Ихтирочи ёшлар аниқланди
“Баркамол авлод” республика болалар техник ижодиёт марказида Мустақиллигимизнинг 24 йиллигига бағишлаб ўқувчилар ўртасида “Ижодим — Ватанга муҳаббатим” шиори остида “Йилнинг энг ёш ихтирочиси” республика кўрик-танловининг якуний босқичи бўлиб ўтди.
Уч йўналишда ташкил этилган танловда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоят “Баркамол авлод” болалар марказларининг иқтидорли ўқувчилари техник ижодкорлик бўйича тайёрлаб келган ўз ижодий ишларини намойиш этишди.
Махсус хоналарга жойлаштирилган табиатан яратувчиликка мойил ука-сингилларимизнинг ижод намуналари чиндан-да ҳайратомуз. “Бошланғич техник моделлаштириш” йўналишида 7 ёшдан 10 ёшгача бўлган ўқувчилар қоғоз ва картондан аппликация усулида ясаган турли хилдаги техник моделлари билан қатнашмоқда. Макетларнинг бирини олиб, бирини қўямиз. Қўқон шаҳар “Баркамол авлод” болалар ижодиёт маркази аъзоси, 3-синф ўқувчиси Ахёбек Акбаралиевнинг сап-сариқ қоғоздан ясаган она товуқ ва жўжалар макети барчанинг эътиборини тортган бўлса, Чиноз туманидаги 2-мактабнинг 4-синф ўқувчиси Дилноза Тўраеванинг рангли қоғоздан ясаган товус макети ҳакамлар ҳайъати аъзоларини ҳам қизиқтириб қўйди.
— Танловда “Обод хонадон” деб номлаган ижодий ишим билан қатнашяпман, — дейди гулистонлик 8 ёшли Самандар Давронов. — Бўшаган қутидан уйча ясаш менга қийинчилик туғдирмади. Ҳовлидаги гул ва дарахтларни ясашга опам ёрдам берди. Уларни ҳақиқий дала гуллари ва майсалардан тайёрладик.
Танловнинг “Робототехника ва электрон ўйинчоқлар” йўналишида ҳам 11 ёшдан 13 ёшгача бўлган ўқувчилар ўзлари ясаган робот ва электрон ўйинчоқлар макетини тақдим этишди.
— Мен “Қуёш батареяси билан ишлайдиган техника” моделини ясаб келдим, — дейди ҳозиргина ўз ишини ҳимоя қилиб чиққан Навоий шаҳридаги 1-мактабнинг 6-синф ўқувчиси Фаёз Курашев. — Бу модель асосида ҳақиқий машина яратилса, фермер хўжаликларининг иши осонлашади.
Танловнинг “Ёш конструктор ва ихтирочи” йўналишида 14 ёшдан 16 ёшгача бўлган ўқувчилар авто, ракетамодель, кемасозлик макет ва моделлари бўйича яратган ихтиролари билан қатнашдилар. Бир-биридан бежирим бу лойиҳаларни кузатган киши юртимизда ихтирочиликка мойил ёшлар кўплигидан хурсанд бўлади.
Танлов якунида ғолиб ва совриндорлар аниқланди. Ғолибларга Халқ таълими вазирлигининг 1, 2, 3-даражали дипломлари ва қимматбаҳо совғалари топширилди. Шунингдек, “Энг ёш иштирокчи”, “Энг намунали ёш модель эгаси” ва “Энг иқтидорли ижодкор ихтирочи” номинациялари ғолиблари ҳам тақдирланди.
Райҳона ХЎЖАЕВА,
“Ma’rifat” мухбири