Мустақиллик мадҳи — болалар ижодида
Республика болалар кутубхонасида бу йил бешинчи бор ўтказилган «Мустақиллик мадҳи — болалар ижодида» кўрик-танловининг якуний босқичи ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Ёзувчилар уюшмаси, «Тонг юлдузи» ҳамда Республика болалар кутубхонаси ҳамкорлигида ўтказилган мазкур танловда учта — тасвирий санъат, наср ва назм йўналиши бўйича 2000 нафар ўқувчи иштирок этиб, Ватанимиз мустақиллигини ўзининг мўъжазгина ижод намуналарида кўрсатишга ҳаракат қилган. Kitob.uz сайтига ва кутубхонанинг электрон манзилига жўнатилган ҳикоя, шеър ҳамда тасвирий санъат намуналарида турли ёшдаги 1—9-синф ўқувчиларининг Ватан, Мустақилликни қандай тасаввур қилиши акс эттирилган. Бадиий жиҳатдан савияси анча юқори ишлар «Тонг юлдузи» газетаси саҳифаларида эълон қилинди.
— Ушбу кўрик-танловда ҳар йили иштирок этиб келмоқдамиз. Бу гал ўқувчим Сабина Шамсиева шеърият йўналиши бўйича учинчи ўринни эгаллаганидан хурсандман. У мактабимизда ташкил этилган «Шеърият гулшани» тўгарагида қаламини чархлаб келаётган ўқувчиларимдан бири. Юзлаб тенгқурлари орасида фахрли ўринга сазовор бўлгани Сабинага катта рағбат бағишлайди, — дейди Учтепа туманидаги 283-мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Муҳиба Ражабова.
Ташкилотчилар томонидан ғолиб ва совриндорларга диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Ҳулкар ТЎЙМАНОВА,
«Ma’rifat» мухбири