Оқми ёки қора
Бугун кўпчилик кунини нонушта билан эмас, балки у ёки бу ижтимоий тармоқдаги шахсий саҳифасини кўздан кечиришдан бошлайди. Ер куррасининг қарийб 70 фоиз аҳолиси бирор ижтимоий тармоққа аъзо. Айримлари ҳатто бир вақтнинг ўзида бир нечта тармоқда рўйхатдан ўтган. Статистик маълумотларга кўра, дунё ёшларининг 96 фоизи ижтимоий тармоқлар воситасида ўзаро мулоқотга киришар экан. Афсуски, ҳозирги пайтда баъзи ёшларнинг оммавий тармоқларга муккасидан кетиб, ўз вақтини беҳуда сарфлаши кузатиляпти. “Ўргимчак тўри”га илинган айрим йигит-қизларнинг ўқиш ва ишга муносабати ўзгариб, ҳаётга бефарқлиги кучайиб бораётгани айни ҳақиқат. Интернетни бежиз ўргимчак тўрига ўхшатишмаган. Тармоқ домига бир марта тушган одам, бу “гирдоб”дан чиқиши қийин. Муаммонинг ижтимоийлиги ҳам ана шунда.
Сўнгги пайтда интернетнинг ёшлар аудиториясига қандай таъсир кўрсатаётгани кўп муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Кўпчилик унинг фақат салбий томони хусусида фикр билдиради. Бу табиий. Негаки, интернет манбаларининг ҳаммаси ҳам мукаммал эмас. Оддий электрон адабиётларга, вики-справочникларга ҳали-ҳамон шубҳа билан қараш кайфияти бор. Ёшлар интернетга ишониб, жиддий китобларни ўқимай қўйишди, уларнинг билими саёзлашиб кетмоқда, деб жон куйдираётган педагогларни яхши тушунамиз. Ота-оналар эса фарзандининг кўп вақти ўғирланаётганидан хавотирда.
Шу боис бу масалада ёшларнинг фикрини бевосита сўровнома орқали ўрганишга ҳаракат қилдик. Хўш, улар интернетни зарарли деб биладими ёки фойдали? Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультети 2-босқич талабаларидан турли хил жавобларни олдик. Респондентлар интернетнинг бир пайтнинг ўзида ҳам ижобий, ҳам салбий томонларини қайд этишди. Талабалар фикрига кўра, “ўргимчак тўри”нинг ижобий томонлари шуки, тезкор хабарлардан баҳраманд бўлиш, дарс ва семинарга тайёргарлик кўриш, фанлар бўйича қизиқтирган барча саволларга жавоб топиш мумкин. Интерфаолликнинг мавжудлиги, турли соҳаларга оид фойдали маълумотлар, дарсликлар, адабиётлар, электрон китоблар борлиги, дўстлар учун қулай ва арзон коммуникация воситаси эканлиги, унинг ёрдамида кундалик ишларга кетадиган ортиқча вақтни тежаш, севимли теледастур, кинофильм ва концертларни маъқул пайтда томоша қилиш мумкин ва ҳоказо.
Интернетнинг салбий жиҳатлари ҳақида қуйидаги фикрлар билдирилган: ёлғон хабарлар кўп, маълумотларнинг нотўғри ёки ҳаққонийлигини аниқлаш қийин, ахборот спекуляцияси, ўзаро мулоқот нормалари қўпол равишда бузилади. Қолдирилган баъзи ноўрин постларни ўчириб бўлмайди. ўаразли кучлар интернетдан тарғибот майдони сифатида фойдаланади. Хакерлик хуружлари сабаб шахсий маълумотлар ўғирланади. Вирус ва бошқа техник таҳдидлар мавжуд.
Ёшлар интернетнинг бир-бирига қарама-қарши бўлган икки жиҳатини, яъни унинг “оқ ва қора томони”ни тўғри идрок этаётганидан мамнун бўлдик. Глобал тармоқдан самарали фойдаланиш, унда ёшлар аудиториясига мос миллий сегментни янада кенгайтириш, улар учун билим ва профессионал кўникмаларни бойитиш даври келди.
Беруний АЛИМОВ, тадқиқотчи