Кичик ижодкорнинг катта асари
Тошкент фотосуратлар уйининг фойе ва залларини безаб турган ранг-баранг расмлар, натюрморт, ҳайкалтарошлик ва турли амалий санъат намуналарини кўриб, худди санъат галереясига тушиб қолгандек бўласиз. Юртимизнинг гўзал ва бетакрор табиати, ҳайвонот олами, қадимий обидалари, истиқлол йилларида бунёд этилган иншоотлар, миллий қадрият ва урф-одатлар тасвирланган ижод намуналарини кичик ижодкорларнинг катта асари, дейиш мумкин.
“So‘g‘lom avlod uchun” халқаро хайрия фонди, Халқ таълими вазирлиги, Бадиий академия, Республика “Sen yolg‘iz emassan” болалар жамоатчилик жамғармаси ҳамкорлигида юртимиздаги меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари ўртасида ўтказилган “Камалак жилоси” расмлар кўрик-танловининг якуний босқичида 4 ёшдан 16 ёшгача бўлган болаларнинг ижод намуналари намойиш этилди.
— Тасвирий санъат — севимли машғулотим, мавзу танламайман. Сув бўйида ижод қилиш мен учун мароқли. Кўл бўйида қуёшнинг ботишини тасвирлаб чизган суратим — “Соҳилда кун ботиши”ни кўрик-танловга тақдим этдим, — дейди танлов совриндори, Жиззах вилоятидаги 29-меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси Акмал Сувонов.
Ижодий беллашувда энг сара акварел расм ва амалий санъат асарлари орасидан Тошкент шаҳридаги 30-меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси Роман Блохин, Хива болалар шаҳарчасидан Нозима Жуманиёзова, Наманган вилоятидаги 26-меҳрибонлик уйи ўқувчиси Муҳайё Раҳимжонованинг ижод намуналари алоҳида эътироф этилди.
— Табиат манзаралари, ҳайвонот оламининг мўъжизалари мен учун — илҳом манбаи, — дейди Роман Блохин. — Тинч ва фаровон юртимиз осмонида учаётган кабутарлар расми биринчи ўринга лойиқ топилганидан жуда хурсандман. Бу муваффақиятим замирида устозларимнинг кўп йиллик меҳнати мужассам. Моҳир рассом бўлиб, юртим жамолини тасвирий санъат орқали бутун дунёга кўз-кўз қилмоқчиман.
Кўрик-танлов ғолиб ва совриндорлари ташкилотчиларнинг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ҳасан МЎМИНОВ,
“Ma’rifat” мухбири