Жаҳоннинг энг ёш гроссмейстери — Ўзбекистондан!
Бир йил олдин ҳам газетамизда худди шу сарлавҳа остида мақола берган эдик. Ўшанда Нодирбек Абдусатторов 13 ёшу 1 ойлигу 11 кунлик бўлганида халқаро гроссмейстер даражасига эришиб, шахмат тарихида россиялик Сергей Карякиндан сўнг иккинчи натижани қайд этган эди. Шу йил ёзда ҳиндистонлик Рамешбабу Прагнанандҳа 12 ёш 10 ойлик ва 13 кунлик бўлганида шундай унвонга эришиб, Нодирбекни 3-ўринга тушириб қўйган эди. Энди эса энг ёш пайти халқаро гроссмейстер унвонига эга бўлганлар рўйхатида 2-ўринга яна Ўзбекистон вакили кўтарилди. Истеъдодли шахматчимиз Жавоҳир Синдоров 12 ёшу 10 ойлик бўлганидан 7 кун ўтиб, яъни 15 октябрь куни учинчи бор халқаро гроссмейстер нормасини бажарди!
Венгриянинг Будапешт шаҳрида ниҳоясига етган халқаро турнирда Жавоҳир чехиялик халқаро гроссмейстер (GM) Войтех Плат (рейтинги — 2539), венгриялик GM Аттила Зебе (2426), сербиялик GM Златко Илинжич(2411)ни мағлуб этиб, учинчи маротаба GM нормасини бажарди. Бунгача у шу йил июнь ойида Россиянинг Воронеж шаҳрида бўлиб ўтган халқаро турнирда илк бор, сентябрь ойида Туркияда ўтказилган 20 ёшгача ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иккинчи марта халқаро гроссмейстер нормасини бажарган эди.
Энди жаҳон миқёсида энг ёш пайти халқаро гроссмейстер унвонига эга бўлганлар рўйхатининг энг юқори ўнлиги қуйидагича кўриниш олди:
1. Сергей Карякин Россия 12 ёш 7 ойлик
2. Жавоҳир Синдоров Ўзбекистон 12 ёш 10 ой 7 кун
3. Рамешбабу Прагнанандҳа Ҳиндистон 12 ёш 10 ой 13 кун
4. Нодирбек Абдусатторов Ўзбекистон 13 ёш 1 ой 11 кун
5. Паримаржан Неги Ҳиндистон 13 ёш 4 ой 22 кун
6. Магнус Карлсен Норвегия 13 ёш 4 ой 27 кун
7. Вей И Хитой 13 ёш 8 ой 23 кун
8. Бу Хиангзи Хитой 13 ёш 10 ой 13 кун
9. Самуэль Севиан АҚШ 13 ёш 10 ой 27 кун
10. Ричард Раппорт Венгрия 13 ёш 11 ой 6 кун
Жавоҳир Синдоров — ўзбек шахматининг келажаги деб қаралаётган “олтин авлод” вакилидир. Бир неча карра Ўзбекистон, Осиё, мактаб ўқувчилари ўртасида жаҳон чемпиони. Ҳали мактаб ўқувчиси бўлса-да, бир неча йилдан буён халқаро мастер ва гроссмейстерлар билан теппа-тенг дона сураётган иқтидор соҳиби. Айни пайтда тенгдошлари орасида жаҳон рейтингида 2500 рейтинг бали билан ҳиндистонлик Рамешбабу Прагнанандҳадан (2519) сўнг 2-ўринда турибди. Ўзбекистоннинг энг кучли шахматчилари ўнлигига кирганига эса анча бўлди. Айни пайтда 8-ўринда:
1. Рустам Қосимжонов GM 2662 1979
2. Антон Филиппов GM 2592 1986
3. Нодирбек Абдусатторов GM 2558 2004
4. Жаҳонгир Воҳидов GM 2554 1995
5. Нодирбек Ёқуббоев IM 2522 2002
6. Темур Қўйбоқаров IM 2513 2000
7. Жўрабек Ҳамроқулов GM 2508 1988
8. Жавоҳир Синдоров IM 2500 2005
9. Михаил Салтаев GM 2471 1962
10. Ортиқ Ниғматов FM 2456 2000
11. Саидали Йўлдошев GM 2445 1968
12. Марат Жумаев GM 2437 1976
13. Шамсиддин Воҳидов IM 2423 2002
14. Никита Хорошев IM 2416 1992 15. Алишер Бекмуродов FM 2410 1997
Халқаро шахмат федерацияси (FIDE) 20 ёшгача бўлган энг кучли шахматчиларнинг рейтингини ҳам алоҳида ҳисобга олиб боради. 2018 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, ушбу рейтингнинг юзлигидан 4 нафар шахматчимиз жой олган:
1. Нодирбек Абдусатторов — 30-ўринда.
2. Нодирбек Ёқуббоев —57.
3. Темур Қўйбоқаров — 64.
4. Жавоҳир Синдоров — 73.
Таъкидлаш жоизки, бу кўрсаткич Ўзбекистон шахмати тарихидаги энг яхши кўрсаткичдир. Мазкур 4 шахматчимиз қаторига яна яқинда биринчи марта халқаро гроссмейстер нормасини бажарган Шамсиддин Воҳидовни ҳам қўшиш мумкин.
Энди савол туғилади. Кўпчилик мутахассислар томонидан “олтин авлод” дея баҳоланаётган бу истеъдодларимизнинг шахматчи сифатида янада ўсиши, такомиллашиши учун имкониятлар етарли даражада яратилиб бериляптими? Уларнинг хорижий давлатларда бўлаётган кучли турнирларда иштирок этишлари учун ҳомийларни бириктириш, уларни моддий қўллаб-қувватлаш чораларини кўриш вақти келмадими? Ҳеч бўлмаганда Ўзбекистон терма жамоаси таркибида шахмат олимпиадаси, бошқа жамоавий турнирларга кўпроқ жалб этиш ҳам тажриба тўплашларида қўл келар эди. Қачонгача болалар ва ўсмирлар ўртасидаги мусобақаларда эришилган муваффақиятлар билангина мақтаниб юрамиз?
2014 йили Георгий Аъзамов хотира турниридан сўнг таниқли гроссмейстер Саидали Йўлдошев шундай фикр билдирган эди:
— Нодирбек Абдусатторов, Нодирбек Ёқуббоев, Шамсиддин Воҳидов, Ортиқ Неъматов ва яна бир қанча ёшларимиз муваффақиятли ўйинлари билан кўпчиликни ҳайратлантирди. Рейтинги 2600 балдан юқори бўлган гроссмейстерлар устидан ғалаба қозонганликлари уларнинг салоҳияти баландлигидан, келажаги порлоқлигидан далолат беради. Нодирбек Абдусатторов сўнгги турда Алишер Анорқуловга ютқазиб қўймаганда, халқаро тоифадаги спорт устаси нормасини бажарар эди. Бундай ҳолларда кўпам ташвишга тушмаслик керак. Агар сен спорт устаси даражасида ўйнай бошласанг, унвонлар ўзи келаверади. Умуман, терма жамоа мураббийлари, раҳбариятга айнан мана шу ёшларга ишонч билдиришни маслаҳат берардим. Уларни барча жамоавий мусобақаларга, жумладан, Олимпия ўйинларига ҳам жўнатиш лозим. Жамоа етакчилигига Рустам Қосимжоновни ёки ўсмирлар орасида энг яхши шахматчи Жаҳонгир Воҳидовни тайинлаш зарур. Хоккейдан бир мисол келтириш мумкин. Куни кеча якунланган жаҳон чемпионатида Россия терма жамоаси таркибни янгилаб, «ушлаган жойини узиб оладиган» ёшларга имконият берди. Бу эса кечиктирмасдан мева берди: руслар жаҳон чемпиони бўлди. Агар ёшларга имкон берсак, ўйлайманки, яна уч йилдан сўнг терма жамоамиз арзирли муваффақиятларга эриша бошлайди.
Яқинда Грузиянинг Батуми шаҳрида якунланган жаҳон шахмат олимпиадасида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари кўрсатган натижаларга эътибор беринг:
Жадвалдан кўринадики, ушбу нуфузли мусобақада Н.Ёқуббоев ва Н.Абдусатторов акаларидан кўра яхшироқ натижа қайд этган.
Энди савол туғилади: нега терма жамоага С.Йўлдошев ва Н.Хорошевдан рейтинг бўйича юқори ўринда турган ёш шахматчилар жалб этилмади? Нега рейтингда 11- ва 14-ўринда турган шахматчилар терма жамоага киритилди? Агар Филиппов ва Воҳидов терма жамоада ўйнашдан бош тортган бўлса(шундай бўлиши ҳам мумкин), нега Йўлдошев ва Хорошевдан кўра юқорироқда турган, масалан, Темур Қўйбоқаров ва Жавоҳир Синдоровга имконият берилмади? Ўзи терма жамоа таркиби қандай мезонларга кўра шакллантирилади? Ўзбекистон шахмат федерацияси фаолиятида шаффофлик қачон таъминланади?
Хуллас, терма жамоа таркиби олимпиадага 3 кун қолгандагина эълон қилингани менда шундай саволларни пайдо қилди. Олимпиадада Р.Қосимжонов бошчилигида Н.Абдусатторов(2004 йили туғилган), Н.Ёқуббоев(2002), Ж.Синдоров(2005), Ш.Воҳидов(2002) каби ёш, бунинг устига, айни дамда мусобақаларда кўпроқ иштирок этаётган ёшларга имкон берган маъқул эди. Шунда, дейлик, 2020 ёки 2022 йилги олимпиадада бу йигитлар, албатта, юртимизга медаль олиб келишарди.
Хабарингиз бўлса, Президентимизнинг 2018 йил 9 августда “Ўзбекистон Республикасида шахматни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унда “ақл гимнастикаси”нинг истиқболи учун зарур бўлган қатор муҳим жиҳатларга урғу берилган. Жумладан, унда юртимиздаги барча умумтаълим мактабларида шахмат дарсларини жорий этишни босқичма-босқич қамраб олиш, юқори малакали мураббийлар тайёрлаш, шахмат клублари ва умумий ўрта таълим мактаблари шахмат синфларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга доир дастур яратилиши белгилаб қўйилди. Бу, табиийки, мамлакатимизда яқин йиллар ичида шахмат бўйича янада кўпроқ иқтидорлар кашф этилиши ва юзага чиқиши учун замин яратади.
Энг асосийси, халқнинг интеллектуал салоҳияти юқори, рақобатбардош қатлами сафи кескин тарзда кенгаяди. Натижада халқаро мусобақаларга терма жамоамиз таркибини танлашда чинакам рақобат юзага келади. Қувонарлиси, ўшанда зўрлардан зўр чиққан шахматчиларимизгина халқаро мусобақаларда Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилади ва нуфузли турнирлар, жаҳон чемпионатларида қадим шахмат Ватанининг бугунги ёшлари илму тафаккурда, ақлини ишлатишда ҳеч кимдан кам эмаслигини такрор-такрор исботлайди, дунё халқларини оламшумул ғалабалари билан ҳайратда қолдиради.
Ҳусан КАРВОНЛИ