Жисмоний тарбия ўқитувчиси қандай бўлиши керак?
Соғлом авлодни вояга етказиш, ёшларга таълим-тарбия бериш боғчада бошланиб, мактабда секин-аста жиддийлашиб боради. Айнан шу даврда жисмоний тарбия фанига қизиқтириш орқали болада жисмоний маданият шакллантирилади. Табиийки, бу жараённи қанчалик тўғри ташкил этиш жисмоний тарбия ўқитувчисининг билим ва маҳоратига боғлиқ. Хўш, бугунги кун талабига жавоб берадиган жисмоний тарбия фани ўқитувчиси қандай бўлиши керак?
Жаҳон тажрибасида мазкур фанга шунчаки машғулот ўтказиш эмас, балки бутун бошли тизим сифатида қаралгани боис мутахассисга ҳам қатор талаблар қўйилади. Европада жисмоний тарбиядан дарс берадиган ўқитувчи нафақат спортчи ва педагог, балки тиббий малакага эга, болаларни яхши тушунадиган психолог ҳам бўлишига эътибор қаратилади. У ўқувчиларни дарсга қизиқтириши, улар билан мулоқотда сабрли, баъзан талабчан ва қаттиққўл бўлиши талаб этилади. Педагог ҳам спорт устаси, ҳам соғлом инсон сифатида болаларга намуна бўлиши керак.
Республикамиздаги мактаблар мисолида жисмоний тарбия дарслари сифати ва фан ўқитувчиларининг малакасини таҳлил қилсак, афсуски, уларнинг аксарияти талабга жавоб бермаслигини кўрамиз. Дарсларнинг кўпи шунчаки, хўжакўрсинга ўтилаётгандек.
Ўқувчиларнинг барчасидан формада бўлишни қатъий талаб қилган ўқитувчи болаларнинг олдига битта тўп ташлайди-ю, 45 дақиқа ўз ишлари билан машғул бўлади. Ёки ўқувчилар билан «келишган» ҳолда, дарсни «оффсайд»га чиқаради. Ачинарлиси, бундан ўқитувчи ҳам, ўқувчилар ҳам мамнун. Қолаверса, кўпчилик ўйлаганидек — жисмоний тарбия фани шаталоқ отиб югуриш, тўп ўйнатиш дегани эмас, ушбу фанни ўтишдан мақсад — тизимли машғулотлар ёрдамида ҳар бир болада жисмоний маданият тушунчасини шакллантириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш.
— Бугун мамлакатимизда катта ўзгаришлар, ислоҳотлар кечмоқда, — дейди Яшнобод туманидаги 69-умумтаълим мактабнинг жисмоний тарбия фани ўқитувчиси Шамсия Мамадиёрова. — Шиддат билан ривожланаётган асримизда ҳар бир киши, айниқса, педагог ҳаёт талабларига жавоб бериши, замон билан ҳамқадам бўлиши лозим. Жисмоний тарбия фани ўқитувчиси ҳам касбига профессионал ёндашиб, ўз олдига бўлажак жаҳон чемпионлари, ҳеч бўлмаганда, жисмонан соғлом инсонларни вояга етказишни мақсад қилиб қўйиши зарур.
Ўқувчилар севимли устози Шамсия Мамадиёрованинг дарсларига ҳар сафар катта қизиқиш, хурсандчилик билан келади. Бу гал ҳам болалар ана шундай иштиёқ билан келганига гувоҳ бўлдик. Улар формада, ўз вақтида спорт залида жам бўлди. Ўқитувчи ўқувчилар билан саломлашгач, уларнинг саломатлиги ва дарс¬га тайёрлиги билан қизиқди. Жавоб қониқарли — барча машғулотларни бошлашга тайёр. Анъанага мувофиқ, болалар тетиклашиб олиш учун айлана бўлиб югурди. Сўнг навбат енгил жисмоний машқларга келди. Ўқувчилар ҳали бошланғич синф, кичкина бўлгани боис бироз ўйинқароқ. Шунданми, бири машқларни нотўғри бажарса, бошқаси ёнидаги ўртоғига тегажоғлик қилади. Шамсия опа дарҳол уларни тартибга чақириб, танбеҳ беради. Ҳа, ўқитувчи дарс бошидан ташаббусни қўлга олмаса бўлмайди. Замонавий элементлар ёрдамида бажариладиган бир қатор чиниқтирувчи, чигилёзди машқдан сўнг, ниҳоят болалар кутган ҳаракатли ўйинларга старт берилди. Икки томонга қатор саф тортган ўғил болалар ўртага тушган қизлар билан «Мерганлик» ўйинини бошлади.
— Дарсни режа асосида олиб бораман, — дейди Шамсия Мамадиёрова. — Бу болаларнинг ҳар сафар бир хил машқларни бажариб зерикишининг олдини олиш учун энг тўғри йўл. Ҳаракатли ўйинлар, эстафетали мусобақалар болаларнинг завқини, дарсга қизиқишини оширади. Натижада уларда жисмоний тарбия дарс¬лари баҳонасида эпчиллик, тетиклик, ўзига ишонч шаклланади. Бироқ айрим муаммолар ҳам борки, улар дарснинг кўнгилдагидек ўтиши, ўқитувчининг ўз маҳоратини тўла намоён этишига халал беради.
Масалан, синфларда ўқувчилар сонининг кўплиги. Ҳар бир синфда 35—45 нафаргача ўқувчи бор. Тасаввур қилинг, 45 дақиқалик дарсда ҳар бир ўқувчига 1-2 дақиқадан вақт ажратиш лозим. Бу эса кўп сонли ўқувчига эга синфларда индивидуал шуғулланишга вақт етмайди, дегани. Табиийки, умумий машғулотлар билан кифояланишга тўғри келади.
Қолаверса, болаларни тинчлантириш, уларнинг диққатини жамлашга ҳам кўп вақт кетади. Ахир, ўртача 35 нафар айни ўйинқароқлик қилиб, ерга урса, кўкка сапчийдиган ёшдаги болаларни тартибга келтириш осонмас. Жисмоний тарбия фани — ҳаракатлар мажмуаси. Демак, дарс жараёнида кичик жароҳат олиш, кимгадир туртилиб кетиш каби ҳолатлар юз бериб туради.
Жисмоний тарбия фанида замонавий технологиялардан фойдаланиш давр талабига айланди. Жисмоний тарбияга алоҳида эътибор қаратиладиган Европа давлатларида бунинг илғор усуллари аллақачон ишлаб чиқилган. Масалан, ўқувчи дарсда ўзи ёқтирган спорт турига оид техникани электрон воситалар ёрдамида ўрганиши мумкин. Японияда эса болалар 1-синфдаёқ тиббий текширувдан ўтказилиб, имкониятига мос спорт тури билан шуғулланиши тавсия этилади. Деярли барча мактабларда баскетбол, футбол ва волейбол ўйнаш учун майдонлар, ҳатто сув ҳавзалари ҳам мавжуд. Саломатлиги ёмонлашган ўқувчи билан ўқитувчи алоҳида шуғулланади. Яъни, саломатлик учун фойдали бўлган соғломлаштириш машқ¬лари бажарилади. Буюк Британияда жисмоний тарбия дарси энг муҳим фанлар — математика ва инглиз тили қаторида туради. Мактабларда бассейн, крикет ёки футбол билан шуғулланиш учун майдонлар қурилган. Болалар ўзига ёққан спорт турини танлайди, бироқ айрим мактабларда қизлар балет билан шуғулланиши мажбурий.
Ҳа, индивидуаллик муҳим. Аммо жисмоний тарбия дарсларини универсал тарзда ўтишнинг ҳам ижобий томонлари кўп. Масалан, ўқувчи бир спорт тури билан кифояланмай, барча оммавий спорт турлари техникасидан хабардор бўлади, ўғил-қизлар орасида уюшқоқлик, жамоавийлик яхши шаклланади.
— Замонавий технологиялардан фойдаланишга ҳаракат қиламан, — дейди Шамсия Мамадиёрова. — Дарсларни интерактив усулларда ўтаман. Ўқувчиларга саволлар ёзилган карточкалар тарқатиб, билимини, эстафетали мусобақаларда жисмоний имкониятларини синайман. Ҳар сафар амалий машғулотларга киришиш арафасида ўқувчиларга 5—10 дақиқа назарий билим бераман. Шунда ўқувчилар фақат куч эмас, тафаккур ҳам жисмоний тарбия фанининг муҳим бўлаги эканини англайди. Ўқув режасига 2 соатлик шахмат ўйинининг ҳам киритилгани айни муддао бўлди.
...Ўқувчилар ўйинлар қизигани боис чиқиш қўнғироғини ҳам эшитмади. Бироқ Шамсия опа навбатдаги дарсга пухта ҳозирлик кўриш учун дарсни тўхтатди.
Ирода ТОШМАТОВА