«Infolib–2015» IV Миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги якунланди
Бугун ахборот олишнинг манбалари кўп: интернет, китоб, газета ва журналлар, телевидение, радио, кино... Халқимиз улар ичида китобни яқин дўст сифатида алқайди, эътироф этади. Шу маънода ахборотга эга бўлиш, унинг ишончли экани йўлида энг холис ва ҳаққоний манба – китоблар, кутубхонадир. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида “Infolib–2015” IV Миллий ахборот-кутубхона ҳафталиги бизга ўз номи билан миллий ахборотларни тақдим этгани билан эсда қоларли бўлди.
Ҳафталик доирасида ўттиздан ортиқ тадбир ўтказилди. Ҳазрат Навоийнинг “Хамсат ул-мутаҳаййирин” асари таржимасидан то эл ардоғидаги шоир-ёзувчилар билан ижодий учрашувларгача, Марказий Осиёдаги илк овозсиз фильмларнинг фото ретроспектив кўргазмасидан маҳорат дарсларигача, инглиз тилини ўрганишда кенг тарқалган хатолардан тортиб хат ва иншо ёзиш кўникмаларигача — барчаси иштирокчилар учун чинакам маънода янгилик саналди.
Инновацион лойиҳалар — соҳамиз ривожи
Жумладан, ҳафталик доирасида “Ахборот-кутубхона муассасасининг энг яхши мутахассиси — 2015” танловининг ўтказилиши ҳам мустақиллик йилларида кутубхона иши соҳасида аҳолининг интеллектуал, маънавий ва маданий даражасини юксалтиришда кутубхоналар ролини кучайтиришга алоҳида аҳамият қаратилаётганидан далолат беради.
— Ушбу танловнинг аҳамиятли жиҳати шундаки, беллашувда ахборот-кутубхона муассасаларининг сервис соҳасини замонавий талабларга тўла жавоб берадиган даражада ташкил этиш юзасидан ҳар бир жамоа ўзининг инновацион лойиҳасини олиб чиқади ва улар ҳаётга татбиқ этилади, — дейди Наманган вилояти жамоаси вакили Шуҳрат Мадраҳимов. — Бу ўз-ўзидан бизни изланишга, ижодкорликка ундайди. Ўз ишига ижодий ёндашиш эса, сўзсиз, соҳа тараққиётига муносиб ҳисса қўшади. Биз ҳам танловда ўзимизнинг янги — “Осонлаштирилган электрон адабиётларнинг веб дастури” лойиҳаси билан иштирок этдик. Ушбу дастурнинг асосий қулайликларидан бири китобхон нафақат ўз компьютерига, балки замонавий мобиль телефонларига ҳам электронлашган адабиётларнинг мавжуд базасини осон юклаб олиши мумкин. Бу лойиҳа китобхонга ортиқча харажатларсиз электрон адабиётларга эга бўлиш имконини беради.
— Сирдарёликлар ҳам танловда “Мобиллаштириш” деб номланган инновацион лойиҳаси билан иштирок этаяпти, — дея суҳбатни давом эттирди вилоят жамоаси аъзоси Беҳзод Самиев. — Унда кутубхоналар мобиль компаниялари билан ўзаро ҳамкорликда иш олиб бориши кўзда тутилган. Фойдаланувчилар керакли адабиётни Миллий кутубхонамиз веб-сайтида ташкил этиладиган “Буюртмалар” саҳифасига кириб буюртма қилишлари ва излаган маълумотларини PDF форматида ёки фойдаланиш учун қулай бошқа форматларда қабул қилиб олишлари мумкин. Лойиҳа кўлами жиҳатидан катта бўлгани боис уни амалиётга татбиқ этиш вақт ҳамда маблағ талаб қилади. Унинг фаолиятга татбиқ этилиши китобхонлар учун енгиллик туғдиради. Лойиҳа доирасида фойдаланувчиларга янги нашрдан чиққан китоблар ҳақида хабарномалар юборилиб, бевосита нашриёт нархида харид қилишлари ҳам чамаланган.
Тошкент шаҳридан иштирок этган Зилола Саидованинг танлов ҳайъатига тақдим этган “SMS xabarnoma” лойиҳаси кутубхона фойдаланувчиларини тўла қамраб олиш имконини бериши билан аҳамиятлидир.
— Даставвал китобхонларнинг аъзолик билетларидаги шахсий телефон рақамлари аниқланиб, ўзига хос электрон база яратилади, — дейди у. — Лойиҳамиз ёрдамида ахборот-кутубхона муассасаларида бўлаётган янгиликлар, турли байрам ва ижодий учрашувлар, келган янги адабиётлар ҳақида мунтазам равишда маълумотлар бериб борилади. Қолаверса, олган китобини ўз вақтида топширмаган фойдаланувчиларнинг мобиль телефонларига қарздорлигини эслатувчи махсус хабарнома ҳам юборилади.
Танловнинг республика босқичида 14та жамоа ахборот-кутубхона муассасасининг энг яхши мутахассиси бўлиш учун ўзаро баҳслашди. Якуний натижаларга кўра, Фарғона вилояти кутубхона иши мутахассислари жамоаси ғолиб бўлди. Андижон вилояти ва Тошкент шаҳри жамоалари иккинчи ҳамда учинчи ўринни эгаллади.
«Юрак, сўйла абадиятдан»
Ҳафталикнинг навбатдаги куни ўз номи билан “Ижод куни”га айланди. Бошланғич синф ўқувчилари учун ахборот маданияти ва медиасаводхонлик бўйича маҳорат дарслари, “Биз китобни севамиз!” мавзусида расмлар танлови ва, айниқса, Ўзбекистон халқ шоири, драматург, ёзувчи ва публицист Хуршид Даврон билан “Юрак, сўйла абадиятдан” деб номланган ижодий учрашув ёшлар дунёқараши ва фикрлаш доирасини кенгайтириш, уларнинг бадиий асар ўқишга қизиқишини кучайтириш, шу асно ўқувчилар кўнглида адабиётга меҳр уйғотиш каби эзгу мақсадларни ўзида мужассам этди.
— Одатда, ўқувчиларим билан ҳар битта дарсни шеърий лаҳзалардан бошлаймиз, — дейди Юнусобод туманидаги 274-мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Маҳмуда Валиева. — Улар ўзлари севиб, мустақил ёд олган шеърлардан айтиб беришади. Шунда кузатаманки, ўқувчиларимнинг кўпчилиги шоир Хуршид Даврондан бошлаб қолади. Ҳафталик дастурида суюкли ижодкор билан учрашув борлиги ўқувчиларимни қувонтирди. Уларни ижодий учрашувгача кутубхона заллари билан бирма-бир таништириб чиқдим. Сўнг ўқувчиларимдан Наргиза Қодирова, Зиёда Абдунабиева шоир ижодидан ёд олган шеърларини айтиб беришди. Шунда ўйладимки, ўқув жараёнида болаларни дарсга қизиқтириш, уларнинг мутолаага бўлган иштиёқини ошириш учун ҳам бундай тадбирларни кўпроқ ва кенгроқ доирада ўтказиш зарур экан.
“Ижод куни”да ўтказилган маҳорат дарслари “Интернет ахборот манбаи ресурслари сифатида. Шахснинг ахборот хавфсизлиги”, “Интернетда маълумот қидиришнинг ўзига хос жиҳатлари”, “Матн тузилиши ва унинг хоссалари”, “Мультфильмга тақризлар тайёрлашнинг йўл-йўриқлари” каби мавзуларни ўзида қамраб олди.
Иншо қандай ёзилади?
Ҳафталикнинг галдаги “Хорижий тиллар куни” эса чет тилларида гап қурилиши, грамматикаси, ўзига хос талаффуз меъёрлари, пунктуацион шакл-шамойили ҳақида ташкил этилган бир қатор ўқув машғулотлари билан иштирокчиларда қизиқиш уйғотди. Хусусан, инглиз тилини ўрганишда кенг тарқалган хатолар ва уларни бартараф этиш юзасидан тавсиялар берилди. Шунингдек, хат ва иншо ёзиш кўникмалари тўғрисида ўтказилган тренинг ёшларнинг ўз фикрини аниқ ва тўғри ифодалаши тўғрисида қимматли маълумотларга бойлиги билан ҳам алоҳида аҳамият касб этди.
— Иншо ёзишда асосан нималарга эътибор бериш кераклиги юзасидан фикрлашдик, — дейди Сингапур менежментни ривожлантириш институтининг саноат бошқаруви йўналиши талабаси Шерзод Маратов. — Одатда, иншода умумий гаплардан фойдаланамиз. Бугун ўтказилаётган машғулот эса бу жиҳатни оқламайди. Чунки иншода гаплар умумий бўлса, унинг ўқишлилик хусусияти йўқолади. Иншо ёзишда асосий урғу фикрларнинг равон ифодаланиши ҳамда маълумотлардан ўринли фойдаланишга қаратилди. Тасаввур ҳосил қилишимиз учун тренер томонидан “Болалар мактабга неча ёшдан бориши керак?” мавзуси ўртага ташланди. Сўнг шу хусусида иншо қандай ёзилиши ҳақида мунозара олиб бордик. Кимдир етти ёшдан деса, кимдир олти ёшдан дея фикр юритди. Муҳими, ҳар ким ўз фикрини ҳуқуқий, тиббий жиҳатдан исботлашга, ўз нуқтаи назарини ҳимоя қилишга уринди.
Бу сингари машғулотлар немис ва корейс тилларини ўрганиш бўйича ҳам ташкил этилди. Сўнгра халқаро мусиқий танловлар ғолиблари Сардор Милано ва Сабина Мустаева билан ижодий учрашув ўтказилди.
Дўстлигимиз — бахтимиз, бизлар бирга бахтлимиз!
Ниҳоят, ҳафталикнинг “Маданиятлар хилма-хиллиги” кунида халқ амалий санъати, бадиий ўймакорлик, гиламдўзлик ва каштачилик бўйича маҳорат дарслари уюштирилди. Ўзбекистон халқ артисти Теша Мўминов билан учрашув, озарбойжонлик ёзувчи Юнус Ўғузнинг “Малика ва жодугар” асари тақдимоти, миллий маданий марказларнинг чиқишлари одамлар қалбида санъатга, илм-маърифатга, қадриятларга ҳурмат ҳиссини ошириш, ўзаро дўстлик ва бирдамликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши, шубҳасиз.
Анъанавий ўтказиб келинаётган Миллий ахборот-кутубхона ҳафталигининг йилдан-йилга кўлами кенгайиб, нуфузи ортиб бораётганини таъкидлаш ўринлидир. Эътиборлиси, бундай тадбирлар замирида юқоридаги сингари янгиликларнинг оммалашуви халқимиз маънавияти юксалишида беқиёс аҳамият касб этади.
Дилмурод ДЎСТБЕКОВ,
“Ma’rifat” мухбири
ЎзА суратлари.