Истеъдод учқунлари
Мирзо Улуғбек тумани. 20-болалар мусиқа ва санъат мактаби. Синфхоналарнинг биридан ҳали скрипка овози келиб улгурмай, ён хонадан виолончелнинг дўрилдоқ товуши қулоққа чалинади. Яна биридан дутор чертиб, қўшиқ айтаётган ўқувчиларнинг хиргойиси эшитилса, бошқасидан юракни сел қилувчи нола таралади. Фортепиано синфига кириб борганимизда эса қўнғироқсоч қизалоқ бармоқчаларини клавишлар устида майин ва бехато юргизар, ёқимли бир оҳанг танани жимирлатиб юборди. Нотада адашиб кетмасин-да, ишқилиб! Токи куй тугамагунча ана шу ҳадик мени тарк этмади...
Севинч Мирғуломова ушбу мактабнинг иккинчи синфида ўқийди. Бу йил Австрияда ўтказилган “Salzburg stars” халқаро танловида унинг иккинчи ўринга сазовор бўлгани ҳақида эшитгач, очиғи, ҳайратим ошди. Ўсиб келаётган ёш авлод муваффақиятлари, хусусан, ўқувчи-қизнинг ютуғи истеъдодининг куртак ёзаётгани баробарида бугун юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар инъикоси эканлиги ҳақида ўйладим.
Халқ таълими вазирлиги томонидан “Болалар мусиқа ва санъат мактабларида яратилаётган замонавий шароитлар ва ўқувчи-ёшларимизнинг халқаро танловларда муваффақиятли иштироки” мавзусида ташкил этилган матбуот анжумани бу борадаги фикрларимизни кенгроқ ифодалашга замин ҳозирлади.
Президентимизнинг 2008 йил 8 июлдаги “Болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва уларнинг фаолиятини янада яхшилаш бўйича 2009—2014 йилларга мўлжалланган Давлат дастури тўғрисида”ги қарорига мувофиқ мамлакатимизда мусиқа ва санъат йўналишида 136та мактаб барпо этилди, 142таси капитал реконструкция қилинди. Ўқув-тарбия жараёнини сифат ва мазмун жиҳатдан такомиллаштириш мақсадида улар замонавий ўқув қуроллари, чолғу асбоблари билан тўлиқ таъминланди.
Қайд этиш жоизки, 2008 йили болалар мусиқа ва санъат мактабларида тўққизта йўналишда таълим берилган бўлса, болаларнинг қизиқиш ва қобилиятлари инобатга олинган ҳолда ўқув дастурларига театр санъати, тасвирий ва амалий санъат, академик хонандалик йўналишлари киритилди.
— Ўтган йили мактабимизда капитал таъмирлаш ишлари ниҳоясига етди, — дейди 20-болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчиси Гулрух Собирова кенг, ёруғ хонага қулоч ёйиб. — Мактабимиз мисолида шуни айтишим мумкинки, ўқув жараёнига татбиқ этилаётган замонавий шароитлар боланинг дарсга диққатини оширибгина қолмай, уларнинг қобилиятини юзага чиқаришда аҳамиятга эга.
Ўқувчилар жаҳон болалар адабиётидан “Чиполинонинг саргузаштлари”ни намойиш этишаётганида кузатдикки, улар дадил — образ ҳолатини тушуниб, англаб ижро этаётир, гаплари димоғдан эмас, юракдан чиқаётир...
Театр санъати дарслари боланинг жисмонан соғлом ўсишида ҳам муҳимдир. Масалан, саҳна ҳаракати дарси тананинг тўғри ўсишини таъминласа, саҳна нутқи ўз-ўзидан муомала маданияти, сўзлашиш одоби ва талаффузни бойитади.
Мактабнинг театр санъати бўлими яқин кунларда Оскард Уайлд қаламига мансуб “Самовий бола” асарини, шунингдек, ўқитувчи Тозагул Исломованинг “Туғилган кун” номли эртак-сценарийсини саҳнага олиб чиқишни режалаштирган.
Айтиш ўринлики, жорий йилда ушбу муассасанинг “Зурбаган” театр студияси Австрияда ўтказилган “Salzburg stars” халқаро танловида санъат драматургияси ва мюзикл йўналишларида биринчи ўринга лойиқ деб топилди.
Замонавий шарт-шароитлар, қолаверса, болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўртасида ўтказилаётган “Она юрт оҳанглари”, “Ягонасан, муқаддас Ватан!”, “Санъат ғунчалари” каби кўрик-танловлар, “Камалак юлдузлари”, “Наврўз садолари” каби фестиваллар нафақат ёш истеъдодларни элга танитмоқда, балки ушбу йўналишдаги таълим масканларида ўқувчилар сонининг ошишига ҳам хизмат қилаётир.
Айниқса, жаҳоннинг турли минтақаларида ўтказиб келинаётган “We play together” (Франция), “Jilovani talenti”, “Легенды Вероны” (Италия), “Pro-Piano-Romania” (Руминия), “Salzburg stars” (Австрия) каби халқаро кўрик-танлов ва фестиваллар болалар истеъдодини дунёвий миқёсга олиб чиқиш баробарида, уларнинг тафаккурини бойитмоқда.
Жорий йилнинг ўзида 20-БМСМ ўқувчиларидан кўпчилиги (худди Севинч сингари!) Австрияда бўлиб ўтган “Salzburg stars” танловида фортепиано, скрипка, эстрада хонандалиги, санъат драматургияси, мюзикл, хореография каби йўналишларда фахрли ўринларни эгаллашди. Улар орасида Феруза Нодирова, Саида Абдуллаева, Диёра Мирзаева, Лайло Алиева, Нилуфар Зокиржонова, Комила Муллажонова каби ёш иқтидор эгалари бор.
Эътибор берсак, 1991 йили республикамиздан уч нафар ўқувчигина халқаро танловларда иштирок этган. 2015 йилнинг ўтган даври мобайнида эса 115 нафар истеъдодли ёшлар Франция, Италия, Германия, Буюк Британия, Руминия, Латвия каби давлатларда ўтказилган турли нуфузли халқаро танловларда ғолибликни қўлга киритди. Шунинг ўзиёқ юртимизда болалар мусиқа ва санъат мактаблари фаолиятига нечоғлик эътибор берилаётганидан далолатдир.
Матбуот анжуманида Халқ таълими вазири ўринбосари Дилшод Кенжаев оммавий-ахборот воситалари вакилларининг саволларига батафсил жавоб берди. Тадбирда, шунингдек, “Йилнинг энг намунали болалар мусиқа ва санъат мактаби” танлови ғолиблари тақдирланди. Якуний натижаларга кўра, 20-болалар мусиқа ва санъат мактаби биринчи ўринни, Фарғона шаҳридаги 4-, Тошкент шаҳридаги 14-болалар мусиқа ва санъат мактаби иккинчи ўринни эгаллаган бўлса, пойтахтимиздаги 12-БМСМ учинчи ўринга муносиб кўрилди.
— Очиғи, олдинлари истеъдодли болаларни умумтаълим мактабларидан ўзимиз излаб топардик, — дейди Фарғона шаҳридаги 4-болалар мусиқа ва санъат мактаби директори Нигорахон Боратова. — Эндиликда ота-оналар фарзандида озгина бўлса-да, санъатга мойилликни, йилт этган истеъдодни сезишса, мактабимизда таҳсил олишини истаб мурожаат этишаётир. Бундан фақат хурсанд бўламиз. Негаки, бола қалбига санъатдан бир шуъла тушибдими, келажакда шунинг гуриллаб аланга олишига ишонса бўлади. Масалан, 2014 йили Испанияда бўлиб ўтган халқаро танловда мактабимиз ўқувчиси Фарангиз Жўраева скрипка йўналишида биринчиликни қўлга киритди. Яна бир ўқувчимиз Шоира Шермуҳаммедова эса Санкт-Петербургда ўтказилган халқаро танловнинг худди шу йўналишида ғолибликка эришди.
Ҳа, бу сингари муваффақиятлар замирида Нигорахон опа айтмоқчи бўлган шуълалар — ёш истеъдодларнинг ўз қалбида нур йиғиб бораётганини англаймиз. Энг муҳими, бундай нурлар болалар мусиқа ва санъат мактабларининг ҳар биттасида кун сайин кўпаймоқда. Вақти келадики, улардан дунёга истеъдод учқунлари таралади.
...Скрипка овози сокинлади, виолончелнинг дўрилдоқ товуши узоқдан кела бошлади. Дутор товушини чамалаб, дераза томонга қарадим. Ва бирдан фортепиано чалаётган қўнғироқсоч қизалоқ ёдимга тушди. Ўша куйни хаёлан ҳис қилиб, аъзои баданим тағин жимирлаб кетди-ку. Севинчнинг нотада янглишиб кетмаслигига ишондим. Ҳадик вужудимни батамом тарк этди. Ўйладимки, бундай шарт-шароитга эга мактабларда малакали устозлардан сабоқ олаётган ўқувчилар адашмайди!
Акмал ЖУМАМУРОДОВ,
“Ma’rifat” мухбири
tc ""
Владимир ГРАНКИН олган суратлар. tc "В.ГРАНКИН
олган суратлар."
tc " Синфхоналарнинг
биридан µали скрипка овози келиб улгурмай, ён хонадан виолончелнинг дґрилдоі
товуши іулоііа чалинади. Яна биридан дутор чертиб, іґшиі айтаётган
ґіувчиларнинг хиргойиси эшитилса, бошіасидан юракни сел іилувчи нола таралади.
Фортепиано синфига кириб борганимизда эса іґнІироісоч іизалоі бармоічаларини
клавишлар устида майин ва бехато юргизар, ёіимли бир оµанг танани жимирлатиб
юборди. Нотада адашиб кетмасин-да, ишіилиб! Токи куй тугамагунча ана шу µадик
мени тарк этмади... " tc
"Бурµон РИЗОЈУЛОВ олган сурат." tc
" IV Миллий ахборот-кутубхона
µафталиги якунланди" tc " “Ma’rifat” мухбири
"