Сулола занжири турғунми?
Қадимдан янги туғилган болага чиройли исм қўйиш ота-она ёхуд қариндош-уруғларнинг хоҳиши билан бўлган. Одатда, ўзбекларда ёш ота-оналар бу ишни чақалоқнинг бобоси ёки бувисига ишонади. Чиройли исм танлангандан сўнг туғилганлик ҳақида гувоҳнома олинади. Гувоҳнома олиш жараёнида эса ота-она чақалоққа фамилия бериш борасида ўйланиб қолади: ўз фамилиясини берсинми ёки отасининг исмини?
Илгари фамилия ва чақалоқнинг отаси исмини ёзиш урф бўлмагани боис аждодларимиз кишини фақат унга қўйилган ном билан атаган: Эшмат, Тошмат, Турдибой ва ҳоказо. Тарихдан маълумки, халқ орасида одамлар исми ёки лақаби (айрим ҳолларда тахаллуси) ва уруғининг номи билан чақирилган. Масалан, Боқи беғам, Қаландар чўлоқ, Ёрқин шайтон, Тўра ўғри ва ҳоказо. Ушбу анъана ҳозир ҳам баъзи жойларда мавжуд. Масалан, Кўлиён қишлоғи(Бухоро)га бориб Барот аканинг уйи қайси, деб сўрасангиз, саволингизга савол билан жавоб оласиз. Чунки Кўлиён қишлоғида Шер, Араб, Чўпон лақабли Баротлар яшайди.
Ўзбекларда мурожаат қилишнинг оммалашган усулларидан яна бири ота исмидан кейин “ўғли”, “қизи” сўзларини келтиришдир: Азим Шоди ўғли, Муслима Акрам қизи каби. Аввал ўзбеклар орасида ҳам айрим туркий халқларга ўхшаб, кишини отасининг исмига ишора қилиб аташ кенг тарқалган эди. Масалан, “Бобурнома” асарини ўқисак, бунга дуч келамиз: Ҳамза султоннинг ўғли Мамоқ султон.
Қишлоғим, маҳалладошларим ҳақида китоб ёздим. Очиғи, маълумот тўплашга қийналдим. Айрим ҳамқишлоқларим бобо-момоларининг исм-насаби, туғилган йили, касб-кори ҳақида аниқ маълумот беролмади. Уларни айбламоқчи эмасман. Бунинг турли сабаблари бор: лақаб билан чақириш, эр-хотиннинг бир-бирининг исмини айтмаслиги, фамилияларнинг давр талабига кўра тез-тез ўзгариши ва ҳоказо.
ХХ аср бошида ўзбекча исм-насаблар Мирзо Турсун ўғли тарзида, кейинроқ “зода” сўзи қўшилгач, Мирзо Турсунзода деб айтиладиган бўлди. 1930—1940 йилларда эса Алиев Мирзо Турсунович тарзида ёзиш расм бўлди. Мустақилликдан сўнг Алиев Мирзо Турсун ўғли, Валиева Зуҳра Маҳмуд қизи шаклига ўтилди.
Фамилияларнинг тез-тез ўзгариши оқибатида аждодларимиз, бобокалонларимиз номи бир авлод алмашибоқ унутилиб кетаётгани ачинарлидир. Тасаввур қилинг, етти ака-укасиз. Оға-инилар билан фамилиянгиз бир хил. Набиралар эса етти хил фамилияда. Кейинги авлод фамилияларининг шакл-шамойили эса янада турлича бўлмасмикан?
Халқимизда фарзанднинг бошини “икки” қилишдан аввал қуда томон обдон суриштирилади, Нуронийлар ота-онага “Етти пуштини суриштир, уруғи, кимлардан эканини яхшилаб ўрган”, дея маслаҳат беради. Етти аждоди ҳақида билмаслик уят ҳисобланади. Ҳар бир авлодда фамилиялар ўзгараверса, етти отани қандай аниқлаймиз? Бу аждодларимиз шажарасини тузишда чалкашликлар вужудга келтириши табиий.
Ота-оналар билан гаплашганимда, айримлари “Ҳамма шундай қиляпти-ку”, деса, баъзилари “Отамнинг номи йўқолиб кетмаслиги учун”, дейди. Энг қизиғи, отасининг номи кейинги авлод, яъни эвараларигача етиб бормаяпти. Кўлиён қишлоғида Амир Олимхоннинг акасининг набираси билан бир синфда ўқиганман. Бироқ сабоқдошим кимнинг авлоди эканини ҳеч қачон тан олмаган. Сабаби аён, албатта.
Аждодларимиз номини сақлаб қолиш учун калаванинг учини йўқотмаслик, яъни дунёга келган чақалоққа (бутун дунё халқларида қабул қилинган усул) сулоламиз бошлиғи фамилиясини қўяйлик. Токи фамилиямиз (сулоламиз занжири) турғун, авлоддан-авлодга ўтадиган ном бўлсин, Алиев ёки Валиев, деганда кўпчилик билсин, танисин.
Ҳамид ШОДИЕВ, Тошкент молия институти профессори