Қиз бола — бўлғуси она унинг тарбияси ҳар жиҳатдан мукаммал бўлиши зарур
“Виртуал бозор”
“Facebook”да янги намойиш: калта гулдор кўйлакли қиз, лабида сохта табассум, сочи елкаси узра ёйилган. Экраннинг пастроғига тушсангиз, янада ажойиб манзара — бу сафар қиз бир қучоқ атиргулни кўз-кўзлаб расмга тушган. Гуллар орасидан очиқ елкаси, бўйнидан кўкрагигача бўлган қисми шундоққина кўриниб турибди... Тармоқни кузатсангиз, ўзбек қизлари ўзини минг хил муқом билан “виртуал бозор”га солганини кўрасиз. Шахси ҳақидаги маълумотлар, ҳатто телефон рақами ҳам бор.
Ижтимоий тармоққа фотосуратларни жойлаш, етти ётлар билан “дўстлашиш” оддий ҳолга айланди. Статистик маълумотларга кўра, виртуал ахборот маконининг 600 миллионга яқин фаол фойдаланувчиси бўлиб, шундан 40 миллиони ўзи ҳақидаги маълумотларни ҳар куни янгилаб туради. Масалан, “facebook”ка ҳар ойда ўртача 2,5 миллионта сурат жойланар экан. Улардан қанчаси ўзбек қизларининг расми бўлса?! Энг ажабланарлиси, ижтимоий тармоқда “фаол” қиз-жувонлар ўзини кўз-кўз қилишни замонавийлик белгиси деб ўйлайди. Тармоқлар эса “фаоллик” белгиси, ҳаёти мазмунига айланган. Наҳотки, улар жонли ҳаёт, кўп асрлик миллий урф-одатларимиз, ўзбекона менталитетимиз виртуал гирдобдан устун эканини ҳис қилишмаса?..
Танбеҳ кор қилмади
Тошкент шаҳрининг юраги — Амир Темур хиёбони йилнинг ҳар фаслида сайру саёҳат учун боп гўша. Ўғлиникига меҳмонга келган самарқандлик онахон хиёбонда неваралари билан айланиб юрар экан, нигоҳи ўриндиқда бир-бирининг пинжига кириб олган йигит-қизга тушди. Куппа-кундуз куни-я, бундан ортиқ шармандалик ва беҳаёлик борми?! Виждони чидамади, ўқитувчилигига бориб, “темирни қизиғида босди”:
— Она қизим, ўтган-кетганнинг кўз ўнгида бундай ўтиришга уялмайсизми?
— Йўлингиздан қолманг, хола. Ўзингиз ҳам шу ёшда романтик бўлгансизу... — дея жавоб берди унинг ўрнига йигит.
— Тўғри, ёшликда ҳамма хаёлпараст бўлади, аммо ўзбекчиликда қиз боланинг шаъни деган гаплар бор, ўғлим.
— Нима, бир-биримизга кўнглимиз бўлса ҳам ўтиришга ҳаққимиз йўқми?..
Онахон ортиқ индамади. “Гапни гапир уққанга”. Қаерга қарамасин, қилиғи беўхшов, тор-танқис кийимларни эгнига илган қизларга кўзи тушади. Бунга наҳотки замон айбдор бўлса?
Кумушбибининг ҳаёси
«Офтоб ойимнинг шу йўсун чақириши уч-тўрт қайталаб бўлса-да, Кумуш эшитмаганга солиниб, арзимаган нарсалар билан шуғулланган бўлиб чиқа бермади. Отабекнинг юзидаги ўйчанлиққа разм қўйған сайин Офтоб ойимнинг ҳалиги шубҳаси улғая борди, куявнинг кўзини шамғалат қилиб қизининг олдиға кирди ва шивирлаб Кумушни уриша бошлади: «Эсингни едингми, қизим, эринг сани деб Тошканд деган шаҳардан келсаю, сен ким келди деб олдиға чиқмасанг. Тур, чиқиб сўраш, аразлаб кетиб қолса нима қиласан?». Офтоб ойимнинг бу кейинги сўзи чиндан ҳам Кумушни ўйлатиб қўйди: «Кетиб қолса нима қиламан?» деган жумлани кўнглидан кечирди-да, онасидан илгарироқ гўёки, айвон тоқчасидан бир нарса оладирғандек бўлиб, ўзига термулиб турған Отабекка ер остидан секингина бир кулиб боқди ва тоқчадағи кераксиз бўлған бир пиёлани олиб, яна уйга кириб кетди».
(Абдулла Қодирийнинг «Ўткан кунлар» романидан).
Бу эпизодда ўзбек халқи ҳаётининг ажралмас қисми ҳисобланган қиз бола тарбиясида устун турувчи ва қадрланувчи ҳаё-андиша тушунчасига ишора бор. Адибнинг зукколигини қарангки, Кумушбиби онасининг кўз ўнгида ёрининг олдига югуриб чиқишни эп кўрмай, у билан дийдорлашмоқни атайлаб ортга суради. Асарда ўзбек характери борича кўрсатиладики, уни қайта-қайта ўқиб чиққан қизлар, юқоридаги сингари кўнгилни хира қиладиган воқеалар “қаҳрамони”га, эҳтимол, айланмас эди.
Ўзбек хонадонида қиз бола тарбиясига доим жиддий эътибор қаратилган. Қизалоққа муносиб исм танлаш, таълим олиши, касб-ҳунар эгаллашига шарт-шароит яратиш, вояга етганда муносиб жуфтига узатиш ота-она олдидаги муҳим вазифадир. Бугунги кунда қиз бола — бўлғуси онага жамиятнинг фаол ва онгли аъзоси бўлиш, билим эгаллаш, иқтидор ва истеъдодини намоён этиш, ўз хоҳиш-иродасига кўра касб-ҳунар эгаллаш каби ҳуқуқ, эркинликлар қонунларимизда белгилаб қўйилган.
Онасидан ибрат олади
Ўсмир қизлар умумий ўрта таълим жараёнида ҳаётининг кейинги босқичлари учун таълимий, тарбиявий, руҳий-маънавий “захира” тўплайди. Яшнобод туманидаги 156-умумтаълим мактабида таълим олаётган 740 нафар ўқувчининг 356 нафари 7 ёшдан 16 ёшгача бўлган қизлар. Табиийки, турлича оилавий муҳитда ўсаётган қизларга бир хил талаб қўйилади: билим эгаллаш, дарс қолдирмаслик, жамоат ишларида фаол бўлиш, одоб-ахлоқ меъёрларига риоя қилиш. Аммо мактаб раҳбарлари турлича оилавий муҳитда улғайган қизларга тенг талаб қўйиш қийинлигини таъкидлайди.
Халқ таълими вазирлигининг 2017 йил 14 ноябрдаги 355-сонли буйруғига мувофиқ ишлаб чиқилган “Ёшлар билан ишлаш жараёнларини такомиллаштиришга хизмат қиладиган намунавий таълим муассасаси фаолиятини йўлга қўйиш бўйича тавсиялар” мактабда ижрога йўналтирилган. Унинг 5-бандида “Қизларжон” баркамол қизлар клубини ташкил қилиш белгиланган. Тўрт йўналиш — психология ва миллий қадриятлар, касбга йўналтириш ва тадбиркорликка қизиқтириш, ижод ва санъат, спорт ва соғлом турмуш тарзи бўйича тарбиявий ишлар таълим маскани ички муҳитини яхшилаётгани хусусида мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Феруза Берекеева шундай дейди:
— Ўсмир қизлар билан кенг қамровли иш олиб бориш жуда мураккаб. “Ўтиш” даврини бошдан кечираётган қизга ҳадеб танбеҳ бера олмаймиз, вазминлик билан иш тутамиз. Акс ҳолда кўнгилсиз ҳодисалар рўй бериши мумкин. “Янги давр” ва “Жарқўрғон” маҳалласининг ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан фарқланувчи оилалари қизларига бир хил талаб билан ёндашишимиз керак. Нотўлиқ, носоғлом оилада вояга етаётган айрим қизлар тарбиявий жараёнда жиддий қийинчилик туғдиради. Ёлғиз онаси билан яшайдиган 8-синф ўқувчисининг тиззадан бир қарич баланд юбкада келиши мени жуда ажаблантирди. Кўзга ўта яқин бу қиз калта юбкаси билан ҳамманинг диққат-эътиборини янада кўпроқ торта бошлагач, онасини чақириб гаплашишга мажбур бўлдим. Она “Ўзим ҳам калта кийишни яхши кўраман”, дегач, “Бунга мактабда йўл қўёлмаймиз. Майли, сизга бир ой муддат. Қизингизга тиззасини ёпиб турадиган юбка олиб беринг”, дея шарт қўйдик. Аёл тушунди, маош олиши билан қизининг кийимини янгилади. Бир куни йўлакда ўша қиз олдимдан чиқиб, “Феруза опа, қаранг, юбкам ярашибдими?” деганида хурсанд бўлдим. Агар педагог билан ота-онанинг фикри бир жойдан чиқса, тарбияда салбий ҳолат кузатилмайди. Ўқув йили бошидан бери 1—4-синфлар учун 10, 5—7-синфлар учун 8, 8—10-синфлар учун 11 марта “Ораста қизлар”, “Қизларжон” клубининг тиббий, ҳуқуқий, диний, психологик мавзудаги тадбирларини ўтказиб, ўқувчи-қизларимиз тушунчасини кенгайтирдик. Аммо педагогик жамоа ташаббуси ота-оналар томонидан қўллаб-қувватлансагина қизлар тарбияси мустаҳкам бўлади.
Сўровнома муҳим хулосани беради
Оилавий ҳаётга тайёрланаётган қиз боланинг одоб-ахлоқи, хатти-ҳаракати, маънавий оламига разм солинади. Агар унинг дунёқараши кенг бўлса, оилавий ҳаётга тез мослашади. Психологлар 17-18 ёшда қиз бола оила қуришга руҳан тайёр эмаслигини, унда ҳомиладорлик ва туғруқ жисмонан оғирроқ кечишидан ташқари, тез-тез ҳолдан тойиш, кечаси бола қарашга куч-қуввати етмаслигини таъкидлайди. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази мутахассислари ўсмир қизларнинг маънавий оламида учрайдиган бўшлиқларни аниқлаш мақсадида муайян мавзуга йўналтирилган сўровномаларни ўтказиб келмоқда. Марказ мутахассислари “Ўзбек қизларининг оилавий ҳаёт ҳақидаги тасаввурлари” мавзусидаги янги лойиҳа устида иш бошлади.
— Мактаб, коллеж, лицей ёки олий таълим масканида ўқиётган қизларда олижаноб ахлоқий фазилатлар, юксак маънавият ва кенг дунёқарашни шакллантириш, уларни оилавий ҳаётга тайёрлашда сўровнома бизга ахборот-таҳлил вазифасини ўтайди, — дейди марказ мутахассиси Замира Билолова. — Халқ таълими вазирлиги кўмагида ҳар бир вилоятдан саралаб олинган 100 (жами 1 миллион 400) нафар 10-синф ўқувчиси ушбу тадқиқотга жалб этилди. Тадқиқот натижаларини август, сентябрь ойларига бориб умумлаштирамиз. Бунга мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари бош-қош бўлади. Лойиҳа якуни бўйича “Оила психологиясида диагностика, профилактика, коррекция ва маслаҳат ишлари” номли қўлланма тайёрланади. Уч бўлимдан иборат тадқиқот ишида ўсмир қизларнинг ота-она, ака-ука, опа-сингиллари билан муносабати, оилавий ҳаёт ҳақидаги тасаввури ва ниҳоят, никоҳ жараёнига руҳий-маънавий тайёргарлик даражаси аниқланади. Сўровнома ўсмир қизлар ҳаётида учраётган бўшлиқларни аниқлаб, қайси жиҳатдан ёндашиш бўйича педагогларга кўмакчи манба бўлиши мумкин.
Ўрнакка лойиқ тажриба
Қорақалпоқ ўтови, бош кийими, аёллар либоси ва зеб-зийнатлари Қорақалпоғистондаги овул-маҳаллаларда сақланиб қолган. Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида ўқиётган 8711 нафар талабадан 4000 га яқинини хотин-қизлар ташкил этиб, уларнинг ораста, одми, меъёрий талабда кийинишига бундан анча йиллар муқаддам асос солинган. Университетда 10 та факультет бўлиб, хотин-қизлар бошланғич ташкилоти томонидан маънавий-маърифий муҳитни яхшилашга жиддий эътибор қаратилмоқда.
— Президентимизнинг жорий йил февраль ойида қабул қилинган “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонини муҳокама қилиб, вазифаларимизни аниқ белгилаб олдик, — дейди университет хотин-қизлар бошланғич ташкилоти раиси Инжайим Сейтназарова. — Ҳар ўқув йилида бир маротаба «Жамиятнинг ривожланишида хотин-қизларнинг тутган ўрни» мавзусида илмий-амалий, талаба қизлар ўртасида “Илм ғунчалари” анжуманини ўтказиш шу фармонда илгари сурилган ғояларга мос тушади. Муассасамизда талаба-қизларнинг кийиниш маданияти мураббий ва деканатлар диққат-эътиборида турибди.
Қизларнинг тор шимда, калта юбкада, очиқ-сочиқ кийимда юришига йўл қўймаймиз. Ўрнатилган тартибни бузган талаба- қизлар факультет декани, гуруҳ раҳбари, ота-оналар иштирокида тўғри йўлга солинади.
«Маданиятли кийиниш — одоблилик белгиси» мавзусидаги кўрик-танлов ҳар йили ташкил этилади. ўолиб қизлар аниқланиб, тенгдошларига намуна қилиб кўрсатилиши туфайли улар сафи йилдан-йилга ортиб бормоқда. Хотин-қизлар бошланғич ташкилоти қошида «Қизларжон», «Иқтидорли қизлар», «Зулфияхоним қизлари» клублари, «Чевар қўллар» тўгараги, «Оилада миллий қадриятларни тарғиб қилиш», саломатлик ҳамда психология марказларига жалб этилган ёшлар дунёқарашида ижобий ўзгариш сезяпмиз. Шубҳасиз, ўзини оилавий ҳаётга ҳар томонлама тайёрлаб бораётган талаба-қизларнинг никоҳдан кейинги ҳаёти мустаҳкам ва барқарор бўлмоқда.
“Энди дўппи киямиз!..”
Бувойша опа “Бу таклиф ўқувчи- қизларга маъқул келармикан? Ҳозир ҳамма замонавий кийинишни афзал кўраётган бўлса? Ўзбекнинг дўпписини фақат келинчаклар кияди ёки тадбир ўтказилсагина бошга илинади” деган ўйда “Бувижонлар мактаби”нинг навбатдаги машғулотини бошлашга иккиланиб турарди. Қизларнинг яна бир бувижони — шу мактабда кўп йиллар раҳбарлик қилган фахрий педагог Махфират Тўйчибоева қўлига дўппи олиб, машғулотни бошлади:
— Қизларим, бугун “Кийиниш маданияти” мавзусида машғулот ўтказамиз. Мактаб, коллежда ўқиётган айрим тенгдошларингизнинг тор, калта, очиқ-сочиқ кийинишига ҳавас қилманг, балки тўғри хулоса чиқаринг. Миллий либосда ҳар қандай ўзбек қизи жозибадор кўринади ва бу ён-атрофдагиларга илиқ кайфият бағишлайди. Биз — бувижонлар маслаҳатлашган ҳолда ўқувчи-қизларнинг оқ дўппи кийишини жорий қилмоқчимиз. Дўппи тагида ўрилган сочингиз батартиб туради, бу бошкийим сизни иссиқ-совуқдан, чанг-ғубордан асрайди. Таклифимизни барча оналар қўллаб-қувватлади. Бунга сиз нима дейсиз?
— Яхши бўларди.
— Дўппи кийсак, бу модага айланиб кетиши мумкин, оя.
— Ҳаммамизники бир хил бўлиши керакми?..
Хонада жонланиш, хайрихоҳлик кузатилди. Буни кутиб-кутмаган бувижонларнинг юзига табассум югурди. Ҳар бир масалага ўзбекона урф-одатлар нуқтаи назаридан ёндашаётган Учқўрғон туманидаги 4-мактабда “Бувижонлар мактаби” машғулотлари туфайли ўсмир қизлар мустақил ҳаётга ҳар томонлама муносиб тайёрланаётгани ибратга моликдир.
Ўтган ўқув йилининг 28 мартидан бошлаб бу ерда ўқиётган 137 нафар қизнинг бошида оқ дўппи пайдо бўлди. Оқ кофта, қора юбкали ўсмир қиз бир ёки икки ўримли сочи узра дўппи қўндиргани нафақат мактаб педагогик жамоаси, балки ота-оналарни ҳам мамнун этмоқда.
— Туманимизда фахрий педагоглар ташаббуси билан 2006 йилдан буён “Бувижонлар мактаби” фаолият кўрсатмоқда. 43 та умумий ўрта таълим мактабида 24908 нафар ўқувчи бўлиб, шундан 12203 нафари қизлардир. Барча мактабларда “Қизларжон” клуби 9 та сектор бўйича иш олиб бормоқда. Иш режаси тасдиқланган, ойма-ой ижроси назорат қилинмоқда. Клуб билан “Бувижонлар мактаби”нинг мақсади муштарак. “Бувижонлар мактаби”га турли соҳаларда кўп йиллар ишлаб, бой ҳаётий тажриба орттирган меҳнат фахрийларидан 103 нафарини жалб этганмиз. Улар ҳар ойнинг охирги жумасида белгиланган мавзулар бўйича ўқув ташкил этмоқда. Кейинги уч йилда “Бувижонлар мактаби” аъзолари 109 семинар, 117 очиқ машғулот ўтказди. Қизларни турмуш қуришга тайёрлашда пазандалик маҳорати,
кийиниш, муомала, мулоқот маданияти, обрў-эътиборли оилалар ибрати, ҳаё-ибо, иффат, назокат, самимийлик, камтарлик мавзусидаги суҳбатлар ўз натижасини бермоқда. Бирорта ўсмир қизнинг ножоиз хатти-ҳаракати қайд қилинган эмас. Бу ташаббусни бошқа туманлар, ҳатто бошқа вилоятларда ҳам оммалаштириш таклифи билдирилмоқда. Онаси иш билан банд бўлган ўсмир қизга бувижонлар ҳаётий сабоқ берса, бу улар тарбиясида кузатилаётган “оммавий маданият” иллатларининг бартараф этилиши учун имкон яратар эди, — дейди Учқўрғон туман халқ таълими бўлими бошланғич хотин-қизлар қўмитаси раиси Маҳбуба Зоҳидова.
Никоҳ ёшига муносабат ўзгарди
Уч-тўрт йил муқаддам қиз боланинг эрта турмушга чиқиши, ажримларнинг кўпайиши, нимжон, заиф чақалоқларнинг дунёга келиши кун тартибидаги долзарб масалага айланиб, бу ҳақда бонг урилган эди. Қизини 15–16 ёшида никоҳлаб қўяётган ота-оналарнинг қилмиши кенг жамоатчилик томонидан муҳокама қилинса ҳам уларнинг фикрини ўзгартириб бўлмасди. Бу муаммони бартараф этишга қаратилган тарғибот-ташвиқот ишлари натижасида ота-она, бува-бувиларнинг никоҳ ёшига муносабати анча ўзгарди. Аммо эрта турмушга узатиш ҳолати ҳали-ҳануз учраб туради.
Заҳро Каримова, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги масъул ходими:
— Оила кодексининг 15-моддасига кўра, қиз бола 17 ёшда турмушга чиқиши, ўғил бола 18 ёшда уйланиши мумкин. Никоҳ ёшининг мақбул варианти бўйича ҳали ҳам бир тўхтамга келингани йўқ. Бу масалада хорижий давлатлар амалиётига мурожаат қилиш, яъни никоҳ ёшини узайтириш бўйича таклиф берилмоқда. Кузатилаётган айрим нохуш ва салбий воқеалар туфайли эр-хотинлик учун никоҳ ёшининг узайтирилиши маъқул кўрилмоқда. Никоҳ тузиш ихтиёрий бўлиб, эр-хотин ўз розилигини эркин ифода этиш қобилиятига эга. Бунга мажбур қилиш қонун билан тақиқланади. 2017 йили фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш органлари томонидан эрта никоҳнинг олдини олишга қаратилган 4219 та тадбир ўтказилди. 5695 та эрта ёшдаги никоҳнинг олди олиниб, ота-оналарга бунинг сабаби тушунтирилди. Айрим ҳолларда яқин қариндошлар ўртасида тузиладиган никоҳ ҳам учраб туради. 4882 нафар шахснинг бир-бирига яқин қариндош экани аниқланиб, қайд қилинадиган никоҳ шартномаси бекор қилинди. 2018 йилнинг дастлабки чорагида рўйхатга олинган 52 026 та никоҳ орасида 17 ёшли қизлар бор-йўғи 1,5 фоизни ташкил қилмоқда. Аввалги йилларга солиштирилганда, бу рақам анча кам. Афсуски, никоҳ ёшига етмай туриб турмуш қураётган қизлар кейинчалик ўз фуқаролик ҳақ-ҳуқуқларини англайдиган даврга бориб, хато қилганини тушунади. Оилавий ҳаётнинг турли чигалликларига дуч келгач, унинг таълим олиш, касб-ҳунар эгаллаш имкониятлари чекланади.
Оналик бахтидан бебаҳра бўлмасин!
Зуваласи пишиқ, дунёқараши кенг, мустақил фикрига эга, касб-ҳунарли ёшларни кўрганда, у соғлом аёлнинг фарзанди экани кўнглимиздан ўтади. Ота-онадаги наслий белгилардан ташқари инсоний хусусиятлар ҳам болага кўчади. Онасини кўриб, қизини ол, дейилиши бежиз эмас. Турмуш қуриш арафасида турган қизнинг жисмонан соғломлиги зурриёдининг тўрт мучаси бут бўлиб дунёга келиши гаровидир.
Нилуфар Раҳимова, Тошкент шаҳридаги 51-оилавий поликлиника акушер-гинекологи:
— Баъзида қизларнинг ўта баланд пошнали пойабзал, жуда калта ва тор, очиқ-сочиқ кийимда юрганини кузатаман. Афсуски, жозибадор, мафтункор кўринаман деган қизлар ўз соғлиғига зарар етказаётганини тушунмайди. Баланд пошнали пойабзал вена томирларида қоннинг бир текис айланишига тўсқинлик қилади. Тор шим, киндик соҳасини очиб юриш репродуктив органларнинг мукаммал ривожланишига салбий таъсир кўрсатади. Аксарият қизларда бачадон гипоплазияси (ривожланишдан орқада қолиш) учрамоқда. Қоматимни чиройли кўрсатаман, деб ўйлайдиган ёш, ғўр сингилларимиз келажакда оналик бахтидан бебаҳра бўлиб қолишини билмайди. Қизларда бирламчи жинсий аъзолар етилган бўлса-да, иккиламчи белгилар ҳали ривожланиш жараёнида бўлади. 21—27 ёш оралиғида оила қурган қизларда ҳам физиологик, ҳам руҳий ҳолат нормал кечади. Оилавий поликлиникамизда “Ифтихор”, “Янгиариқ”, “Адолат” маҳаллаларида истиқомат қилувчи ўсмир қизлар ўқув йилида бир маротаба тиббий кўрикдан ўтказилади. Тахминан 10—12 фоиз қизда бачадон ва тухумдоннинг ривожланмай қолгани кузатилмоқда. Қомати, вазнини бир хил сақлайман, деган айрим қизларнинг парҳез туфайли иммун тизими заифлашиб, турли касалликларга учрашини ҳам кузатяпмиз. Бу муаммоларнинг олдини олиш мақсадида ҳар ойда икки маротаба маҳалла фаоллари, мактаб педагоглари, ота-оналар билан ҳамкорликда тиббий-маслаҳат тадбирларини ўтказмоқдамиз.
Халқимиз аёлни ардоқлайди
Аёл — она, жуфти ҳалол, опа-сингил, амма-хола, қиз ёки набира. Унинг энг муҳим бурчи ўз оиласи, фарзандлари олдидаги масъуллиги бўлиб, бу муқаддас ислом динида илгари сурилган эзгу ғоялардан биридир. Аёлга эҳтиром кўрсатиш, эъзозлаш ва авайлаш ислом таълимоти мазмунига чуқур сингдирилгани хусусида Тошкент шаҳридаги “Кулол-Қўрғон” жомеъ масжиди имом ноиби Баҳодир Муҳаммадиев шундай дейди:
— Исломдан олдинги жоҳилият араблари орасида ғайриинсоний бир одат авж олган бўлиб, улар қиз фарзанд кўрган кишини масхаралаб, таҳқирлар эдилар. Бунга узоқ ўтмишда араб қабилаларининг Нўъмон исмли подшоҳ билан зиддиятга бориши сабаб бўлган. Қабила аъзолари подшоҳ божини тўлай олмагач, ҳукмдор уларнинг ўғил-қиз, хотин-халажини асир олади. Агар улар бож тўласагина озодликка чиқиши айтилади. Бахтга қарши, подшоҳнинг ўғли билан қабила бошлиғи қизи ўртасида севги риштаси пайдо бўлиб, бу отани бениҳоя ғазаблантиради ва бундан кейин қиз фарзанд кўрса, тириклайин кўмиб ташлашга онт ичади. Жаҳолатнинг бу кўриниши авлоддан авлодга ўтиб, араб қабилалари ўртасида урчиб кетади. Ислом дини вужудга келгачгина, Қуръони карим бу одатни ман этди, аёл зотига эҳтиром, иззат-икром кўрсатди. Муқаддас китобнинг Наҳл сураси, 58-59-оятларида шу воқеа шарҳи ва изоҳи келтирилади. Қайд қилиб ўтганимиздек, ислом динида Оллоҳ таолога ибодат қилишдан кейинги ўринга қўйилган амал силаи раҳм бўлиб, уни энг яқин жигарлардан, яъни оналар, фарзандлар, опа-сингил, амма ва холалардан бошлаш афзалдир. Мутасадди идоралар томонидан оила барқарорлигини таъминлаш, опа-сингилларимиз бандлигига кўмаклашиш, ўсмир қизларни тўғри йўлга солиш бўйича кенг қамровли ишлар олиб борилаётган бўлса-да, қизлар ва аёлларнинг ўткинчи ҳавасга берилиши, ёт оқимга кириб қолиши, никоҳсиз фарзанд кўриши, оналик шаънига зид равишда ўз нуридийдасини кўча-кўй, меҳрибонлик уйига ташлаб кетишини кўрганда кишининг ғазаби қўзғайди. Баъзилари эса нопок кимсаларнинг «Охират илмини ўргатамиз» деган алдовига учиб, мутаассибликка берилиб кетаётгани кечирилмас ҳолдир. Ҳали она сути оғзидан кетмаган айрим ўсмир қизлар Оллоҳга ширк келтириб, ўз жонига қасд қилаётгани ҳам барчамизда афсус-надомат уйғотади.
“Миллий” телеканали кўрсатувларини кузатиб борган томошабин онда-сонда эфирга узатиладиган “Бувижоним ўгитлари” дастурини кўриши мумкин. Соф ўзбекона лавҳа. Таълимнинг қайсидир босқичида ўқиётган қизга бувиси қуруқ панд-насиҳат билан эмас, балки қандайдир хулоса чиқаришга ундайдиган ҳаракати орқали ибрат кўрсатади. Экрандаги тасвирни ҳаётга кўчиришнинг асло қийин жойи йўқ. Худди ўғил бола тарбиясида ота ва бобо шахсий намуна кўрсатгани каби ўсмир қизлар ҳам она ва бувиларидан ўзбекона хислатларни ўзига “кўчирса”, айни муддаодир.
Ҳулкар ТЎЙМАНОВА,
Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист