100 баллик ва 5 баҳолик тизим қай бири афзал?
Баҳо — ўқувчи ёки талабанинг билим даражасини шунчаки аниқламайди, балки ўқишга нисбатан мотивация уйғотади, рағбат ва огоҳлантирувчи вазифасини ўтайди. Педагогик фаолиятнинг энг масъулиятли жиҳати ҳам айнан баҳолашдир. Билимнинг тўғри ва ҳаққоний баҳоланиши таълим сифати ва самарадорлигини оширишда муҳим ўрин тутади. Аудиторияда соғлом рақобатни шакллантиради.
Шу кунгача олий таълим тизимида барча курсларда баҳолаш 100 баллик рейтинг тизимида олиб бориларди. Жорий ўқув йилидан бошлаб 1-курсларда талабаларнинг ўзлаштириш кўрсаткичи 5 баҳолик тизимда баҳоланиши белгиланди. Ишчи ўқув дастурларида барча фанлардан баҳолаш жараёни шу тартибга ўтказилди. Энг аввало, баҳолаш тизимининг соддалиги барчага манзур бўлмоқда. Профессор-ўқитувчилар “Ҳар қандай ҳолатда ҳам соддалик мураккабликдан афзал бўлгани каби билимнинг баҳо орқали аниқланиши қулайлик туғдиради”, каби фикр-мулоҳазаларни билдиряпти.
— Умумтаълим ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида баҳолаш 5 баҳолик тизимда амалга оширилади, — дейди Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг чет тиллар факультети декани, доцент Ойбек Юсупов. — Олий таълим муассасаларига ўқишга кирган талаба учун 100 баллик баҳолаш рейтинги нотаниш бўлиб, кўплаб тушунмовчиликлар келтириб чиқаради. Бунда билим, кўникма ва малакаларни назорат қилишнинг рейтинг тизими асосида талабаларнинг ҳар бир фан бўйича ўзлаштириши баллар орқали ифодаланади. Ҳар бир фан бўйича талабанинг семестр давомида ўзлаштириш кўрсаткичи 100 баллик тизимда баҳоланади. Ушбу 100 балл назорат турлари бўйича фаннинг хусусиятидан келиб чиққан ҳолда кафедра томонидан жорий, оралиқ ва якуний назоратларга тақсимланади. Якуний назоратга 30 балл, жорий ва оралиқ назоратга 70 балл ажратилади. 70 балдан 30 бали оралиқ ва 40 бали жорий назорат учун ажратилади. Оралиқ назорат 2 марта ўтказилиб, ҳар бир назорат учун 15 балдан берилади. 40 баллик жорий назорат эса семинар, амалий ва лаборатория машғулотлари, тест, суҳбат, уйга вазифаларни текшириш ва бошқа шаклларда ўтказилади. 40 баллик жорий назоратга мустақил ишларни баҳолашни ҳам киритиш керак. Демак, 40 бални ҳар бир машғулотга тақсимлаш ёки маълум оралиқда жорий назоратлар ўтказиб туриш зарур. 40 балл машғулотларга тақсимланганда бутун бўлмаган сонлар келиб чиқиши мумкин. Якунда уларни қўшиб чиқиш керак. Оралиқ ва якуний назоратларда ҳам баллар саволлар кесимида тақсимланади. Кўриниб турибдики, 100 баллик рейтинг тизимининг ўзига хос мураккабликлари бор. Шу маънода, 5 баҳолик тизим таълим босқичларининг узлуксизлигини таъминлаш, баҳолаш тизимини соддалаштириш, ортиқча расмиятчилик ва қоғозбозликларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Талабаларда давлат таълим стандартларига мувофиқ билим, кўникма ва малакаларни шакллантириш нечоғлик муҳим бўлса, жараённи назорат ва таҳлил этиш шунчалик аҳамиятлидир. Шунинг учун баҳолаш аниқ, ҳаққоний ва қулай шаклда бўлиши лозим. Фанларнинг талабалар томонидан тизимли тарзда ва белгиланган муддатларда ўзлаштирилишини ташкил қилиш ҳамда таҳлил этишга зарурат сезилади.
— Баҳо таълим сифатини назорат қилишнинг асосий воситаси ҳисобланади, — дейди ТДПУ “Умумий педагогика” кафедраси мудири, педагогика фанлари доктори Бекзод Хўжаев. — Аслида баҳо ва баҳолаш ҳамма даврларда ҳам таълимнинг “муаммоси” бўлиб келган. Балл стипендияга таъсир қилгани учун талабаларда юқори баҳога интилиш янада кучайди. Олий таълим муассасаларида ягона баҳолаш шкаласи мавжуд эмаслиги ҳақида кўп маротаба фикрлар билдирилган. Тасаввур қилинг, нафақат олий таълим тизимида, балки бир олий таълим муассасасида 200 дан ортиқ фан ўқитилса, худди шунча миқдорда баҳо шкаласи (1,2; 2; 2,5; 3,5 ва ҳоказо) мавжуд. Мазкур ҳолат профессор-ўқитувчилар билан бирга, талабаларнинг ҳам қайси фандан, қандай натижага эришаётганини билмай, ҳисоб-китобда янглишишига сабаб бўлади. 5 баллик баҳолаш тизимига ўтилиши мазкур ҳолатни тўлиқ бартараф этиш имконини беради. Фақат профессор-ўқитувчилар битта жиҳатни ҳисобга олиши лозим: бу баҳо эмас, балл шкаласи. Профессор-ўқитувчилар яна 5 баҳо “шайдоси”га айланса, унда мутахассислар тайёрлашга компетенциявий ёндашувга асосланган тизим ўз моҳиятини йўқотади. Чунки компетенциявий ёндашувда ҳар бир компетенция элементи аниқ белгиланган балларда баҳоланиши ва талабага ўзининг рейтинг даражасини билиш имкониятини тақдим этиши талаб қилинади.
Таълим олганликни ташхис этишнинг асосий тушунчалари — назорат, текшириш, баҳолаш ва баҳонинг таърифи ҳамда моҳияти, назорат турлари ва методлари тўғри ҳамда тўлиқ англанмаса, баҳо қандай шаклда қўйилишидан қатъи назар, таълим сифати мониторингини ҳаққоний ташкил этиш имконсиз. Баҳо масаласига эътиборсизлик билан қараш таълим сифатининг пасайишига олиб келишини эсдан чиқармаслик лозим.
— Рейтинг тизимида талабанинг фандаги етакчи категориялар бўйича етарли тасаввурга эга бўлиши, фанни билиши, билганларини айтиб бера олиши, моҳиятни тушуниши, олган билимларини амалда қўллай олиши, мустақил мушоҳада юритиши, ижодий фикрлаши, хулоса ва қарор қабул қила олиши кабилар инобатга олинган ҳолда 100 баллик тизимда баҳоланади, — дейди педагог Феруза Ҳайитова. — Бунда 0—55 балл «қониқарсиз», 56—70 «қониқарли», 71—85 «яхши» ва 86—100 балл «аъло» баҳога тенг бўлади. Мантиқан ёндашса, баллар барибир баҳога «ўгирилган» ҳолда қабул қилинади. Стипендия ҳам талабаларнинг балига эмас, семестрни «аъло», «яхши» ва «қониқарли» баҳо билан якунлаганига қараб белгиланади. Шундай экан, икки ўртада ўқитувчининг овора бўлгани, ортиқча расмиятчилик — балларни ҳижжалаб ҳисоблаб чиққани қолади.
Балларни ҳисоблашда баъзи ўқитувчилар 1-2 балга янглишиб, жаримага тортилиш ҳолатлари ҳам учрайди. Шунинг учун 100 баллик рейтинг тизими жаҳон андозаларига мос дегувчилар ҳам 5 баҳолик тизимнинг соддалиги ва афзаллигини қайд этмоқда. Айни кунда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида талабалар билимини назорат қилиш ва баҳолашнинг 5 баҳолик тизими бўйича намуна ва уни тартибга солувчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар устида ишланмоқда.
Санобар ЖУМАНОВА,
“Ma’rifat” мухбири