Журналистга касб одоби зарур
Аудиторияга кундалик энг долзарб хабарларни етказиб бериш баробарида, унинг холислиги ва ҳаққонийлигини таъминлаш журналистдан юқори масъулият талаб қилади. Холислик ва ҳаққонийликка қатъий риоя қилинмас экан, исталган ахборот воситасининг обрўсига путур етади. Энг муҳими, соҳа ходимлари ҳар бир мақола, кўрсатув ёки эшиттиришни тайёрлар экан, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиши керак.
Ўзбек журналистикасида касб этикаси билан боғлиқ талай муаммолар мавжуд. Муаллифнинг ҳамкасблари ижодидан кўчириши ёки ўзлаштириши, ўз имзоси билан босиб чиқариши оддий ҳолга айланиб қолди. Бу муаллифлик ҳуқуқини топташ, унга менсимай қарашдир.
ОАВ ўртасида рақобат кучаймоқда. Афсуски, кимўзарга “мусобақалашиш” ҳолати ҳам кузатилмоқда. Журналистнинг ўз суҳбатдошига оилавий муаммолари, шахсий ҳаётига оид саволлар билан мурожаат қилиш ҳоллари ҳам учрайдики, бу на ўзбекона урф-одатларимизга, на касб этикасига тўғри келади.
Ҳар бир давлат, халқнинг менталитетидан келиб чиққан ҳолда, ўз кодекслари бор. Уларда барча журналистлар учун умумий одоб нормаларидан ташқари бир-биридан фарқ қилувчи бандлар ҳам мавжуд. АҚШда радио ва телевизион ахборот дастурлари режиссёрлари ассоциацияси томонидан ишлаб чиқилган касб этикаси кодексининг қамрови кенг. Францияда (TFI) эса тележурналистлар фаолиятини тартибга солиш бўйича 18 та одоб-ахлоқ принципи ишлаб чиқилган. Бу ҳуқуқ ва бурчлар билан бирга амал қилинадиган, жамоа шартномасига киритилган принциплар тўпламидир. Шулардан баъзиларини келтириб ўтамиз:
1. Томошабинларни шокка соладиган, руҳиятига салбий таъсир кўрсатадиган лавҳалар намойиш этилишидан олдин огоҳлантириш.
2. Янгиликларда шафқатсиз ҳаракатлар бор бўлган репортажларни, кўрсатиб бўлмайдиган тасвирларни намойиш этмаслик.
3. Репортажларга болалар ва оилани ҳурмат қилган ҳолда ёндашиш.
4. Кадрларни такрор беришдан имкон даражасида чекланиш.
5. Гумондорнинг судда айби аниқланмагунча, томошабинларга уни айбдор қилиб кўрсатиб қўймаслик (айбсизлик презумпцияси).
6. Диққат марказида турган шахсларнинг яқин қариндошлари, танишларининг шахсий ҳаётига халал бериб, безовта қилмаслик.
7. Аниқ кишини, ташкилотни таниб олиш мумкин бўлган, яширин камера билан олинган кадрларни эфирга узатмаслик.
8. Мажбурлаб интервью олинган лавҳани эфирга узатмаслик ва ҳоказо.
Бу каби принциплар дунёдаги йирик телекомпанияларнинг ички низоми, шартнома мажбуриятлари сифатида ҳам белгиланган. Демократик жамиятда журналистика эркинлиги аҳолини қизиқтирган ва қийнаган масалаларни, ташкилот ёки давлатдаги ижтимоий муаммоларни кўтариб чиқа олиш билан белгиланади. Тарбияли журналист жамиятда фақатгина унинг қарашлари ва ахлоқ меъёрлари устувор эмаслигини яхши билади. Телевидение қандайдир жамият қатлами, бир партия ёки ҳаракатнинг дунёқарашини ифодаламайди. Экран фаолияти томошабин саволлари ва қизиқишларини акс эттиради.
“O‘zbekiston” телеканалининг “Учбурчак” ток-шоуси мухлислар эътиборига тушди. Кўрсатувда, асосан, жамиятимиз ижтимоий фаолиятига дахлдор масалалар, инсон қадр-қиммати, миллий урф-одатлар, оиланинг муқаддаслиги, эр-хотинлик бурчи, вазифасига оид муҳим мавзулар кўтарилаётгани яхши, албатта. Аммо бошловчиларнинг суҳбатдоши билан мулоқот чоғида одоб-ахлоқ меъёрларидан чиқиб кетиш ҳолатлари, яъни қаҳрамон шахсиятига тегиши, терговчи каби унга тинимсиз саволлар ёғдириши, суҳбатдошнинг эмин-эркин гапиришига йўл қўймаслиги кузатилади. Кўрсатув иштирокчиси, аввало, инсон. Унинг ўзи сезмайдиган нуқсонлари бордир. Аммо уни ҳадеб сўроққа тутиш, айбини юзига солавериш журналистнинг касб этикасидан четга чиқиши билан баробар.
Кўнгилочар телеканаллар сони анча кўпайди. Бу яхши, юртдошларимиз ишдан чарчаб келса, бу дастурларни кузатиб, ичакузди ҳангомалар, дилтортар қўшиқларни кўриб ва тинглаб, хордиқ чиқаришлари мумкин. Аммо ҳар бир кўрсатувни тайёрлаш ва уни томошабин ҳукмига ҳавола этишда меъёрдан чиқмаслик керак.
“Zo‘r ТV” дастурларини кузатиб бораман. Ҳар шанбада бериладиган “Борига барака” телешоусининг аудиторияси анча кенгайди. Шоунинг яқиндаги сонида бошловчининг саволини эшитиб, тўғриси, ажабландим: “Сихини қолдириб, иккита шашлик ея оласизми?”.
Кўрсатувда Бухоро вилояти Вобкент туманидан Соҳибжон исмли йигит иштирок этди. Ўйинга ўзгача руҳ беришни истаган бошловчи меҳмонга: “Яхши кўрган қизингиз борми?” деб мурожаат қилди. Оддий, жайдари ва уятчан йигит “Ҳа!” деб жавоб берди. Ўзбекона урф-одатлардан келиб чиқадиган бўлсак, бундай савол берилиши шартмиди? Бошловчи йигитга яхши кўрган қизига салом йўллаш имконини берди. Соҳибжон оқилона йўл тутди — қизга эмас, қишлоқдошларига салом йўллади. Бошловчи “Салом айтинг”, деб аввал йигитнинг қўлини кўтарди, сўнг қўлини унинг кўксига олиб борди. Англаганимиз — йигитнинг соддадиллигидан кулди...
“Яхши кўрган қизингиз борлигини айтдингиз. Нега исмини айтмадингиз?” дея йигитни қайта-қайта мулзам қилиш ўлганнинг устига тепган билан баробардир. Телебошловчининг ўзини бачкана тутишига сабаб нима?
Бундан икки ойча илгари “Менинг юртим” телеканали ходимларининг хиёбондаги ёшларни ортидан кузатиб, хатти-ҳаракатларини тасвирга тушириб намойиш этгани кўпчиликнинг эътирозига сабаб бўлган эди. Адлия вазирлиги мутасаддилари телеканал ходимларининг кўрсатув тайёрлаш мақсадида ёшларнинг ортидан кузатиб, пойлоқчилик қилиши инсон ҳуқуқларига зид экани ҳақида огоҳлантириш ҳам берди.
Мамлакатимизда ижтимоий тармоқлар фаолияти кучайиб кетди. Тезкорлик, қисқалик, ўлда-жўлда тасвир ва шу каби жиҳатларни ўзида мужассам этган бу воситадан кўпчилик фойдаланмоқда. Бу яхши. Аммо ижтимоий тармоқдаги баъзи хабарларнинг ҳақиқатга яқин эмаслиги, гоҳида инсон шаъни, қадрини таҳқирлайдиган, асосланмаган маълумотлар берилаётгани ҳам бор гап.
Телевидениеда суд-ҳуқуқ тизими, криминал воқеалар хусусида ҳам кўрсатувлар намойиш этилади. Баъзида билиб-билмай жиноят кўчасига кириб қолган кишининг жиноий ишни қандай содир этгани тафсилотлари келтирилиб, охирида судьянинг ҳукмига навбат берилади. Шунда оператор жазога маҳкум этилган кишининг юзини экранга олиб келади. Тўғри, жиноят содир этган шахс жазосини олиши лозим. Аммо уни ҳадеб таҳқирлаш, қилмишларини юзига солиш, кўрсатувни кузатиб турган миллионлаб кишилар олдида қайта-қайта мулзам қилиш қайси меъёрларга тўғри келади?
Журналист касб одобига қандай риоя қилиши керак? Бу борада меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар борми? Ўзбекистонда журналист ахлоқ кодексини ишлаб чиқиш даври келди. Тележурналистика этикасига доир кийиниш, нутқ маданияти, ҳатто кўз қарашлару овозни баланд-паст тутишда ҳам ўзига хос талаб ва шартлар бор. Бугун соқол қўйган бошловчилар, “дресс-код”га амал қилмайдиган журналистлар пайдо бўлмоқда. Бу олифталикми ёки урфми?
Ривожланган давлатларда журналист этикаси, ахлоқ қоидаларига оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилган. Бу тажрибани юртимизда ҳам татбиқ этиш заруратга айланмоқда.
Юсуф ҲАМДАМОВ,
ЎзМУ журналистика факультети доценти, филология фанлари номзоди