Амир Темур — илм-фан ҳомийси
Тошкент вилояти халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази томонидан Амир Темур таваллудининг 680 йиллигига бағишланган илмий-амалий семинар ўтказилди. Унда тарихчи-олимлар, ёзувчилар, маънавият тарғиботчилари, илмий тадқиқотчилар ва халқ таълими ходимлари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққан Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази раҳбари А.Маврулов, Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди раиси Н.Ҳабибуллаев, Темурийлар тарихи давлат музейи директори Х.Файзиев ва бошқалар мустақиллик йилларида юртимизда Амир Темур ва темурийлар даври тарихини ўрганиш ва тарғиб қилишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлашди.
Дарҳақиқат, буюк давлат арбоби, енгилмас саркарда, беназир инсон Амир Темурнинг давлатчилик, илм-фан, маданият,
бунёдкорлик соҳаларидаги бой меросини ўрганишга қизиқиш жаҳон миқёсида тобора ортиб бормоқда. Темурийларнинг дунё тамаддунига қўшган улкан ҳиссасига оид кўплаб асарлар ва илмий тадқиқотлар буни тасдиқлайди.
— Бобокалонимизнинг қудратли давлат, адолатли жамият барпо этиш, ўзаро ҳамжиҳатлик, бағрикенглик, меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлаш, халқ фаровонлигини таъминлашга оид эзгу тамойиллари нафақат ўз даври, балки мамлакатимизнинг истиқлол даврида ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда, — дейди Тошкент ислом университети профессори, тарих фанлари доктори Убайдулла Уватов. — Муаррих Ибн Арабшоҳ талқинида у ўз даврининг энг қудратли давлат асосчиси, илм-фан, маданият ва маънавият ҳомийси, одилона сиёсат юритган раҳбар сифатида ифодаланади.
Дилшод РЎЗИҚУЛОВ,
“Ma’rifat” мухбири