Она тилингни авайла, болам
Ассалому алайкум, азиз болажон, миллатимиз эртаси! Сени миллат ҳаётида алоҳида ўрин тутувчи Тил байрами билан қутлайман. Ўйлайманки, сен, аввало, тилимизнинг сиру синоатини, илму маърифатини пухта ўзлаштириб, яна ўзга тилларни ҳам мукаммал билишга интиласан. Она тилимизнинг қадру қимматини оширишингдан умидворман.
Буюк адиб Чингиз Айтматов айтганидек, она тилига муҳаббат гўдакликдан она сути ва она алласи билан сингади. Демак, сен йўргакданоқ тилимиз меҳрини туйгансан. Оҳанглари билан ором олгансан. Шу оҳангни тинглаб тонг оттиргансан. Илк сўзларинг ҳам шу тилда янграган: она, ота, нон (сенинг тилингда ойи ёки ая, дада). Кейинчалик дунёни шу сўзлар ёрдамида англай бошлагансан: Ватан, олам, муаллим. Қалбинг¬ни қувонтирган ҳодисаларни ёки кўнглингга етган озорларни баён этишга сўз ахтаргансан. Сўзга умид боғлагансан. Ҳайратни ҳам, ғайратни ҳам сўздан топгансан. Ўзинг билиб-билмай ҳар куни, ҳар дақиқа ва ҳар лаҳзангни сўз билан ўтказгансан. Билсанг, шу вақтгача топган камолинг сўзнинг ортидан. Бундан-да юксакроғига эришмоқ истасанг, сўзни юрагингга жо қил. Бизга ўргатишганидек, сўзни мисоли парини севгандек сев. Шунда сенга жон қадар яқин, ҳамдаму ҳамнафас сўзнинг тафтини ҳис қиласан. Тилни унутсанг, уни англамасанг, ўзинг-да унутиласан. Тилсиз ўзингни, ўзлигингни асло тополмайсан. Ҳамма нарсага эришсанг ҳам, ичингда бир ғариблик, кемтиклик туясан. Ахир, у сенга она мисоли азиз. Уни йўқотиш жуда оғир. Бу азобни туймаслик учун она тилингни доим сев, ардоқла, ҳимоя қил ва юксалтир.
Сўзим охирида бир шоирнинг ушбу мисраларини сенга илиндим, уларни дилингга жо қил: “Боболарим форсийда шеър битмиш, нечукким, туркийнинг ўзи шеър. Туркий тилимни ўз паноҳингда асрагин, Ё Раб!”.
Насиба БОЗОРОВА, ТДЮУ ўқитувчиси