Осиё рекорди янгиланди, навбат Жаҳонга...
Пойтахтимиздаги “Ўзбекистон” спорт мажмуасида 30 апрелдан 7 майгача давом этган бокс бўйича Осиё чемпионатида якунланди.
Бу сафарги қитъа чемпионатида Осиё бокс Конфедерацияси (ASBC)га аъзо 29 мамлакат — Ўзбекистон, Хитой, Ҳиндистон, Эрон, Иордания, Қозоғистон, Жанубий Корея, Мўғулистон, Покистон, Шри-Ланка, Тожикистон, Туркманистон, Қирғизистон, Афғонистон, Малайзия, Бутан, Ливан, Непал, Фаластин, Қатар, Сингапур, Таиланд, Индонезия, Филиппин, Япония, Тайвань, БАА, Ироқ ҳамда Сурия давлатларидан 179 нафар энг кучли боксчилар ғолиблик учун куч синашди. Шунингдек, мусобақада ҳар бир вазн тоифасида кучли 6 нафар спортчи жаҳон чемпионатининг лицензиясини қўлга киритишди. Бу эса Осиё чемпионатига бўлган қизиқишни янада ортишига сабаб бўлди.
Эътборлиси, 10та вазн тоифасида ўтказилган мусобақанинг 9 тасида терма жамоамиз аъзолари финалда рақиблари устидан ғалаба қозониб, 9 та олтин медални қўлга киритди ва Осиё рекордини янгилади. Шу пайтгача ўтказилган қитъа биринчиликларида бирор жамоа 9 олтин медални қўлга киритмаган эди. Аввалги рекорд Жанубий Корея терма жамоа 1987 йилги Осиё чемпионатида 8 олтин медаль билан ўрнатилган эди. Вакилларимиз бу рекордни такрорлаб, уни янгилашга ҳам эришди. Ҳасанбой Дўстматов (-49 кг), Жасур Латипов (-52 кг), Муроджон Аҳмадалиев (-56 кг), Элнур Абдураимов (-60 кг), Иқбол Холдров (-64 кг), Шаҳрам Ғиёсов (-69 кг), Исроил Мадримов (-75 кг), Бектемир Мелиқўзиев (-81 кг), Баҳодир Жалолов (+91 кг)лар Осиё чемпионлиги билан бирга жаҳон чемпионатига йўлланма олди.
Мусобақада Ўзбекистон 9та олтин медаль билан биринчи, Қозоғистон 1та олтин, 3та кумуш ва 4та бронза билан иккинчи, Ҳиндистон ва Мўғулистон терма жамолари эса 2тадан кумуш ва бронза медаллар билан учинчи ўринни эгаллади. Турнирнинг энг яхши боксчисига аталган соврин эса термамиз аъзоси, Олимпиада чемпиони Ҳасанбой Дўстматовга насиб қилди.
Яна бир боксчимиз Санжар Турсунов (-91 кг) чорак финалда имкониятни бой беришига қарамай ўтиш босқичида рақибини мағлубиятга учратиб, жаҳон чемпионати йўлланмасига эгалик қилди. Шу тариқа боксчиларимиз тўлиқ таркиб билан жаҳон чемпионатида иштирок этадиган бўлди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилги жаҳон чемпионати 23 августидан – 4 сентябрига қадар Германиянинг Гамбург шаҳрида бўлиб ўтади.
Шерали НАМОЗОВ