Ҳувиллаб ётган сузиш ҳавзалари
Андижон вилоятида жисмоний тарбия ва оммавий спортни янада ривожлантириш бўйича тузилган дастурда «Сузиш иншоотлари ва сузиш ҳавзаларининг йил давомида, айниқса, куз-қиш мавсумларида узлуксиз фаолият юритишини таъминлаш, улардан самарали фойдаланиш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, эҳтиёжга кўра спорт иншоотларини муқобил энергия манбалари билан таъминлаш чораларини амалга ошириш» зарурлиги белгиланган.
Вилоятдаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабларидаги сузиш иншоотларида бўлиб, дастурда белгиланган вазифалар қандай амалга оширилаётгани билан қизиқдик.
Андижон шаҳридаги 1-, 3-, 4-, 5-кичик даҳаларда 25 мингдан зиёд аҳоли истиқомат қилади. 6 ёшдан 16 ёшгача бўлган болалар 7 минг 960 нафар. 2-БЎСМнинг сузиш ҳавзаси айнан мана шу аҳоли зич яшайдиган ҳудудда жойлашган.
Афсуски, Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган Паралимпия ўйинлари ғолиб ва совриндорлари, халқаро мусобақалар иштирокчилари, ёш спортчиларни етказиб берган сузиш иншооти жамоаси ўтаётган куз-қиш мавсумида етарли фаолият кўрсата олмади.
Бунинг асосий сабаби ҳалигача ёпиқ сузиш ҳавзасининг йўқлиги, газ босимининг етарли эмаслиги натижасида очиқ ҳавза иситиш тизимида муаммолар борлигидир. Ҳавза устини ёпиш бўйича лойиҳалар кўриб чиқиляпти, дейилганига ҳам бир неча йил бўлди. Муҳими, шу ернинг ўзида ёпиқ иншоот қуриш имконияти бор. Дарахтлар кесилиб, ишни бошлаш учун тайёр ҳолга келтирилган. Агар бу масала ҳал этилса, кичик даҳаларда яшовчи болаларгина эмас, шу ҳудудда жойлашган 13-, 14-, 50-, 43-умумтаълим мактаблари, академик лицей ва миллий ҳунармандчилик коллежи ўқувчилари ҳам сув спорти билан доимий шуғулланиши мумкин.
Хўш, нега XV Паралимпия ўйинлари ғолиби Фирдавс Мусабеков, кумуш медаль совриндори Муслима Одилова ва бронза медаль соҳиби Музаффар Турсунхўжаевдек совриндорларни тайёрлаган, сузиш турларига ихтисослаштирилган БЎСМнинг «Ёшлар» спорт саройидаги ҳавзаси ҳувиллаб ётибди? Мактаб услубчиси Санжарбек Расулов буни шундай изоҳлади:
— Иситиш қозонлари эскирган, вентиляция ва фильтр мосламалари деярли ишламайди. “Бўстон” даҳасидан алоҳида қувур тортиб келинганига қарамай, газ бир маромда эмас. Бу эса сувнинг совишига олиб келяпти.
Кейинги йилларда Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси вилоят филиали маблағи ҳисобидан бир қатор туманларда замонавий сузиш ҳавзалари қурилиб, фойдаланишга топширилди. Хусусан, Асака туманидаги БЎСМ ёпиқ сузиш ҳавзасининг ишга тушганига кўп бўлмади. Аммо... Иншоот раҳбари Элёрбек Марасуловдан нега бу ерда машғулотлар олиб борилмаётгани ҳақида сўрадик.
— Ҳавзадаги сувни алмаштириш керак, — дейди у. — Бироқ алмаштирилган сувни қайта иситиш учун 15 кун вақт талаб этилади. Шу боис мураббийимиз болалар билан Шаҳрихондаги сузиш ҳавзасида машғулот олиб боришга мажбур бўлмоқда.
— Сувни алмаштиришга наҳотки шунча вақт кетса?
— Афсуски, шундай. Жараённи тезлаштириш учун янги сув минораси қуриш зарур.
Избоскан ва Олтинкўл туманларидаги БЎСМ мавсумий сузиш ҳавзаларида ҳам муаммолар мавжуд.
— Ўтган йили сузиш ҳавзаси ишламади, — дейди Избоскан туманидаги БЎСМ услубчиси Баҳромжон Хушмирзаев.
— Фильтрловчи мослама таъмирланиши керак. Бунинг устига, шамол туриши билан сув юзаси хазонга тўлади. Сувни алмаштириб туришга қийналамиз. Чунки ҳавзага алоҳида қувур тортилмаган. Аҳоли ер ости сув манбаларидан фойдаланади. Катта маблағ сарфланиб сузиш ҳавзаси барпо этилган, аммо фойдаланиш даражаси жуда паст.
Шунинг учун мураббийлар ҳам бу ерда ишлашни хоҳламайди.
Олтинкўл туманида ҳам аҳвол шундай. БЎСМ директори Шербек Пўлатовнинг айтишича, тез орада ҳаммаси яхши томонга ўзгаради. Туман ҳокими жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш ҳамда оммавийлаштиришга жиддий эътибор қаратмоқда. Мавсумий сузиш ҳавзаси ёнидаги стадион капитал таъмирланади. Бир неча йилдан бери қаровсиз ётган кураш майдони ўрнида ёпиқ сузиш ҳавзаси барпо этилади ва барчаси биргаликда катта спорт мажмуасини ташкил қилади.
Муаммоларга қарамай, андижонликлар сув спорти турлари бўйича мамлакатимизда ўтказилаётган мусобақаларда пешқадамлар қаторида бормоқда. Мақсад эса оддий — ана шу ютуқларни сақлаб қолиб, янада кўпайтириш.
Орифжон СИДДИҚОВ