Кел, бирга куйлаймиз!
Юртимиздаги иқтидорли, истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш, рағбатлантириш, ижтимоий фаоллигини ошириш ҳамда Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида турли тадбирлар, танлов ҳамда фестиваллар ўтказилмоқда. Ёшлар ижод саройида ўтказилган «Куйла, ёшлигим!» эстрада-вокал танлови фикримиз далилидир.
Маданият ва спорт ишлари вазирлиги кўмагида Ёшлар маданият ва санъат маркази, «Ўзбекнаво» эстрада бирлашмаси ҳамкорлигида ташкил этилган танловнинг якуний босқичида ҳудудий саралаш беллашувларида ғолиб бўлган ўн беш номзод ўз иқтидорини намойиш этди. Ёшларнинг бадиий-эстетик оламини бойитиш, мусиқий қобилиятини шакллантириш, замонавий, миллий ва жаҳон куй-қўшиқларининг сара намуналаридан бохабар этиш, ижро маҳоратини ошириш мақсадида ўтказилаётган танловнинг якуний босқичида ғолибликни қўлга киритган иштирокчи Фахрий ёрлиқ, статуэтка билан тақдирланади ҳамда замонавий овоз ёзиш студиясида ўз қўшиқларини ёзиш имконига эга бўлади.
Танловнинг қуйи босқичларида икки мингга яқин 16 ёшдан 25 ёшгача бўлган иштирокчи ўз маҳоратини синовдан ўтказди. Соҳа мутахассислари, бастакорлар, хонандалар уларнинг ижро маҳорати, салоҳияти, олган билимлари, саҳна маданиятини баҳолаб борди.
— Танловда халқ ашулаларидан «Йўл бўлсин»ни, замонавий қўшиқлардан «Оққушлар»ни куйладим, — дейди лойиҳа қатнашчиси Дилсўз Зоҳидова. — Саралаш босқичларида тенгдошларимнинг шижоати, куйлаш санъатини кўриб, янада кўпроқ шуғулланишим, изланишим, ўз услубимни яратишим кераклигини тушундим. Мазкур лойиҳа иқтидор эгаларининг яширин қобилиятини кашф этади, қўллаб-қувватлайди ва ўзига ишончини мустаҳкамлайди.
Ғолибларни тақдирлаш ва улар иштирокидаги гала-концерт октябрь ойининг охирги ҳафтасида ўтказилади. Лойиҳа якунлангандан сўнг иштирокчиларнинг юртимиз вилоят, туманларида концерт дастурларини намойиш этиши режалаштирилган.
Чарос НИЗОМИДДИНОВА,
“Ma’rifat” мухбири