Билимга чанқоқ, шижоати баланд ўқувчилар
Мамлакатимиз умумтаълим мактабларида ўтказилаётган билимлар беллашуви ва фан олимпиадаларида юзлаб иқтидор эгалари аниқланиб, мусобақаларда тобланиб бораётир.
Эътиборлиси, билимлар беллашуви ғолиблари ва фаол иштирокчиларини рағбатлантириш мақсадида анъанавий равишда Бўстонлиқ туманидаги “Қуёшли” болалар соғломлаштириш оромгоҳида “Интеллектуал ривожлантириш оромгоҳи” ташкил этилаётгани ўғил-қизларнинг билим олишга иштиёқини янада кучайтирмоқда. Бу йил ҳам Халқ таълими вазирлигининг “Умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида умумтаълим фанлари бўйича ўтказилган билимлар беллашуви ғолибларини “Интеллектуал ривожлантириш оромгоҳи”га жалб этиш тўғрисида”ги буйруғига асосан беллашувнинг якуний босқичи иштирокчилари мазкур гўшада мариқиб дам олмоқда.
Куни кеча бўлиб ўтган “Интеллектуал ривожлантириш оромгоҳи”нинг очилиш маросимида Халқ таълими вазирлиги, Касаба уюшмалари федерацияси кенгаши мутасадди вакиллари, таниқли олимлар, устоз-мураббийлар иштирок этди. Тантанали кечада болалар юртимизда соғлом авлодни вояга етказиш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасини ўз ҳаёти ва ютуқлари мисолида намойиш этишди.
— Оромгоҳимизнинг 1-навбатида билимлар беллашувининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичларида ғолиб бўлиб, якуний босқичда иштирок этган 250 нафар билимдон ўқувчи имтиёзли ҳордиқ чиқармоқда, — дейди “Қуёшли” болалар соғломлаштириш оромгоҳи директори Йўлчибой Раҳимжонов. — Бу масканда уларнинг жисмонан чиниқиши, билим ҳамда кўникмаларини мустаҳкамлаши учун барча шарт-шароитлар яратилган. Хусусан, бой китоб захирасига эга кутубхона, интернет тармоғига уланган компьютер хонаси, хореография зали, вокал хонаси, очиқ ва ёпиқ спорт майдончалари, энг замонавий услубларда барпо этилган ложувард сузиш ҳавзаси, қулай ва шинам ётоқхоналар, мазали ва дармондориларга бой таомлар тайёрланаётган ошхона болажонлар хизматида.
Тантанали очилиш маросимида билимлар беллашувининг республика бос¬қичида 1-, 2-, 3-ўринни эгаллаган ўқувчиларга медаль, диплом ва эсдалик совғалари топширилди. Айниқса, беллашувининг ғолиблари ва уларнинг ўқитувчиларига планшетлар ҳадя этилгани қувончли бўлди.
— “Интеллектуал ривожлантириш оромгоҳи”да ҳордиқ чиқариш билан бирга сўлим табиат қўйнида билимларимизни янада бойитаяпмиз, — дейди Ҳазорасп туманидаги 1-ИДУМИнинг 7-синф ўқувчиси, физика фанидан билимлар беллашувининг республика бос¬қичи ғолиби Иброҳим Нишонов. — Ўзим қатори иқтидорли ўқувчилар сафида бўлиш учун физиканинг мураккаб ва қизиқарли жиҳатларини астойдил ўрганишга киришдим. Бунда устозим Отабек Эгамбердиев билан мунтазам қўшимча масалалар, мураккаб формулалар устида ишлашимиз ва мактабимиздаги ўқув-лаборатория жиҳозларидан унумли фойдаланишимизнинг фойдаси катта бўлди. Беллашувнинг мактаб, туман, вилоят ва республика бос¬қичларида тушган топшириқларни ечиш жараёнида билдимки, барча мавзуларни шунчаки эмас, сидқидилдан ўзлаштириш ҳар қандай тўсиқни енгиб ўтишда асқотади. Шунинг учун оромгоҳга келган кунимдан бошлаб кейинги йилги беллашув учун тайёргарлик кўришни бошладим ва 8-синфда ҳам натижаларимни такрорлаш ниятим бор.
Оромгоҳда болажонларнинг ҳар дақиқаси мазмунли ўтиши учун барча имкониятлар ишга солинган. Айниқса, масканда фаолияти йўлга қўйилган тўгараклар, хусусан, “Инглиз тили” тўгараги барча зарур воситалар билан таъминланиб, ўғил-қизлар табиат қучоғидаги ноанъанавий машғулотларда иштирок этишади. Оромгоҳга иқтидорли болалар билан бирга юқори педагогик маҳорати туфайли ўқувчилари билимлар беллашувида муваффақиятли қатнашган педагоглар ҳам жалб этилган. Улар раҳбарлигидаги маҳорат дарслари илмга чанқоқ ўқувчилар билимлари янада мус¬таҳкамланишига хизмат қилмоқда.
— Ёзнинг иссиқ кунлари мана шундай баҳаво ва соя-салқин оромгоҳда илмга чанқоқ иқтидорли ўқувчилар учун турли фанлар бўйича маҳорат дарслари, ижодий ўқув машғулотлари, викториналар, танловлар, мусобақалар, назм ва наво кечалари ташкил этмоқдамиз, — дейди Шаҳрихон туманидаги 53-ИДУМнинг тарих фани ўқитувчиси Улуғбек Холбўтаев. — 8-синф ўқувчим Аброр Орифжонов билимлар беллашувининг республика босқичида 3-ўринни эгаллаганида бениҳоя фахрланган эдим. Меҳнатимиз муносиб эътироф этилиб, сўлим оромгоҳда дам олишимиз учун шароит яратилгани эса касбимга меҳрим ва масъулиятимни чандон оширди, десам муболаға бўлмайди. Сўлим табиат қўйнидаги бундай мазмунли таътилдан сўнг янги ўқув йилида барча иқтидорли ўқувчилар билан изчил ишлашни ва юқори натижалар кўрсатишни мақсад қилиб қўйдим.
Оромгоҳда ҳар куни таниқли фан арбоблари, олимлар, адабиёт ва санъат намояндалари иштирокида ўтказилаётган учрашув ва суҳбатлар, маҳорат дарслари, мулоқотлар ўғил-қизларда катта таассурот қолдирмоқда.
Тантанали кеча давлатимиз мустақиллигининг 25 йиллигига бағишлаб ташкил этилган “Ўзбекистон — бахтиёр болалар мамлакати” мавзусидаги маданий-маърифий тадбирга уланиб кетди. Болажонларга мустақиллик йилларида республикамизда амалга оширилган ислоҳотлар, бунёдкорлик ишларининг инсон манфаатларига хизмат қилаётгани, ёш авлодга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликларнинг мазмун-моҳияти ҳаётий мисоллар асосида тушунтирилди. Оромгоҳда дам олаётган ўғил-қизлар иштирокида ташкил этилган концерт дастурида болажонлар она Ватанимиз, мустақиллик берган имкониятлар, барқарор тинчлигимиз ва мусаффо осмонимизни мадҳ этувчи куй-қўшиқларни ижро этдилар.
Тадбирга йиғилган болажонлар кўзида порлаган қувонч ва шижоат мамлакатимизда баркамол авлод тарбияси йўлида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар самарасини яна бир бора намоён этди.
Насиба ЭРХОНОВА,
“Ma’rifat” мухбири