Қизилсувда таралган тарона
оромгоҳ болаларига бир олам шодлик улашди
Бўстонлиқ туманидаги Қизилсув қишлоғининг соя-салқин ва мафтункор табиати ёз фаслида юртдошларимизни ўзига чорлайди. Ушбу қишлоқда «Меҳрибонлик» болалар соғломлаштириш оромгоҳида дам олаётган ўқувчилар ҳар йили худди шундай имкониятга эга бўладилар.
Оромгоҳда дам олаётган ўғил-қизларни пурвиқор тоғлар, ўт-ўланларга тўла далаю даштлар, «Чорвоқ» сув омборидан таралаётган салқин ҳаво ўзига оҳанрабодек тортаётган бўлса, не ажаб? Бундай манзарадан баҳраманд бўлган бола бепоён юртини, унинг табиатини севиб қолади. Оромгоҳ тарбияланувчилари режа бўйича турли тўгарак машғулотлари, интеллектуал беллашув ва спорт мусобақаларида иштирок этишади.
Давлат ва жамоат ташкилотлари ҳомийлигида уюштирилаётган хайрия тадбирлари эса болажонларга бир олам шодлик улашмоқда. Халқ таълими вазирлиги, Компьютер ва ахборот технологияларини ривожлантириш ва жорий этиш ҳамда «Ziyonet» ресурс марказлари ҳамкорлигида ўтказилган навбатдаги тадбирда таниқли санъаткорлару шоир-ёзувчилар ва журналистлар иштирок этди.
Оромгоҳ 277 ўринли бўлиб 200 кишига мўлжалланган ошxона, маънавият ва маърифат зали, тиббиёт бўлими, спорт майдончалари, чўмилиш ҳавзаси, ёзги амфитеатр, турли тўгарак ва компьютер синфлари болажонлар ихтиёрида. Ўқувчиларнинг тафаккур оламини бойитиш мақсадида Республика болалар ҳамда илмий-педагогик кутубхоналари фондидан 5000 дан ортиқ китоб, болалар учун мўлжалланган газета ва журналлар оромгоҳга келтирилди. Мавсум давомида болаларнинг қизиқиши бўйича бадиий, техник-ижодиёт, ўлкашунослик ва экология йўналишидаги 6та ҳамда инглиз тили ва компьютер саводхонлиги бўйича жами 8та тўгарак фаолият кўрсатмоқда. «Баркамол авлод» марказларининг малакали мутахассислари вақти-вақти билан келиб, тўгарак машғулотларини мазмунли ташкил этиш юзасидан услубий кўмак беришмоқда.
— Ёзги таътил давомида Андижон, Тошкент, Сирдарё, Самарқанд, Навоий, Бухоро, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳридаги меҳрибонлик уйларининг 1040 нафар тарбияланувчисини соғломлаштириш режалаштирилган, — дейди оромгоҳ раҳбари Ориф Турдиев. — Ўқувчиларнинг ҳар бир кунини мазмунли ва мароқли ўтказиш учун малакали тарбиячилар астойдил ҳаракат қилмоқда. Вазирлик ва бошқа ҳомий ташкилотлар томонидан ташкил қилинаётган кўнгилочар дастурлар болажонларга манзур бўлаётир.
— Аввалги йил «Бойчечак» оромгоҳида ҳордиқ чиқаргандим, — дейди Самарқанд шаҳридаги 10-меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси Пиримқул Тожибоев. — Бу гал Қизилсув қишлоғига келиш насиб этди. Ўлкашунослик ва экология машғулотларида тоққа чиқиб, ўсимлик ва ҳайвонот олами билан танишиш менга жуда ёқди. «Чорвоқ» сув омборининг мавжланиб турган тўлқинлари бизни гўёки сеҳрлаб қўйгандек бўлди.
Борлиққа шом чўкди. Кун бўйи она заминга нурларини таратган бобоқуёш секингина ўз «ётоғи»га бекинди. Қизилсув қишлоғи кечки пайт анча салқин бўлар экан. Бу салқинлик оромгоҳ бўйлаб таралаётган таронага қийқиришиб рақсга тушаётган болажонларга ёқиб тушди. Чунки улар ҳар доим кун мобайнида фаол ҳаракатда бўлиб, кеч тушиши билан худди шундай концерт дастурида яйрайдилар.
Ҳасан МЎМИНОВ,
“Ma’rifat” мухбири