Бахтиёр болалар маркази
Мунира Қудратова ўқувчилик даврида дарсдан ташқари вақтини Яккасарой туманидаги “Баркамол авлод” болалар марказидаги либос дизайни тўгарагида ўтказарди. Таълимнинг кейинги босқичини ҳам ўзи қизиққан соҳа бўйича давом эттирди. Илк меҳнат фаолиятини ўзининг қадрдон либос дизайни тўгарагида болаларга сабоқ бериш билан бошлади. Тўқиш тўгараги раҳбари Камола Собирова ҳам ушбу “Баркамол авлод” болалар марказининг собиқ аъзоларидан.
— Марказимизга 600 нафардан зиёд бола қатнамоқда, — дейди марказ директори Дилдора Яҳёева. — Тарбияланувчилар белгиланган жадвал асосида тўгарак машғулотлари, маданий тадбир ва спорт мусобақаларида иштирок этади. Улар ҳафтанинг сешанба ва жума кунлари пойтахтимизнинг диққатга сазовор жойлари, музейларга, душанба ва пайшанба куни эса тумандаги 1-болалар ва ўсмирлар спорт мактаби сув ҳавзасига боришади. “Тўқиш” тўгараги раҳбари Камола Собированинг “Чоклар”, “Қолдиқ иплардан сават тўқиш” каби машғулотлари, “Инглиз тили” тўгараги раҳбари Садоқат Валломатованинг “Келинг, чет тилида гаплашамиз”, “Сўз ўйини”, “Тун ва кун”, “Яширин сўзлар” каби дидактик ўйинлари болажонлар тасаввурини кенгайтирмоқда.
Кулолликка қизиққан ўқувчиларнинг вақтини мазмунли ўтказишга Дурдона Жўраева ва Машҳура Маҳаматова масъул. Тарбиячилар ташаббуси билан тез-тез тарбияланувчилар ясаган сопол буюмлар кўргазмаси ўтказилади. Зулфия Илҳомова саъй-ҳаракати билан янги очилган “Экодизайн” тўгараги аъзолари сафи кундан-кун кенгайиб боряпти.
— Сўлим табиат, гўзал гулу майсаларга меҳрим баланд, — дейди 135-мактаб ўқувчиси Мадина Муҳаммаджонова. Марказда “Экодизайн” йўналиши очилганини эшитиб, ушбу тўгаракка аъзо бўлдим. Устозим Зулфия Илҳомова кўмагида бу соҳа сирларидан хабардор бўляпман. Ўлка тарихи, табиати, сервиқор тоғлари, гўзал ва бетакрор боғу роғлари, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳақидаги билимларимиз кенгаймоқда.
Марказнинг “Тасвирий санъат”, “Майда пластика”, “Миллий рақс”, “Вокал”, “Ракета ва авиамодел”, “Ёш журналист ва нотиқ”, “Оила ҳамшираси”, “Тикиш-бичиш” каби тўгаракларида шуғулланаётган болалар чеҳрасига боқсангиз, бахтиёрлик ҳисси сезилади. Фойе ва залларда кўзни қамаштириб турган, давлатимиз мус¬тақиллигининг 26 йиллигига бағишлаб чизилган суратлар, бежирим буюмлар кишига эстетик завқ бағишлайди. Кунора ўтказилаётган кўнгил¬очар концерт дастурлари барчага завқ-шавқ улашмоқда.
Ҳасан МЎМИНОВ