Имконияти чекланганларга меҳр беринг!
Бекатда тўхтаган автобусга ўсмир ёшдаги қизини етаклаган аёл чиқди. Бир қарашда қизнинг жисмоний ҳамда ақлий имкониятлари чекланганлигини сезиш қийин эмасди. У бўш ўриндиққа жойлашиши билан уйқуга кетди. Буни кўрган онаси уни ҳамёни билан туртди. Кўзини очишни истамаган қиз аввалига чўчиб тушди, лекин яна пинакка кетди. Она баттар ғазабланиб, нуқул қизини уйғотиш ва дўқ уриш билан банд эди.
Ёши каттароқ бир онахон аёлга танбеҳ берди:
— Аҳволини кўряпсиз-ку? Нима қиласиз бечорани қийнаб?
Бу дакки дарғазаб онани баттар тутақтирди:
— Бола меники, хоҳласам туртаман, хоҳласам ураман. Сизга нима?
"Ҳурматли она! Бола дарди, ғам ташвишлари, парвариши билан сизники, беғуборлигию нуқсони билан сизники. Уни жамиятга қўшиш, ҳаётга тайёрлаш ҳам сизнинг зиммангизда эмасми?!" Шундай фикрлар хаёлимда ғужғон ўйнаётганида она-бола бақир-чақир қилиб автобусдан тушиб қолишди. Мен эса гувоҳи бўлганим — шафқатсизлик, бемеҳрлик ҳақида ўйлай кетдим. Ичимда эса шўрлик қизга сабр ва шифо, аёлга эса инсоф сўраб қолавердим.
Имконияти чекланган, ногирон шахсларни кўча-кўйда кўриб қолсак, беихтиёр ўзимизни четга тортамиз. Худди уларнинг бирор касали бизга юқиб қоладигандек. Уларнинг ҳам ҳамма қатори яшашга, жамиятнинг фаол аъзоси бўлишга ҳаққи борми? Шундай ёшлардан бирининг сўзига қулоқ тутамиз.
Жавлон Раҳмонбердиев, 12 ёш:
— Беш ёшимда юролмай қолганман. Йиллар ўтиши билан мушакларим кучсизланиб, ҳатто нафас олишга ҳам қийналардим. Кундан-кун бош¬қалардан фарқим сезилиб, ажралиб қолаётганим учун мени ҳеч ким яхши кўрмайди, ҳеч кимга керак эмасман деган ўй тинчлик бермасди. Ота-онамнинг эзилиши, ҳар дақиқа мен учун ташвиш чекишини кўриб, баттар сиқилардим. Кейинчалик расм чизишни ўргандим. Танамни чиниқтириш, ҳаракатларимни жонлантиришга ёрдам берадиган машқларни ўзлаштирдим. Ўзимга нисбатан ишонч кучайди. Ҳозир мактабда ўқияпман. Яқинларим, дўстларим ҳаётга муҳаббатим ортишига кўмаклашмоқда.
Соғлом болалар қатори имконияти чекланган ёшларнинг таълим-тарбия олишига эътибор қаратилаётгани яхши. Президентимизнинг 2017 йил 1 декабрдаги "Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонида уларнинг таълими сифатига аҳамият қаратиш, жамиятга мослашиб кета олиш кўникмаларини шакллантириш муҳим масала қилиб белгиланган. Уларнинг жамиятда ўз ўрнини топиши нафақат давлат томонидан яратилаётган шарт-шароитлар, балки оилавий муҳитга ҳам боғлиқ.
Халқ таълими вазирлиги тасарруфида имконияти чекланган болалар учун 85 та мактаб ва мактаб-интернат фаолият юритади. Уларда 19170 нафар ўқувчига 4162 нафар педагог-мураббий бириктирилган. Педагог кадрларнинг 4070 нафари, яъни 97,9 фоизи олий маълумотли. Имконияти чекланган ёки узоқ вақт даволанишга муҳтож болаларга якка тартибдаги таълим учун ўқитувчилар масъул қилиб тайинланган. Инклюзив таълимда эса ногирон болаларнинг соғлом тенгдошлари билан бирга таълим олиши, ўз қобилиятини намоён қилиши ва тенгқурлари орасида ҳаётга ишончини орттириш кўзда тутилган.
— Биринчи синфга чиққан соғлом боланинг мактабга мослашиши учун олти ой вақт кетади. Имкониятлари чекланганларда эса бу жараён бирмунча қийин кечиши табиий ҳол, — дейди психолог Матлуба Тоғаева. — Боиси, баъзи ота-она ногирон фарзандини уйдан чиқармай, одамлар кўзидан панада сақлайди. Бу уларни ноқулай аҳволга солади. Бундай муносабат боланинг соғайишини секинлаштириб, ҳаётга ишончини сўндиради. Шунинг учун нуқсонли болани одамлар кўзига мослаштириб бориш, бош¬қалардан ажралиб туриши сабабини уларга тушунтириш керак. Масалан, «Болам, ҳамманинг ўзига яраша ютуқ ва камчилиги бўлади. Бошқаларда йўқ қобилият сенда бор», дея шукрона ҳиссини уйғотиш боланинг имкониятларини намоён этишига туртки беради.
Ногиронлик айб эмас, балки соппа-соғ бўла туриб, мукаммал шароитда яшаётган соғлом боланинг танбаллиги, ишёқмаслиги, жамиятда ўз ўрнини топа олмаслиги фожиадир.
Тошкент шаҳридаги 1-мурувват уйидамиз. Тарбиячилар очиқ чеҳра билан кутиб олиб, болалар хонасига таклиф қилишди. Уйқу вақти бўлгани учун кўпчилик билан гаплаша олмадик. Бедор болалар эса бизга энтикиб тикилар, атрофимизда парвона бўларди. Улар билан гаплашдик, ўйнадик. Барчасининг нигоҳида яшашга иштиёқ, ҳаётга умид намоён...
— Имконияти чекланган болаларга ота-онаси беролмаган меҳр-муҳаббатни улашамиз, тақдир зарбасига учраган болакай ухлолмаса, йиғлай-йиғлай алла айтиб чиққан тунларимиз бўлган. Уларда яшашга муҳаббат кучли, — дейди Мурувват уйи психологи Малика Раҳимжонова.
Имконияти чекланганлар ҳам биз яшаётган жамият аъзоси. Уларнинг қадрини топташга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.
Фаёза АВЛАЕВА