Халқимизнинг буюк фарзандига эҳтиром
Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуасида Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти таваллудининг 80 йиллигига бағишлаб “Ислом Каримов – Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти” мавзуида учрашув бўлиб ўтди.
Илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси томонидан Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фонди ва Республика Маънавият ва маърифат маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда таниқли олим ва мутахассислар, касб-ҳунар таълими тизими ўқитувчи ва ўқувчилари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг рафиқаси Т.Каримова, Илмий-маърифий ёдгорлик мажмуаси раҳбари Т.Ширинов, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбарининг биринчи ўринбосари М.Қуронов ва бошқалар Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 27 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида”ги қарори халқимизнинг буюк фарзанди, мустақиллигимиз асосчиси Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг хотирасига юксак эҳтиромнинг яққол намунаси эканини таъкидлаб, қарор ижросини таъминлаш юзасидан мамлакатимизда изчил ишлар амалга оширилаётганини қайд этди.
Буюк давлат ва сиёсат арбоби, халқимизнинг азиз фарзанди Ислом Каримов бутун фаолиятини, ҳаётини Ватанимизнинг озодлиги, тинчлик-осойишталиги, халқимизнинг бахтли ва фаровон ҳаёт кечириши учун бахшида қилди. Тарихан қисқа даврда Ўзбекистон илгариги иқтисодиёти бирёқлама ривожланган, пахта яккаҳокимлиги ҳалокатли тус олиб, аҳолининг ҳаёт даражаси ғоят ачинарли аҳволга тушиб қолган қолоқ республикадан тез ва барқарор суръатлар билан тараққий этиб бораётган, жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллаган, қудратли давлатга айланиши, мустақиллик йилларида халқимиз улкан ютуқ ва марраларга эришиши – буларнинг барчаси Биринчи Президентимиз номи ва фаолияти билан узвий боғлиқ.
Бундай инсоннинг хотирасига ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш ҳам шараф, ҳам фарздир. Зеро, Ватанимиз, халқимизга бутун борлиғини бахшида қилиб, фидойилик кўрсатиб яшаган Биринчи Президентимиз Ислом Каримовнинг ибратли ҳаёти ва фаолияти мамлакатимиз ёшларини ватанпарварлик руҳида, мустақилликка садоқатли қилиб тарбиялашга хизмат қилади.
– Биринчи Президентимиз Ислом Каримов биз, ёшларни яхши кўрар, келажагимиз эгалари, дея юксак ишонч билдириб, иқтидор ва салоҳиятимизни юзага чиқариш учун ҳеч нарсани аямас эди, – дейди Тошкент давлат иқтисодиёт университети талабаси, Ислом Каримов номидаги Давлат стипендияси соҳиби Шоҳжаҳон Юсупов. – Бугун бу борадаги ишлар Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан янги, юксак босқичга кўтарилди. Ана шундай эътибор ва ғамхўрликка муносиб бўлиш, бор куч ва салоҳиятимизни Ватанимиз тараққиёти йўлида сафарбар этиш фарзандлик бурчимиздир.
Тадбирда “Ўзбекистон мустақиллигининг асосчиси” номли ҳужжатли фильм намойиш этилди.
Тадбир иштирокчилари Ислом Каримов ҳайкали пойига гуллар қўйиб, мамлакатимиз Биринчи Президенти хотирасига ҳурмат бажо келтирди.
Б.АЙТМУРОДОВ,
ЎзА мухбири