«Энг яхши маънавият билимдони»
Ёш авлод қалби ва онгига миллий қадрият, урф-одатларни сингдириш, уларни ватанга муҳаббат, истиқлолга садоқат руҳида тарбиялаш, маънавий-маърифий дунёқарашини юксалтириш мақсадида, илк маротаба ташкил этилаётган «Энг яхши маънавият билимдони» кўрик-танловининг мақсад ва вазифалари ҳақида Халқ таълими вазирлигининг маънавий-ахлоқий тарбия бошқармаси бошлиғи Ҳикматилла ДАМИНОВ сўзлаб берди:
— Мамлакатимизда амалга оширилаётган давлат сиёсатининг устувор йўналишлари, кенг кўламли ислоҳотлар мазмун-моҳияти, қабул қилинган қонунлар, давлатимиз раҳбарининг қарор, фармон ва асарларини билиш, юртимизга қарши ғоявий ва мафкуравий хуружлар ортида турган кучларнинг ғаразли мақсадларини фош этиш, ёшларни ҳушёрлик ва огоҳликка даъват этишимиз керак. Ана шу мақсадга хизмат қилувчи танлов халқ таълими тизимидаги барча умумий ўрта таълим мактабларининг «Ватан туйғуси», «Миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари», «Тарих», «Давлат ва ҳуқуқ асослари», «Она тили ва адабиёт» фани ўқитувчилари ҳамда халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтларининг профессор-ўқитувчилари ўртасида ўтказилади. Интеллектуал беллашувни юқори савияда ташкил этиш учун қатор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорлик қилмоқчимиз.
Танлов тўрт босқичда бўлиб ўтади. Дастлабки босқичда иштирокчи ўқитувчилар сараланади. Танлов низомида кўрсатилганидек, ҳар томонлама билимдон, тажрибали педагог биринчи босқичдан ўтиб, кейингиларида иштирок этиши ва ғолибликни қўлга киритиши мумкин. Иккинчи босқичда мактаблардан сараланган ўқитувчилар туман (шаҳар) миқёсида ўзаро беллашадилар. Учинчи – ҳудудий босқичда туман (шаҳар) беллашувлари ғолиблари якуний мусобақага йўлланма олиш учун ўз билимини синовдан ўтказади. Халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтлари ҳамда вазирлик тасарруфидаги умумтаълим мактабларида ўтказилган кўрик-танлов ғолиблари ушбу босқичда тўғридан-тўғри иштирок этади. Бош Қомусимиз қабул қилинган кун арафасида энг яхши маънавият билимдонлари аниқланади.
Кўрик-танлов иштирокчилари уч шартга кўра, 100 баллик тизимда баҳоланади. Улар биринчи шартда 5 дақиқа ичида Президентимизнинг маънавият, миллий ғоя, мафкурага бағишланган («Юксак маънавият – енгилмас куч», «Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида», «Она юртимиз бахту иқболи ва буюк келажаги йўлида хизмат қилиш – энг олий саодатдир») асарларининг мазмун-моҳияти бўйича 3та саволга жавоб бериши керак. Иккинчи шартда педагоглар дарс бериш жараёнига креатив ёндашув, маҳорат машғулотлари ташкил этиш, ўзлаштириш жараёнини мониторинг қилиш, интерфаол методикадан фойдаланиш усуллари ҳақида ҳикоя қилишади. Сўнгги шартда иштирокчилар мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ҳақидаги слайд-тақдимотни намойиш этадилар. Ҳакамлар ҳайъати танлов қатнашчиларини назарий билимдонлик (15 балл), тушунтириш салоҳияти (20 балл), манбаларга асосланганлик (15 балл), интерфаол усуллардан фойдаланиш (20), сиёсий-ҳуқуқий билимдонлик (15 балл) ва илмий-ижодий ёндашув қобилияти (15 балл) мезонлари асосида баҳолайди. Ғолибларга эсдалик совғалари топширилади.
Туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимлари, вилоят халқ таълими бошқармалари «Энг яхши маънавият билимдони» кўрик-танловини уюшқоқлик руҳида адолатли ва холис ўтказишлари керак.
Ҳасан МЎМИНОВ ёзиб олди.