Иқтидор тўгаракда сайқалланади
Чилонзор туманидаги 79-умумтаълим мактабида «Тўгараклар фаолиятини такомиллаштириш услублари» мавзусида ўқув-амалий семинар ўтказилди. Унда туман халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими методистлари, педагоглар, «Оқтепа» маҳалласи фаоллари ва ота-оналар иштирок этди.
Ўқувчиларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказишда тўгаракларга жалб этиш ижобий самара беради. Семинар иштирокчилари «Моҳир қўллар» тўгараги раҳбари Н.Собированинг «Қулупнай шаклидаги чойнак ёпинчиқ», «Ёш математик» тўгараги раҳбари С.Панаеванинг «Арифметик ребуслар», «Жажжи мусаввир» тўгараги раҳбари С.Сергееванинг «Куз манзараси», «Инглиз тили» тўгараги раҳбари А.Норбекованинг «Professions» мавзуларида ўтган интерфаол машғулотларида бунга яна бир карра амин бўлишди. Мактабнинг амалиётчи психологи Маржона Булишеванинг «Ўз-ўзини идрок этиш», бошлан¬ғич синф ўқитувчиси Е.Данилованинг «Тўгарак машғулотида ота-оналарнинг ўрни» мавзуларидаги тақдимотлари тадбир иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди.
— Таълим муассасамизда 24 та фан, 10 та спорт ва ижодий йўналишдаги тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, машғулотлар режа асосида олиб борилади, — дейди мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Мансур Бойсариев. — Ўқувчилар қизиқиш ва қобилиятига кўра ушбу тўгаракларга қамраб олингани, иқтидор ва истеъдоди сайқалланиб, тўғри йўналтирилаётгани қўлга киритилган натижаларда ҳам кўзга ташланмоқда.
Тадбирда ўқувчилар ижодий ишларидан иборат мўъжаз кўргазма, улар ижросидаги дилтортар мусиқий дастур барчага манзур бўлди.
Дилшод РЎЗИҚУЛОВ,
«Ma’rifat» мухбири