Ўқувчиларнинг қишки таътил кунлари мазмунли ўтади
Айни кунларда юртимизнинг барча умумий ўрта таълим мактабларида ўқув йилининг иккинчи чораги якунига етмоқда. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан 2018 йилнинг 28 декабридан 2019 йилнинг 10 январига қадар мактаб ўқувчилари учун қишки таътил берилиши эълон қилади.
Таъкидлаш жоизки, таътил кунларида ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида турли маданий-маърифий тадбирлар, ижодий учрашувлар, интеллектуал мусобақа ва кўргазмалар ташкил этилиши режалаштирилган, деб хабар беради вазирлик ахборот хизмати. Жумладан, Халқ таълими вазирлиги ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи томонидан иккита йирик лойиҳа, яъни “Менинг илк ижод маҳсулим” анъанавий ўқувчи-ёшлар медиа фестивали ҳамда “Аъло таътил: Қишки оромгоҳ” лойиҳаси ўтказилиши белгиланган.
“Менинг ижод маҳсулим” анъанавий ўқувчи-ёшлар медиа фестивалида барча умумтаълим мактабларининг 8-11-синф ўқувчилари иштирок этиши мумкин. Мазкур фестивал 14 ёшдан 18 ёшгача бўлган ижодкор ўғил-қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилади. Ўқувчиларнинг ижодий фаолияти оммалаштирилиб, рағбатлантирилади.
Фестивалнинг республика босқичи 5-6 январь кунлари “Аъло таътил лойиҳаси: Қишки оромгоҳ” доирасида Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида бир ҳафта давом этади. Лойиҳа давомида иштирокчилар Сурхондарёнинг диққатга сазовор жойларида бўлиб, вилоятнинг туризм салоҳияти билан танишадилар.
Бундан ташқари, қишки таътил даврида ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида улар таълим муассасаларида ташкил этиладиган барча маданий-маърифий ва спорт тадбирларига ҳам жалб этилади.
Хусусан, “Баркамол авлод” болалар марказлари ва Ахборот-ресурс марказлари, “Ёшлик” жисмоний тарбия ва спорт жамияти ҳудудий бўлимлари томонидан умумтаълим мактабларида тўгарак машғулотлари, китобхонлик ва спорт тадбирлари ўтказилади. “Баркамол авлод” болалар марказлари томонидан умумтаълим мактабларида тўгараклар ташкил этилиши билан бир қаторда Марказларнинг ўзида ҳам машғулотлар олиб борилади.
Таътил даврида ташкил этиладиган маданий-маърифий, спорт тадбирлари ва машғулотлар Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгашининг ҳудудий бўлинмалари билан ҳамкорликда амалга оширилади. Мазкур тадбирлар ва барча машғулотлар ўқувчилар учун бепул амалга оширилади.