Мусиқанинг ҳаётбахш таъсири
Мамлакатимизда ёш мақом ижрочиларининг республика кўрик-танлови ўтказилмоқда
Саидакмал Нўъмонов танбурини “қулоғидан бураб” созларкан, навбати етгач, саҳна ортидан вазмин чиқиб келди. Ҳаяжон ўз йўлига, бунда халқ артистлари, санъат арбоблари ва профессор-ўқитувчилардан иборат ҳакамлар ҳайъатининг сусти-салобати бўлак. Саидакмал енгил тин олди-да, “Тасниф ва гардуни бузрук”, “Мушкулоти сегоҳ”, “Не наво” куйларини бирин-кетин ижро этди...
— Кимнингдир танловда қатнашаётганида бирор сир йўқ, аммо мен учун бу танлов бир олам ҳикмат бермоқда,— дейди Саидакмал. — Болалигимни эсласам, момомнинг дутори ёдимга келади. Деворда осиғлиқ турарди. Уни ҳеч кимга ишонмас, шу қадар авайлаб-асрарди. Дуторни бир чалиб кўришга юрагимиз дов бермасди. Ўша пайтлари мен учун дуторда момомга бас келадигани йўқ эди. Момомга тақлид қилиб, узун таёқни қўлимга олардим-да, худди дутор чертгандай, овозимни ҳам унинг товушидай чиқариб завқланардим. “Ғўнғиллама” деб қўйишарди. Отам рубоб олиб бергачгина “ғўнғиллашим” ариди. Ёқимли бир мақсад хаёлимни банд этди — машҳур созанда бўлиш! Ёдимда, янги уйга кўчиб ўтдик. Уйимизнинг шундай рўпарасида санъат мактаби кўриниб турарди. Деразани очсам, чолғулар саси эшитиларди. Шу мактабда ўқий бошладим. Рубобга қўлим анча келиб қолса ҳам, мен кутган чолғу бу эмас, деб ўйлардим ичимда.
Орадан йиллар ўтди. Бир пайтлари чалиш у ёқда турсин, ҳатто ушлаб кўришга ҳайиқиб бегона қўл тегмаган ўша дуторни Сабоҳат момо девордан олди-да, эвараси Саидакмалга берди.
— Ўшанда ўзимни гўё машҳур созандадек ҳис қилганман, — дейди у. — Бу эса мақсад сари бехато бораётганимга ишорадек эди. Шундай кунларнинг бирида мен узоқ кутган, рубобдан тополмаган, юрак-юракни тирновчи оҳанг телевизорда янгради. Устоз санъаткор Турғун Алиматов танбурда куй ижро этмоқда эди. Айнан нимани истаётганимни тушуниб борардим. Ижро мени сеҳрлаб қўйганди...
Ҳа, бугун мамлакатимизда миллий маданият, санъат ва қадриятларимизга ҳурмат руҳида тарбия топаётган ёшлар кўп. Уларнинг
дунёқараши ва тафаккури шаклланишида номоддий маданий мерос намуналаридан кенг фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 7 октябрдаги “2010–2020 йилларда номоддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш, асраш, тарғиб қилиш ва улардан фойдаланиш давлат дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори бой маънавий меросимизни кенг ўрганиш, унинг мазмун-моҳиятини ёш авлодга етказишда муҳим ҳуқуқий асос бўлмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан ташкил этилган ёш мақом ижрочилари республика танлови ҳам ана шундай саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодасидир.
— Танловнинг ҳудудий босқичларида 18 ёшдан 31 ёшгача бўлган 454 нафар иқтидорли ва ижодкор ёшлар иштирок этган бўлса, шундан 64 нафар ижрочи ҳамда иккита созандалар ансамбли республика босқичида қатнашмоқда, — дейди Глиэр номидаги республика ихтисослаштирилган мусиқа академик лицейи ўқитувчиси, профессор, ҳакамлар ҳайъати аъзоси Темур Маҳмудов. — Уларни тинглаш жараёнида саҳна маданиятига, сўз ва мусиқа мутаносиблигига, ижро маҳоратига алоҳида эътибор қаратмоқдамиз.
Танлов уч турда ўтказилиб, ижрочилар тўртта номинация — эркак ва аёл хонандалар ўртасида мақом ашула ижрочилиги, якка созандалар ва ансамбллар ўртасида мақом чолғу ижрочилиги бўйича ўз маҳоратини намойиш этади.
Ўзбекистон бадиий жамоалар ижтимоий бирлашмаси қошидаги мақомчилар ансамбли хонандаси Дилором Абдуазимованинг таассуротлари янада чексиз:
— Фарғона–Тошкент мақом йўлларидан “Чоргоҳ”ни ижро этарканман, кўз олдимда ота маконим, болалик хотираларим қайта жонлангандай бўлди. Қуванинг Қақир қишлоғида туғилганман. Онам ҳисобчи, отам эса ҳайдовчи. Улар менинг санъатга иштиёқимни боғчага борар кезларимдан пайқашган. Бунда, айниқса, тарбиячимиз Қаноат опанинг ҳиссаси катта деб ўйлайман. Сўнгра мусиқа мактабида таҳсил олдим, дутор чалишни ўргандим. Енгил-елпи оҳанглар ёқмас, мақом тинглардим...
Дилором Абдуазимова Ўзбекистон давлат консерваториясининг анъанавий ижрочилик йўналишида таҳсил олди.
— Бу ерда устозларимдан мудом ўрганиб келаман, — дейди у. — Маҳмуджон Тожибоев, Комила Аминова, Мансуржон Воисов мақомнинг ўзига хосликлари, ижро маҳорати, сўз ва мусиқа уйғунлигига эътибор қаратишим ҳақида таъкидлашади. Мақомни англаш учун, аввало, ғазалда ифодаланаётган бадиий тасвир воситаларини тушунишим зарурлигини, шундагина ижро маромига етиши мумкинлигини уқтиришади.
Шунингдек, ёш мақом ижрочилари танловида иккита созандалар ансамбли — Тошкент шаҳрининг “Ҳамроз” ҳамда Фарғона вилоятининг “Мақом” ансамбллари қатнашмоқда. Улар куйларни доира, ғижжак, най, чанг, рубоб, уд, дутор жўрлигида ижро этдилар.
— Ансамблнинг иши якка хонанда ёки созанда ишига қараганда қийинроқ, — дейди Ўзбекистон давлат консерваториясининг анъанавий ижрочилик кафедраси катта ўқитувчиси Розахон Ҳайдарова. — Чунки бунда, аввало, жамоанинг бир-бирини тинглаш қобилиятини шакллантириш керак. Мукаммал ижро, бенуқсон талқин ўнлаб чолғулар уйғунлашувинигина ифода этмайди, балки бу ансамблдаги ижрочиларнинг бир мақсадни кўзлаётганидан дарак беради.
Хуллас, танлов қатнашчиларининг маҳорати ғойибдан пайдо бўлмаган, балки уларнинг истеъдоди юзага чиқишида худди Саидакмалга момоси, Дилоромга боғча опаси сабаб бўлгани каби, илҳом улашган ҳаётий таъсирларни кўрамиз.
Акмал ЖУМАМУРОДОВ,
“Ma’rifat” мухбири
ЎзА суратлари.