Поездга тош отманг!
Узоғимизни яқин, оғиримизни енгил қилаётган темирйўл тармоғи мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Айниқса, юқори тезликда ҳаракатланувчи замонавий йўловчи поездлари ҳамюртларимиз эҳтиёжига мос.
Афсуски, темирйўл ўтган ҳудудларда назоратсиз қолган ёшларнинг турли бебошликлар содир этаётгани дилни хира қилади. Улар йўловчи поезд вагонлари деразасига тош отиб, вагонда кетаётган йўловчига шикаст етказишдан тоймайдилар. Ёшларни тўғри йўлга бошлаши лозим бўлган, катталар бунга кўз юмишади.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 121-моддасида локомотивлар, вагонлар, дарё ва ҳаво кемалари, шунингдек, ҳамма турдаги махсус транспортларнинг ойналари ва ички жиҳозларига шикаст етказиш энг кам ойлик иш ҳақининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача жарима билан жазоланиши белгилаб қўйилган.
Жорий йилнинг ўтган даврида юқори тезликда ҳаракатланувчи “ Afrosiyob ” поездига 18 маротаба тош отиш натижасида вагон ойналари синиб тушган ёки дарз кетган. Ҳудудий ИИБ ходимларининг тезкор ва самарали ҳаракати натижасида қоидабузарлар аниқланиб, жазо чоралари кўрилди.
Қоидабузарликни бартараф этиш, олдини олиш мақсадида турли профилактик чора-тадбирлар белгиланмоқда. Ўзбекистон Республикаси транспорт прокуратураси, транспортдаги ички ишлар бошқармаси ва «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бошқармаси ходимлари темирйўлга яқин ҳудудда жойлашган маҳалла, аҳоли пункти, ўқув муассасаларида тарғибот-ташвиқот тадбирларини мунтазам ташкил этиб келишмоқда.
Фирдавс ХАЙРИДДИНОВ,
“Ўздавтемирйўлназорат” давлат инспекцияси ахборот хизмати бошлиғи