, китобга муҳаббати баланд эди. Муҳитнинг таъсири шекилли, китоб билан жуда эрта дўстлашганман. Хаёлпараст, таъсирчан бола китобни юрак-юракдан ҳис қилиб ўқирдим. Унинг ичига кириб кетиб, ўша оламда яшардим. Марк Твеннинг “Том Сойернинг саргузаштлари” асарини чексиз иштиёқ билан ўқиганман. Эртаклар, жилд-жилд достонлар қўлимдан тушмасди. “Алпомиш”, “Кунтуғмиш”, “Равшанхон” каби халқ достонларидаги воқелик билан яшаганман, бирга юриб, бирга турганман. Халқ оғзаки ижоди — донишмандлик намунаси эканлигини секин-аста илғаб борардим. Ёш авлодни тарбиялашда уларга тенг келадиган восита топилмаса керак. Болага эртак айтсангиз, жон қулоғи билан тинглайди. Аммо бизнинг давримизда бу машғулот тури унутилиб кетмоқда, бу мени жуда ташвишлантиради.
2. Мен айнан бир асарни бошқасидан устун қўёлмайман. Жаҳон классикасини ҳам, замонавий адабиёт намуналарини ҳам бирдек қизиқиш билан ўқийман. Дурдона асарлар кўп. Кутубхонамда мен учун қадрли, муаллиф ўз дастхати билан тақдим этган китоблар ҳам бор. 1967 йили Абдулла Қаҳҳор ўз қўллари билан тилак ёзиб берган “Синчалак” повести, “Нурли чўққилар” тўпламини кўз қорачиғидай асрайман. Дастхатли китобларим анча-мунча. Кейинги пайтларда рус ёзувчиси Иван Алексеевич Буниннинг Толстой ва Чехов ҳақидаги хотиралар китобига кўп мурожаат қиляпман. Ҳар куни жилла қурса, бир марта варақлайман. Иш столимда туради. Фикрлар, ғоялар, тасвирлар менга илҳом бағишлайди.
3. “Сиз китобни қандай ва қачон ўқийсиз?” деб бировга савол берсангиз, “Бўш вақтимда ўқийман”, деб жавоб беради. Менинг эса асосий машғулотим китоб ўқиш, бошқа ҳар қандай ишни шундан ортган пайтимдагина қиламан. Битта асарни бошладимми, тугатишим керак, чала қолдирмасликка одатланганман. Тунги соат икки-учгача китоб ўқиганларим, отам раҳматлининг қўлимдан китобни тортиб олиб, “Бунақада кўзингдан ажраб қоласан-ку, бола!”, деб дашном берганлари ҳали-ҳали ёдимда. Еттинчи синфда ўқийман. Адабиёт ўқитувчимиз ашаддий китобхонлигимни сезиб қолиб, газетага ўралган бир китобни қўлимга тутқазди. Очиб қарасам, Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар”и. Бош кўтармай ўқидим, лекин эрталабгача тугатолмадим. Дарсга бормадим, синф раҳбаримиз қидириб келиб қолса бўладими? У ёғини эслагим келмайди. Ўша адабиёт муаллимидан бир умр миннатдорман. Менга Қодирийнинг ким эканлигини англатди, китоб ўқишга ўргатди. Агар ўша романни яна ўқисам, янги мазмун топаман, таассуротлар янада бойийди. Асар саҳифасида гўёки илк бор ўқиган пайтдаги кайфият, хотиралар сақланиб қолгандек...
Саҳифалараро шўнғир экансиз, ўша ҳис-туйғуларни қайта бошингиздан ўтказгандек бўласиз, ҳатто сарғайган саҳифалар ҳиди ҳам димоғингизга хуш ёқади. Қадрдон кишиларингиз билан учрашгандек бўласиз, сирлашасиз, дардлашасиз.
Хуршид ДЎСТМУҲАММАД, ёзувчи:
1. ...Чиройли йигит соҳибжамол қизга совчи қўйибди. Тўйдан кейин бир неча кун ўтиб келинчак анҳор ёқасида қошига қўйган ўсмани ювиш учун сувга энгашганида хунук, алвастибашара қиз уни туртиб юборибди-да, “Мен келинчакман, мени жин чалиб кетди!” деганча дод солиб уйга кирибди. Куёв алданибди — тақдирга тан берибди. Ҳар куни бир вақтда уй ёнидан чиройли тойчоқ югургилаб ўтишга одатланибди. Алвастибашара келин шу тойчоқнинг гўштига бошқоронғи бўляпман деб зорланаверибди. Куёв тойчоқни тутиб, уни қассобга топширибди. Қассоб пичоқни чархлаётганида эшикдан фолбин кампир келиб қолибди. Кампир бир ҳовуч бодомни патнисга қўйиб, фол очишга киришибди:
Сакра, сакра, бодомим, сакра!
Сакра, сакра, бодомим, сакра!
деса бодомлар тарақа-туруқлаб патнис устида ўйинга тушиб кетибди. Йиғилганлар қарасалар, тойчоқ худди гўзал ва маъсума келинчакка ўхшаб юм-юм йиғлаётганмиш...
Онам шунга ўхшаш эртакларни ўхшатиб айтар эдилар. Ҳар сафар тинглаб ўтириб ё ухлаётиб юм-юм йиғлаётган келинчак-тойчоқ кўз олдимдан кетмасди. Унга ёрдам бергим келаверарди. Ўша болалик тасаввурим таъсирида бўлса керак, тойчоқнинг кўзи оҳуникига ўхшаш, ғилт-ғилт ёшга тўла, мунгли туюлади, назаримда.
Эртаксеварлик китобхонликка уланди. Акаларим, опаларим китобхонлик борасида кимўзар ўйнашар, айниқса опаларим китоб талашиб жанжаллашишлари оиламизда оддий ҳол эди. 60-йилларнинг ўрталарида шов-шувга сабаб бўлган “Шохидамас, баргида” (муаллифи Искандар Қаландаров) қиссасини ўқидиму акамдан: “Шу китоб менинг кутубхонамда турсин”, деб сўраб олдим. Шахсан ЎЗИМНИНГ КИТОБИМ бўлишини жуда ҳам истардим. Унга қозоқ адибининг “Ҳожимуқон” қиссаси қўшилди. Бу китоб қўлимдан тушмасди, неча қайталаб ўқидим, эслолмайман. “Барк хонимнинг қўғирчоғи”, “Қоплон дара асирлари”, “Том Сойернинг саргузаштлари”, Шерлок Холмснинг изқуварликлари... Менинг дунёқарашимга қаттиқ таъсир кўрсатган, дунёқарашимни кескин ўзгартириб юборган асарларни санасам, рўйхат ҳаддан ташқари чўзилиб кетади. Айримларини айтиб ўтсам: талабалик йилларимда “Эстетика поведения” (“Хулқ-атвор нафосати”) деган китоб қўлимга тушиб қолди. 1965 йили Москвада нашр этилган. Уни ўқиганим сайин ўзимдаги камчилик ва нуқсонларни кўра бошладим, бартараф этишга киришдим. Яқин сабоқдош дўстларни қўярда-қўймай ўша китобни ўқишга мажбурладим. Яширмайман, ҳали-ҳануз таниш-билишларнинг яшаш тарзи, рўзғор тутумлари, юриш-туриши, кийиниши, муомаласи, ҳатто дастурхон теварагида ўтиришини ўша китоб мезонларидан келиб чиқиб баҳолашга одатланиб қолганман. Айнан шундай китоблар ҳар бир ўзбек хонадонида мутолаа қилиниши тарафдориман.
2. Мен жуда қисқа муддатга — бор-йўғи уч кунга саёҳатга чиқсамгина учта китоб олиб кетишим мумкин. Биринчи КИТОБ — Қуръони каримнинг арабий нусхаси, иккинчиси — ўз асарларимдан бирортаси, учинчиси қийинроқ танлов! Япон Сэй Сёнагон хатлари, Кэнко-хосининг кундаликлари, Дэн Тонинг оқшом суҳбатлари. Зорге, Гоген, Кампанелла, Чаплин, Белинский, Толстой, Гоголь, дунёда тенги йўқ жасоратли сайёҳ Наоми Уэмура, денгиз сайёҳи, француз Ален Бомбар, ўзимизнинг жадид алломаларимиз ҳақидаги хотиралар... “Сўна”, “Жейн Эйр”, “Ой ва чақа”, “Робинзон Крузо” романлари... Ф.Достоевскийнинг “Бечора кишилар”, “Жиноят ва жазо”, “Телба”си, кундаликлари... С.Цвейг, Т.Манн, Леонид Андреев, Акутагава Рюноскэ, Ясунари Кавабата, Кобо Абэ, Франц Кафка асарлари... Маркеснинг “Бузрукнинг кузи”, А.Платоновнинг “Жон”, “Чевенгур”, “Бахтли Москваой” романлари, Чўлпон, Ойбек ва ўафур ўулом шеърлари, Темур Пўлатов ва Иброҳим ўафуров ижоди. Ҳаммасини санаш қийин, бирортасини ажратиб олиб кетиш эса ундан ҳам мушкул...
3. Болалигимда отам билан онам Аҳмад Донишнинг “Наводир ул-вақое” асари ҳақида узоқ суҳбатлашишарди. ўафур ўулом радиодан “Афанди ўлмайдиган бўлди” ҳикоясини ўқиди. Мен роса кулдим, отам ёқинқирамай: “Топган майнавозчилигини қара!” деди совуққина оҳангда. Онам ҳикоя замиридаги “нимкоса”ни англадилар. Шунда китоб ўқишга нисбатан зийрак, сезгир бўлиш зарурлигини ўргандим. Кўп ўтмай, Омон Матжоннинг “Ҳаққуш қичқириғи” тўпламидан олган таассуротларимни тўкиб солганимда, отам: “Онангдан ўрганибсан-да, ҳар жойда гапираверма!” деб енгилгина танбеҳ бергандилар. Юқори синфларда Тошкент шаҳридаги 5 та кутубхонага аъзо эдим. Чорсу бозоридаги дўкондан озмунча китоб харид қилдимми! Қани энди, уларни эслай олсам! Нима мақсадда ўқидим? Нега таассуротларимни ёзиб қўймадим? Нега болалик чоғларимдаги китобхонлик тажрибаларимни кундаликка туширмадим?
“Ёшликдан китобга меҳр уйғотиш учун нима қилмоқ керак?” деган савол мени қийнайди. “Топилган” жавобларда қониқарли ва тайинли чора кўринмайди. “Энг яхши китобхон оила”, “Энг яхши китобхон ўқувчи”, “Ёш китобхон” кўрик-танловлари ўркач-ўркач бўлиб сузиб юрган музликларни эритиш йўлидаги янгича бир уриниш бўлди. Болалар, ўрта ёшлилар, қизлар, йигитлар, ота-оналар орасида китобхонлик муҳити яратилмас экан, маънавиятни ривожлантириш хомхаёл бўлиб қолаверади. Тизимли, давомли, узлуксиз жараённинг моддий-маънавий қатламлари маромига келтирилган тақдирдагина биз истаётган соғлом оммавий китобхонлик муҳити вужудга келади.
Ёшлигидан китобхонликка ишқи тушган, ҳар қандай шароитда мутолаага вақт топадиган кишигина шу халқнинг, шу юртнинг маънавий бойлиги, топилдиғи ҳисобланади. Жамиятда шу тоифадаги кишилар муҳофаза қилиниши, қадрланмоғи лозим.
Токи қайсидир ватандошимиз қалби, шууридаги китобга нисбатан муҳаббат пировардида жамият маънавий бойлигига айлансин. Муҳими, китобнинг битмас-туганмас жозибаси, сеҳри — китобхон дунёқарашини ўзгартириш, дунёга ва одамларга бошқачароқ нуқтаи назардан қарашга ўргатишида.
КИТОБ ва МУТОЛАА бўлмаса, бу дунёда яшаб бўлармиди?! Яшаш мумкин бўлган тақдирда ҳаётнинг маъно-мазмуни, қизиғи, шукуҳи қолармиди?! Китобсиз ўтган умрлар ҳақида озмунча оғирдан-оғир гаплар айтилмаган, дейсизми?!
Асолат АҲМАДҚУЛОВА тайёрлади.