Тўлов-шартнома миқдори маълум қилинди
Юртимизда кечаётган қизғин янгиланиш жараёни олий таълим тизимида ҳам муайян ўзгаришларни амалга оширишни талаб этмоқда. Зеро, мамлакатдаги ижтимой-иқтисодий барқарорлик кўп жиҳатдан мазкур тизимда тайёрланаётган кадрларнинг рақобатбардошлилигига, билим ва салоҳиятига бевосита боғлиқ. Шу боис, мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ республикамизда олий таълимни ривожлантириш, ўқитиш мазмунини давр талабларига мослаштириш, таълим сифати ва самарадорлигини оширишга изчил эътибор қаратилди. Бироқ бугунги кун нуқтаи назаридан қараганда, олий малакали кадрлар тайёрлаш соҳасида ислоҳотларни янги бос¬қичда давом эттириш зарурияти юзага келди.
Президентимиз томонидан “Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда “2017/2018 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида”ги қарорларининг қабул қилиниши соҳада ечимини кутаётган қатор масалаларни ҳал этиш, олий таълим сифатини янги босқичга кўтариш баробарида унинг дастлабки ва муҳим бўғини бўлган қабул жараёнини такомиллаштиришга хизмат қилмоқда.
Жумладан, белгиланган квоталардан ташқари оширилган тўлов-контракт суммаси бўйича қўшимча қабул тартибининг жорий этилиши абитуриентлар учун қатор қулайликлар яратади. Шу кунгача кенг жамоатчиликда оширилган тўлов-контракт суммаси ҳамда қабул тартиби бўйича кўплаб саволлар йиғилиб қолган эди. Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 20 июнда қабул қилинган “Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш, талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори мазкур саволларга ойдинлик киритди. Унга кўра, қўшимча тўлов-контракт асосида ўқиш истагидаги абитуриентлар биринчи ўқув йили учун Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш Давлат комиссияси томонидан белгиланган муддатда муайян суммани тўлиқ тўлаб бўлгач, олий таълим муассасаси ректорининг буйруғи билан ўқишга қабул қилинади.
Олий таълим муассасаларининг таклифига мувофиқ, уларнинг ички имконияти, танлов ва тўпланган баллар миқдорига қараб, Давлат комиссияси қарори асосида абитуриентлар тўлов-контракт бўйича квотадан ташқари қўшимча ўқишга қабул қилиниши мумкин. Бунда холислик, ҳаққонийлик ва шаффофлик тамо¬йиллари инобатга олиниб, ўқиш истагини билдирган абитуриентлар баллар кетма-кетлиги бўйича қўшимча тўлов-контракт асосида ўқишга тавсия этилади.
Тўплаган бали қабул квотаси чегарасига бир балгача етмаган абитуриентлар тасдиқланган тўлов-контракт суммасининг 1,5 баробари, 1,1 — 2 балл етмаганлар 2 баробари, 2,1 — 3 балл етмаганлар 2,5 баробари, 3,1 — 4 балл етмаганлар 3 баробари миқдорида шартнома пулини тўлаши белгиланган. Шунингдек, кириш синовларида энг юқори баллнинг 30 фоизи(68 балл)дан кам балл тўпламаган, асосий квоталар ва Давлат комиссияси томонидан белгиланган қўшимча ўринларга қабул қилинмаган, бироқ ўқиш истагини билдирган абитуриентлар амалда ўрнатилган тўлов-контракт суммасининг 10 баробаридан ортиқ миқдорда шартнома пулини тўлаш шарти билан ўқишга кириши мумкин. Биринчи ўқув йили учун тўлов-контракт миқдори таълим йўналишидан келиб чиқиб Давлат комиссияси томонидан белгиланади. Талаба шартнома пулини биринчи ўқув йилида оширилган контракт суммада, кейинги ўқув йилидан бошлаб амалда ўрнатилган базавий тўлов-контракт миқдорида тўлайди.
Президентимизнинг шу йил 23 июнда қабул қилинган “Республика аҳолисини ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат товарларининг асосий турлари билан ишончли таъминлашга оид кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, 2017/2018 ўқув йилида олий таълим муассасаларида бакалавриат ва магистратура таълим йўналишлари бўйича бир талабани бир йиллик ўқитиш қиймати 2016/2017 ўқув йилидаги даражада сақлаб қолинди.
Аҳрор АРЗИЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бошқарма катта прокурори,
Фарҳод ЮЛДАШОВ,
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси бошқарма прокурори