Болалар ясаган моделлар
Ёшлар ижод саройининг кўргазмалар зали. Бири-биридан ҳайратомуз техник моделларга қараб, мактаб ўқувчилари томонидан яратилганига ишонгингиз келмайди. Фойдаланилган хомашёларни айтмайсизми? Темир, фанер, картон қоғози бир парча бўлиб ерда ётиши мумкин. Аммо ақл-заковат ишга солинса ажабтовур буюмга айланар экан!
Халқ таълими вазирлиги томонидан пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида “Болаларнинг техник ижодкорлиги” фестивал-танловининг республика босқичи доирасида ташкил этилган кўргазмани томоша қилиб, шундай хулосага келдик.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Тошкент давлат техника университети, пойтахтимиздаги Турин политехника университети, Тошкент ахборот технологиялари университети билан ҳамкорликда ўтказилган ушбу лойиҳада “Баркамол авлод” болалар марказларининг техник йўналишдаги тўгарак аъзолари ҳамда умумтаълим мактаблари ўқувчилари 7 йўналиш — автомодель, авиа-ракетамодель, кемасозлик, робототехника, электрон ўйинчоқлар, радиотехника, электроника ва алоқа, кино-видеоҳаваскорлик бўйича ижодий ишларини намойиш этдилар.
Ўқувчи мактабдан ташқари таълим тизимида оддийдан мураккабга қараб, мураббийлар кўмагида босқичма-босқич ўз техник тасаввурини бойитиб бораётгани қувонарлидир. Ҳакамлар ҳар бир ижодий ишни уч жиҳатдан баҳолашди: турмушда тутган ўрни, ўзига хос дизайни ва техник талабларга қай даражада жавоб бериши.
Ғолибликни қўлга киритган иқтидорли иштирокчилар ҳамда турли номинацияга муносиб топилган ёшлар Халқ таълими вазирлигининг диплом ҳамда эсдалик сов¬ғалари билан тақдирланди.
Ҳулкар ТЎЙМАНОВА