Ихтиролар юз очаётган маскан
Ҳунарли киши хор бўлмас. Бу нақл замирида асрий ҳикмат мужассам. Бугунги авлоднинг изланувчан, эпли ва уқувли бўлишига “Баркамол авлод” болалар марказлари ҳам ҳисса қўшмоқда. Фарғона туманидаги “Баркамол авлод” болалар марказида яратилган намунали шароит 630 нафар мактаб ўқувчисининг бадиий ижодиёт, техник ижодкорлик, экология ва ўлкашунослик йўналишлари бўйича 21 тўгаракда мустақил ҳаётга тайёрланишини таъминламоқда. — Ўқувчи-ёшлар дарсдан бўшаши билан мактабдан ташқари таълим муассасасига қараб югуради, — дейди марказ директори Холмурод Миркомилов. — Тўгарак машғулотларини ўқув дастурларида белгиланган талаб бўйича ўтказиш учун барча шароитга эгамиз. Мураббийларимиз малакали, тажрибаси етарли, бола психологиясини яхши билишади.
Тумандаги 39-умумтаълим мактабининг 4-синф ўқувчиси Ферузбек Эркинов устози Холмурод Миркомилов билан биргаликда турли машина моделларини яратмоқда. Ўтган йили “Бошланғич техник моделлаштириш” йўналиши бўйича республика миқёсида ўтказилган кўрик-танловда Ферузбек “Йўл қурилиши учун ихтисослаштирилган махсус машина” модели билан ғолибликни қўлга киритди. Ушбу қурилма асфальт, шағал ташийдиган тиркамали бўлиб, йўлга 5 сантиметр қалинликда шағал ёки асфальтни ёйиши ва текислаши мумкин. Машина 3-4 та ускунанинг ишини бажара олади. Агар модел йўл қурилиши соҳасига жорий қилинадиган бўлса, амалдаги машинага нисбатан анча қулайликлар юзага келади.
“Бошланғич техник моделлаштириш” тўгараги аъзолари Фахриёр Фахриддинов, Икромжон Мўйдинов кўрик-танловларда кўпинча ғолиб бўлиб қайтмоқда. Фахриёр яратган “Полиэтилен буюмларни майдаловчи кўчма машина”, Икромжоннинг “Қуёш энергияси ёрдамида сув иситиш қурилмаси” 2017 йилги Техник ижодиёт фестивалининг республика босқичида “Энг долзарб мавзу” номинациясига лойиқ топилди. Шунингдек, Моҳларойим Исроилова раҳбарлик қилаётган “Ёш архитекторлар” тўгараги ўқувчиларининг орзулари оламга сиғмайди: замонавий уй-жойлар, таълим муассасалари, кўнгилочар масканлар лойиҳасини чизаётган ёш меъморлар келгусида Фар¬ғона вилояти архитектурасига катта ўзгаришлар олиб кирса, не ажаб!
Марказ педагог-мураббийлари болажон, ўқувчи қизиқишларини ҳамма нарсадан устун қўйишади. Агар ёш ижодкорнинг қизиқиши рағбатлантирилса, унинг кашф этилмаган қирралари намоён бўлар экан. Хосият Парпиева, Зилола Аҳмедова, Нафиса Ўринбоева, Хуршида Усмонова каби мураббийлар ана шу ҳақиқатни теран англаб, ҳар бир тўгарак аъзосига индивидуал ёндашади.
Марказда ҳамиша тартиб-интизом, орасталик ҳукмрон. Замонавий технология, кўргазмали қурол ва хомашёни кўз қорачиғидек асраш асосий талаблардан биридир. 3000 дан ортиқ ўқув адабиётини ўзида жамлаган ахборот-ресурс марказида ўқиб-ўрганиш, изланиш муҳити яратилган.
Тошлоқ туманидаги “Баркамол авлод” болалар маркази ҳам ўқувчилар билан гавжум. Марказда 960 нафар ўғил-қиз тўрт йўналишдаги 33 тўгаракка жалб этилган. 40 нафар педагог-ходим уларга бириктирилган. 2015 йили қурилиб, фойдаланишга топширилган икки қаватли бино тўлиқ тўгарак машғулотларини ўтиш учун мўлжалланган.
— Ҳар ўқув йили якунида тўгарак раҳбарлари фаолияти атрофлича ўрганиб чиқилади, — дейди марказ мутахассиси Зарифа Шокирова. — Юқори натижа кўрсатган тўгарак раҳбарларини тақдирлаймиз. Ўтган ўқув йилида Гулнора Сотқинова “Энг яхши тўгарак раҳбари” деб топилди. 1-, 2-, 8-, 14-, 22-, -30-, 41-умумтаълим мактабларида филиалларимиз очилган бўлиб, қандолатчилик, компьютер саводхонлиги, тикиш-бичиш, тўқувчиликка қизиққан ўсмир-ёшлар шуғулланишади. 2017 йили тасвирий санъат тўгараги аъзоси Маҳлиё Раҳматжонова “Экология — болалар нигоҳида” расмлар танловининг республика бос¬қичида иштирок этди.
Лекин бу натижалар марказнинг ҳали ўз имкониятларидан тўлиқ фойдаланмаётганини кўрсатади. Бунга нима халал бермоқда? Марказга кириб келган киши бинонинг совуқлигидан эти жунжикади. Хоналарнинг совуқлиги кўплаб ўқувчиларнинг машғулотларда қатнашишига тўсқинлик қилмоқда.
Марказ раҳбари Равшан Аҳмадалиев бу ҳолатни шундай изоҳлайди:
— Бино қурилган маҳалда иситиш тизими мукаммал ишланмаган экан. Бунинг жабрини тортяпмиз. Ўтган йили ички имкониятларимиздан фойдаланиб, 2 миллион сўм маблағ сарфладик, аммо бу “урвоқ” ҳам бўлмади. Тўгарак хоналарига электр иситиш мосламаларини қўйишга мажбур бўляпмиз. Иситиш тизимини қайтадан бунёд этиш масаласи кун тартибимиздаги асосий муаммо бўлиб турибди.
Шарифа МАДРАҲИМОВА,
“Ма’rifat” мухбири