Ёзги соғломлаштириш қандай ташкил этилмоқда?
Ёзги таътилда болажонларнинг бўш вақтини мароқли ўтказиш муҳим вазифа ҳисобланади. Жорий йилда ана шу мақсад учун юртимизда 1150та (214та стационар, 936та кундузги) дам олиш оромгоҳи ташкил этилиб, 300 мингга яқин болани соғломлаштириш назарда тутилган. Умумтаълим мактабларида 4,5 миллиондан ортиқ ўқувчи таълим олишини инобатга оладиган бўлсак, оромгоҳга жалб этилмаган бола ёзги таътилни қандай ўтказади, нима билан машғул бўлади?
Болаларнинг ёзги таътилда кўнгилли дам олиши, ўқувчилар ўртасида ватанпарварлик туйғуси, соғлом турмуш тарзи ва китобхонликни кенг тарғиб қилиш, уларни “оммавий маданият”нинг турли салбий таъсирларидан ҳимоя қилиш мақсадида Халқ таълими вазирлиги томонидан “Ёз концепцияси — 2017” ишлаб чиқилди. Бунга кўра, республикамиздаги қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилмайдиган ҳамда кундузги оромгоҳ ташкил этилмаган таълим муассасаларида соғломлаштириш майдончалари ва касб-ҳунар тўгараклари фаолияти йўлга қўйилди. Бекобод шаҳрига уюштирилган медиа-турда ёз концепцияси доирасида амалга оширилаётган ишлар билан танишиш имконига эга бўлдик.
Оммавий ахборот воситалари ходимлари дастлаб шаҳар “Баркамол авлод” болалар маркази фаолияти билан танишди. Мафтуна Раҳимова болалар билан инглиз тили тўгарагида шуғулланаётган бўлса, Нилуфар Зуҳайдарова бичиш-тикиш тўгараги ишқибозлари билан ишлаётган экан. Тўгарак замонавий “Singler” тикув машиналари билан жиҳозланган. Ёш чеварлар анчагина. Жамшид Шукуралиев етакчилик қилаётган “Автомодел” тўгараги ҳар куни гавжум.
Медиа-тур иштирокчилари шаҳардаги 2-мактабга ташриф буюришди. Таълим муассасасида “Севинч” кундузги соғломлаштириш оромгоҳи мавжуд. Унда 15 июндан 5 июлгача 100 нафар ўқувчининг дам олиши мўлжалланган. Мактабда ташкил этилган ота-оналар билан мулоқот хонаси журналистларда катта таассурот қолдирди. Хонада ота-оналарнинг таклиф ва шикоятлари атрофлича муҳокама қилинади.
— Кундузги оромгоҳнинг ташкил этилишидан мамнунмиз, — дейди ўқувчи Жавоҳир Умаров. — Табиатга меҳрим баланд. Тасвирий санъат эса табиатни севишга ўргатади. Шу боис, “Ёш мусаввирлар” тўгарагига аъзо бўлдим. Бу ерда устозимиз тасвирий санъатнинг биз билмаган сир-синоатларини ўргатаяпти.
Шаҳардаги 16-мактабда ташкил этилган соғломлаштириш майдончаси ҳам медиа-тур иштирокчилари эътиборидан четда қолмади. 2006 йили “Йилнинг энг яхши мактаби”, 2010 йили “Энг обод таълим муассасаси” дея эътироф этилган, Фазлиддин ўо¬йибназаров сингари олимпиада чемпиони ҳамда кўплаб фан ва спорт мусобақалари совриндорлари таълим-тарбия олган ушбу таълим муассасасида ўқувчиларнинг ёзги таътилни мазмунли ўтказиши учун қулай шарт-шароит яратилганига гувоҳ бўлдик. 2012 йили “Йилнинг энг яхши директори” кўрик-танловида ғолиб бўлган Ортиқой Маърупова бошчилигидаги мактаб педагоглари таътил даврида ҳам фаол.
Мактабда ўтказилган брифингда Халқ таълими вазири ўринбосари Дилшод Кенжаев сўзга чиқиб, ота-оналар мулоқот хонаси ҳамда ёзги соғломлаштириш оромгоҳи ва майдончалари ўз фаолиятини қандай ташкил қилиши юзасидан кўрсатмалар берди.
Ҳасан МЎМИНОВ,
“Ma’rifat” мухбири