Бола спортни танласин!
Бугун ўғил-қизларнинг ҳам жисмоний, ҳам маънавий баркамоллигига алоҳида аҳамият берилмоқда. Натижада иродаси тобланган, фикри теран, ватанпарвар ёшлар сафи тобора кенгайиб бормоқда.
Аммо масаланинг иккинчи томони ҳам борки, бунда айрим муаммолар кўзга ташланади. Яъни орамизда, соғлом бўлиб ўсса бўлди, дея фарзандини бўйнидан ип ўтказгандек бирор спорт турига мажбуран «боғлаб» қўяётганлар ҳам учраб турибди. Уларга спорт тўгараги, ўғил-қизининг ёши, бўйи, жисмоний имкониятлари, хоҳиши қизиқ эмас.
Мазкур масалани чуқурроқ таҳлил қилиш мақсадида Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети “Жисмоний маданият” кафедраси катта ўқитувчиси Азиза Ражабова билан суҳбатлашдик.
— Болаларни бирданига катта спортга жалб этиш ярамайди. Аввал уларни 4-5 ёшида гимнастик машғулотларда «тоблаб», танасини чиниқтириш лозим. Бу ёшдан кейин суякнинг қайишқоқлиги камайиб, бола кўпгина машқларни бажаришга қийналади. Асаб тизими асосан 5-6 ёшдан мустаҳкамлана бошлашини инобатга олсак, спорт билан шуғулланиш учун бу ёш энг мақбул давр ҳисобланади. Бола бу вақтда мураббийи берган вазифаларни бажара оладиган ёшга етади. 6 яшар болани хоҳишига қараб исталган спорт тўгарагига бериш мумкин. Аммо бу даврда улар учун энг фойдалилари — сузиш, бадиий гимнастика ва футбол. Болаларда кўп учрайдиган сколиоз каби хавфли касалликларни 6—12 ёшгача сузиш, турникда машқлар бажариш ва енгил атлетика ёрдамида даволаш мумкин. Кўриш қобилияти паст ўғил-қизлар эса 9—11 ёшда стол тенниси ва катта теннис билан фаол шуғулланиши лозим. Футбол ҳам боланинг кўриш қобилиятини оширишга ёрдам беради.
Саломатлик учун барча спорт тури фойдали бўлса-да, улардан айримларини маълум даврларда чеклаш лозим. Масалан, танасининг ривожланиши кечикаётган 12—14 ёш оралиғидаги ўғил-қизларга каратэ, таэквондо, дзюдо каби оғриқ берувчи усулларга бой спорт турлари тавсия этилмайди. Акс ҳолда боланинг бўйи ўсмай қолиши мумкин. Худди шундай 9—12 ёшда оғир атлетика билан шуғулланиш ҳам маъқул эмас. Бу болага «оғирлик» қилиб, буйраги атрофини ёғ қоплашига олиб келади.
Ўсмирлик даврида эса болаларга асаб тизимидаги қўзғалишлар шундоқ ҳам салбий таъсир эта бошлайди. Шу боис бу даврда уларни сокин спорт турларига жалб қилиш керак. Хусусан, 12—18 ёшли қизларга аэробика, ўғил болаларга енгил атлетика билан шуғулланиш тавсия этилади. Бу ўсмирга ички хотиржамлик бағишлаб, «ўтиш даври»ни енгиллаштиради. Асаб тизимида рўй берадиган стрессларга чидамлиликни оширади, ортиқча ҳиссиётларга берилмасликка ўргатади.
— Сўнгги вақтларда атроф-муҳитнинг заҳарли газлар билан ифлосланиши, нотўғри овқатланиш ва бошқа салбий омиллар туфайли, айниқса, болаларнинг ривожланишида жиддий ўзгаришлар кузатилмоқда. Фарзандининг бўйи ўсмаётганидан ташвишда юрган ота-оналар сони ҳам кўпаймоқда. Бу масалага спорт ёрдамида ижобий ечим топиш мумкинми?
— Ҳақиқатан, жуда кўп ота-оналар бизга ушбу масалада мурожаат қилади. Аммо, ачинарлиси, уларнинг ўзи фарзандининг бўйи ўсишига ишонқирамай, биз айтган чора-тадбирларни охиригача қўлламайди. Натижада бола ўсмай қолади. Ваҳоланки, ҳатто наслга оид сабаб туфайли бўйи ўсмаётган болаларни ҳам 12 ёшга тўлгунга қадар даволаш мумкин. Бунинг учун болага биринчи галда кўп миқдорда микроэлемент ва витаминларга бой овқат истеъмол қилиш, қолаверса, сузиш, турникда тортилиш, югуриш, футбол билан мунтазам шуғулланиш тавсия этилади. Айниқса, ҳафтада икки маротаба илик шўрва истеъмол қилиш боланинг мушаклари ривожланиши, суяклари мустаҳкам бўлиши ва бўйининг ўсишига ижобий таъсир этади.
Ота-она фарзандини бирор спорт тўгарагига бермаган тақдирда ҳам унинг соғлом вояга етиши учун ҳар кунги бадантарбия машғулотларини тўхтатмаслигини назорат қилиши лозим. Тонгги машқлар бола организмини чиниқтириб, қон айланишини яхшилайди, кайфиятини кўтариб, кун давомида тетикликни таъминлайди.
— Ақлни чархловчи ўйинлар деярли жисмоний куч талаб этмагани боис исталган ёшда ўрганиш мумкин, деган фикр қанчалик тўғри? Умуман, бу каби спорт турлари билан неча ёшдан шуғулланган маъқул?
— Қайси спорт тури бўлмасин, болани 5-6 ёшидан жалб этиш лозим. Масалан, шахмат ва шашка машғулотларини ҳам шу ёшдан бошлаган маъқул. Сабаби, бу ёшгача аксарият болаларда бир жойда ўтиролмаслик, асаб тизимининг қўзғалувчанлиги юқори бўлади. 7 ёшдан кейин эса болада диққатни жамлаш қобилияти ортади, бир жойда муқим ўтиради. Шунга қарамай, болани ақлий спорт ўйинларига беришдан олдин унинг хотирасини ҳисобга олиш керак. Эслаб қолиш қобилиятига кўра болалар уч гуруҳга бўлинади. Шундай болалар борки, улар эшитган нарсасини дарҳол эслаб қолади. Айрим болалар бир нарсани бир неча бор такрорлаганингиздан кейингина ёдида сақлаб қолади. Учинчи гуруҳ вакиллари эса хотираси паст бўлиб, уларга соатлаб гапирсангиз ҳам, «бу қулоғидан кириб, унисидан чиқиб кетаверади». Демак, биринчи гуруҳга кирувчи болаларни 3-4 ёшиданоқ шахмат ёки шашка тўгаракларига бериш мумкин. Икки тоифадаги болаларни эса 7 ёшдан кейин жалб қилса бўлади.
— Айрим болалар жанговар спорт турларига қизиқади, бироқ ота-оналар фарзандини эҳтиёт қилиш мақсадида уни рад этади ёки каттароқ бўлишини кутади. Бундай спорт турлари билан болалар неча ёшдан шуғулланса бўлади?
— Тўғри, кўпчилик ота-оналар шундай фикр юритади. Аслида, ҳақиқатан ҳам, жанговар спорт турлари билан шуғулланган боланинг боши, юзига тегадиган кучли зарбалар мия чайқалишига олиб келиши, келажакда бола саломатлигига жиддий таъсир кўрсатиши эҳтимоли юқори. Бунда инсон ўзини ҳимоя қилмаса, уни ҳеч ким аяб ўтирмайди. Бунинг учун бола шу спортда пишган, чиниққан бўлиши лозим. Шуни инобатга олган ҳолда, боксга болалар 6 ёшдан қабул қилинади. Сабаби, айни шу даврда боланинг суяк ва мушаклари ҳали қотиб улгурмаган бўлиб, бокс ҳаракатларини осонлик билан бажаради. Бу ёшгача ва ундан кейин бокс машғулотларига киришиш ва ушбу спорт турида бирор натижага эришиш қийинроқ кечади.
Ирода ТОШМАТОВА суҳбатлашди.