Ижод дарди
Ёзувчи Назар Эшонқул билан суҳбат
— “Мендан “мен”гача” деб аталувчи китобингиздаги адабий-эстетик қарашларингизда бадиий асарда ижодкор шахси ва ёзувчи “мен”ининг намоён бўлиши масаласига катта эътибор бергансиз. Ҳатто айтиш мумкинки, ҳал қилувчи аҳамиятга эга масала сифатида қарайсиз. Айтинг-чи, ўз асарларингизда ёзувчи “мен”ининг намоён бўлишини қандай усуллар, воситалар асосида ифодалагансиз?
— Ёзганларимнинг ҳаммасида қаҳрамон муайян даражада ўзимман. Барча ёзган ва ёзадиган ёзилмишларимда фақат ўзимни таҳлил қиламан, текшираман, муҳокама қиламан, тасаввурларим изидан эргашаман. Аммо бу ҳолатни автобиографик талқин қилиш ва тушуниш кулгидан бошқа нарса уйғотмайди. Муаллиф ёзганлари — одам ва олам ҳақидаги хулосалари, фикрлари, тасаввури, тахайюли ва энг асосийси, одам ва олам ҳақидаги изтироблари, дарди маҳсули. Агар асардаги дард бошқаларга ҳам таъсир этса, улар ҳам бу оғриқлар ичида ўзини кўрса, демак, муаллиф мақсадига эришган бўлади.
— Ёзишга ундайдиган, ёзилмишларни ҳаётий эҳтиёжга айлантирадиган куч нимада деб ўйлайсиз?
— Ижод илоҳиятни, олам ва одам уйғунлигини, яхлитлигини англаш ва унга интилишдан туғилади. Бу англаш гоҳида дард, гоҳида шайдолик, гоҳида тақлид, интилиш, соғиниш, қўмсаш шаклида намоён бўлади. Қай шаклда намоён бўлмасин, чинакам санъат асари, чинакам ижод намунаси инсонни Яратганга — олам ва одам яхлитлигига, одам ва олам бирлашган ва кейин ажрашган нуқтага бошлаб бораверади. Ижод йўли — Яратганни ҳис этиш ва унга интилиш, унинг йўлига маёқ ёқиш йўлидир. Бу фикримнинг динлар тавсия қилган ибодатга алоқаси йўқ. Ижод илоҳиятни ботинан ҳис этиш ва ўзи ҳис қилганларни бош¬қаларга ҳам айтиш эҳтиёжидир.
— Илҳом ижодкор қалбини ўртаётган нидо, дардни юзага чиқарувчи, ўзлигини намоён этувчи, ижодий завқ, тасалли берувчи ғайришуурий қувватдир. У ижодий жараёнда турли кўринишларда намоён бўлади. Илҳом онларида ҳар бир ижодкор турфа руҳий ҳолатни, жазбани бошдан кечиради. Шоир Абдулла Шер ўзининг ижод ва ижодий жараён ҳақидаги кузатишларида жаҳон адабиётининг кўплаб ижодкорлари ҳаётидан мисоллар келтириб, бу жараённинг ўзига хослигини кўрсатади. Жумладан, адибнинг ёзишича, мусиқий ғоя¬лар Моцартга худди туш каби беихтиёр келган, Ҳофманн ижод пайти қандайдир четдаги сирли одамнинг айтганларини қилган, Гёте кўпгина шеърларини телбакезак (лунатик) ҳолатида яратган...
Адабий-эстетик қарашларингизда бадиий асар яратилишида, ёзувчи истеъдоди ва илҳоми масаласига эътибор қаратиб, адабиётни истеъдодлар яратади, деган талқинни илгари сурасиз. Айтинг-чи, истеъдоднинг белгилари, намоён бўлиш усуллари қандай? Илҳом ҳақида фикрингиз.
— Илҳом — интуиция, савқи табиий. Илҳомни мен ижодкорнинг учинчи кўзи, деган бўлардим. Афсуски, бу кўз ўзи истаган пайтда очилади ва соҳибига бошқалар кўрмаган дунёни, изтиробни, дардни, гўзалликни “лип” этиб кўрсатади. Бўлди, ижодкор кейинчалик асар шаклида намоён бўладиган ана шу “лип” этиб кўринган дунёга, маънога, шаклга, жимжимага асир бўлиб қолади ва ўзининг билими, тажрибаси, салоҳиятига “миниб”, унинг изидан қувади.
Ижодий эҳтиёж идишни сувга тўлдиришга ўхшайди. Агар идиш тўлмаса, ундан ташқарига ҳеч нарса “оқиб” чиқмайди. Идиш нима билан тўлса, ижодкор ўша нарсага таяниб ижод қилади. Сиз “мавзу”, “асар ғояси” деб атаётган ҳолат, бу — дастлабки жараён. Бу — ҳали асар эмас. Мавзу ёки ғоя туғилгандан кейин энг машаққатли ва оғриқли палла бошланади.
Менда аксарият ҳолда маъно шакли билан бирга туғилади. Аммо бу ҳали шунчаки “хамиртуруш”. Асарга айлангунча у ижодкорни нақ телбага айлантиради, уни дард, изтироб, минг бир машаққатнинг йўлидан етаклаб ўтади. “Хамиртуруш” ўзингиз истаган асарга айланмаган ҳо¬латлар ҳам кўп бўлади. Менда “Гўрўғли” романи шундай бўлди.
Асар ёзишда онг ҳам, тасаввур ҳам, билим ҳам, ҳиссиёт ва кечинмалар ҳам, кўтарилган масаланинг дарди ҳам, ҳаётий ҳақиқат ҳам — ҳаммаси ўз мувозанатини сақлаши керак. Қайсисидир кам ёки кўп иштирок этса, асарда дарров билинади. Онг бирламчи ўринга чиқиб олса асар бошқотирмага, тасаввур устунлик қилса фантастикага, кечинмалар устунлик қилса сентименталликка, ҳаётий залвор устунлик қилса натуралликка қараб оғиб кетади. Дард, тасаввур, билим, ҳиссиёт, ҳақиқат, онг — бу асарнинг қанотларидир. Буларнинг мувозанатисиз асар ижодий “парвоз” қилолмайди.
— Асарларингизда воқелик ва инсон кечинмалари кўпроқ рамзий ва мажозий воситалар, турли ранглар, суратлар, манзара ва оҳанглар, халқ оғзаки ижодига хос бўлган турфа мотивлар, асотир ва ривоятлар орқали ифодаланади. Айтинг-чи, ҳаёт ҳақиқати бадиий ҳақиқатнинг асосини ташкил этади, деб ҳисоблайсизми? Дастлабки қиссангизни (“Уруш одамлари”) реалистик усулда битиб, кейинчалик бошқа ифода усулларига ўтишингизнинг боиси нима? Ёки реализм инсон ботиний оламини тўла акс эттиролмайдими?
— Ҳаёт ҳақиқати билан реалистик услуб тушунчалари бошқа-бошқа нарса. Дунё адабиёти шундан дарак берадики, фантасмагорик усулда ҳам ҳаёт ҳақиқатини реалистик услубга қараганда чуқурроқ, реалроқ, таъсирлироқ, жозибалироқ тасвирлаш мумкин. Фантастик, ироник, романтик услублар ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин. Кафканинг мифологик-истеҳзо усулида ёзган асарлари ҳаёт ҳақиқатини шу даражада чуқур таҳлил қилдики, ҳали бирорта реалистик услуб бу муваффақиятга эришолмаган. Ҳаёт ҳақиқати бадиий ҳақиқатнинг, умуман, ижодий ҳақиқатнинг асосини ташкил этади. Ижод айнан ҳаётий ҳақиқатни бадиий ҳақиқатга айлантирсагина ўз вазифасини бажарган бўлади. Ҳали бирорта ижод намунаси йўқки, у фақат хаёл ҳақиқатига таяниб ёзилган бўлса. Ўта фантастик асарларнинг асосида ҳаё¬тий ҳақиқат, ҳаётий мантиқ устун. Шундай экан, ҳаётий ҳақиқатни бадиий ҳақиқатга қарши қўйиш керак эмас.
Адабиёт ҳаётий ҳақиқат қай даражада бадиий ҳақиқатга айлангани билан қадрлидир.
“Уруш одамлари” менинг дастлабки қиссам эди. Қисса мен тушунган ва ўша пайти қўлимдан келган реалистик ёндашув билан битилган. Кейинчалик мен ҳаёт ҳақиқатини бошқа шаклларда, бошқача усулда ҳам чуқурроқ акс эттириш мумкинлигини ўзимда синаб кўрмоқчи бўлдим. Агар бу борада бирор муваффақиятга эришган бўлсам, бу менинг ютуғим, агар эришмаган бўлсам ҳам “Уруш одамлари”даги услубни давом эттирмаганимдан афсуcланмайман.
Мен ҳар бир ёзувчи, гарчи муваффақиятсизлик билан тугаса-да, миллий адабиёт учун янги ифода усулларини, янги йўлларни, янги йўналишларни синаб кўриши керак, деб ҳисоблайман.
Адибнинг ўзидан олдинги ёзувчилар қамровида қолиб кетиши — унинг адабиётга ҳеч қандай улуш қўшмаганидан дарак беради.
Феруза БУРҲОНОВА суҳбатлашди.