Зиё улашганга не етсин
Андижон вилояти ҳокими ташаббуси билан аҳоли ўртасида китобхонлик маданиятини ошириш борасида олиб борилаётган ишлар, саъй-ҳаракатлар шаҳар ва туманларда юз кўрсатмоқда. Бугунги кунда аҳоли гавжум жойлар, корхона ва ташкилотлар бинолари олдида 117 та ана шундай зиё маскани фаолият бошлади. Улар бадиий, тарихий, ижтимоий-сиёсий ва бошқа мавзудаги 7 минг 823 та адабиёт билан тўлдирилди.
Андижон шаҳри, Бўз, Избоскан туманлари ҳокимликлари, таълим муассасалари, соғлиқни сақлаш бошқармаси, Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси, “Автотеххизмат”, “Агрокимёҳимоя”, “Андижон электр тармоқлари” АЖ, Марказий банкнинг вилоят бошқармаси ҳамда “Қишлоққурилишбанк” АТБ вилоят филиали бинолари ёнида китоб ўқиётган, мутолаа завқини бир-бирига улашаётган каттаю кичикни кўриб, шу тарафга қараб юрганингизни, сиз ҳам қўлингизга китоб олиб, беихтиёр саҳифаларга шўнғиб кетганингизни пайқамай қоласиз.
Донолардан бири “Китобни ёқишдан ҳам оғирроқ жиноят бор. Бу уни ўқимасликдир”, деган эди. Китоб — бебаҳо бойлик. Уни асраш, бошқаларни ҳам баҳраманд қилиш энг яхши фазилатдир.
Катта авлод вакиллари юриш-туришда, ички маданиятда ўзига хос тартиб-таомилларга риоя қилиб келган. Бировдан нарса олса, ўз пайтида қайтариб топширишни-ку қўя туринг, кимдандир ёки кутубхонадан китоб олиб, ўз вақтида қайтармаслик ҳақида гап бўлиши мумкин эмас эди.
Худди шундай ички тартибни янги китоб жавонларидан фойдаланишда муомалага киритиш шарт. Яъни китобни олдикми, ўқиб бўлдикми, албатта, қайтариш ҳам қарз эканини унутмайлик. Бу — илм хазинасига, ўзимизга ва ўзгаларга ҳурмат демакдир. Мана шундай тартиб-таомилларни йўлга қўйиш қўлимиздан келади.
Орифжон СИДДИҚОВ