Конституция — бахтимиз пойдевори
Сурхон воҳасининг Жар¬қўрғон туманида яшовчи Сарвиноз Болтаеванинг чизган расм¬лари тенгдошларини ҳайратга солди. Тумандаги 27-мактабнинг 8-синфида ўқиётган ёш рассомга бу иқтидор ота-онасидан ўтган. Асосан, портрет йўналишида ижод қилувчи Сарвинознинг оппоқ қоғозга туширган ранг-баранг тасвирлари ҳақиқатан ҳам жозибали.
Чилонзор туманидаги 15-болалар мусиқа ва санъат мактабида Халқ таълими вазирлиги томонидан ўтказилган "Конституция — бахтимиз пойдевори" республика кўрик-танлови ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими Сарвиноз каби иқтидорли ўқувчилар учун айни муддао бўлди. Иштирокчиларнинг тасвирий санъат ва ижодий иншо йўналишидаги ишлари Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети, Тошкент давлат юридик университети профессор-ўқитувчилари, "Тасвирий ойина" ижодий уюшмаси, Ўзбекистон бадиий академияси ҳамда Республика рассомлик коллежи мутахассис-ўқитувчилари томонидан баҳоланди.
— Ўқувчим билан иншо ёзишга пухта тайёргарлик кўрдик, — дейди Ғиждувон туманидаги 18-мактаб ўқувчиси Рухсора Ҳамроеванинг устози Аминжон Мадатов. —Даставвал ўқувчилар Конс¬титуциямизнинг ҳар бир моддасини чуқур ўрганиб, маъносини таҳлил қилдилар. “Ҳуқуқшунослик” тўгараги раҳбариман. Рухсорага тенг¬дошлари ҳам яқиндан ёрдам берди. У Республика босқичида иштирок этиб, нафақат мактабимиз, балки тенгдошлари ишончини ҳам оқлади.
Танлов ғолиблари ва иштирокчилар Халқ таълими вазирлигининг диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Райҳона ХЎЖАЕВА,
“Ma’rifat” мухбири