«Менинг биринчи ўқитувчим!»
Бахтиёр КАРИМОВ, Ўзбекистон Республикаси халқ ўқитувчиси:
— Шайхонтоҳур тумани, Оқлон маҳалласидаги 141-мактабнинг собиқ ўқувчисиман. Зиёли оилада туғилганим учун мактабга саводим чиқиб, қадам қўйганман. Таълим масканида меҳри дарё, бола қалбини худди ойнадагидек кўра оладиган тажрибали педагоглар кўп эди. Шулардан бири — Инобат опа Исроилованинг “қўлига” тушдим. Бўй-басти келишган, юзларига эндигина ажин қўна бошлаган опанинг мулойим чеҳраси ҳамон кўз ўнгимда.
Қиш. Синфхоналар яхши исимайди. Қишки кийимимизга ўраниб ўтирамиз. Ўшанда перо ўрнатиладиган ручка ишлатардик. Азбаройи совуқлигидан ручка ботириладиган сиёҳдонда сиёҳ қотиб қоларди. Инобат опа аввал қўллари орасига қўлчаларимизни солиб, “уф-уф”лаб иситади. Сиёҳ ҳам муаллиманинг тафти билан эрийди. Сўнгра муаллима ҳали қўли қоғоз-қаламга унча келишолмаган болаларнинг қўлидан тутиб, биргаликда ёзарди...
Бошланғич синфда — биринчи муаллимадан олган уч йиллик сабоғим менга бир умрлик пойдевор бўлди. Математик Файзулла Зикриллаев, физик Усмон Орифжонов, кимёгар Абдужалил Фаёзов каби устозлар мендаги ўша пойдеворни яна ҳам мустаҳкамлашди.