Давлат тест марказининг вилоятларда бўлимлари очилди
Сўнгги йилларда олий таълим муассасаларига ҳужжат топширувчи абитуриентлар сони ҳар йили ўртача 10 фоизга ошмоқда. Таҳлилларга кўра, бу йил 810 мингдан ортиқ ёшлар талабаликка даъвогарлик қилиши кутилмоқда.
Маълумки, 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб тест синовларини ўтказиш жараёнини такомиллаштириш, жараённинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш ҳамда уни катта сиғимли биноларда видеокузатувлар орқали кенг жамоатчиликка онлайн режимда кузатиб бориш имкониятини яратган ҳолда ўтказиш, натижаларни тест ўтказилган куннинг эртасигаёқ расмий веб-сайтда эълон қилиш белгиланган.
Бу каби вазифаларни сифатли, самарали ва ўз вақтида амалга ошириш Давлат тест маркази вазифалари ва функциялари, ташкилий тузилмасини қайта кўриб чиқиш, шунингдек, унинг ҳудудий бўлимларини ташкил этишни талаб этаётган эди.
Шу йил 20 февраль куни Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази фаолиятини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилингани мазкур масалани ҳал этишда алоҳида аҳамиятга эга.
— Қарорга кўра таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда тест синови орқали танлаб олишга оид давлат сиёсатини амалга оширувчи ягона ваколатли давлат органи бўлган Давлат тест марказининг асосий вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, раҳбарларининг асосий функционал вазифалари, жавобгарлиги, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлиги, фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш мезонлари ва иш индикаторлари белгилаб берилди, — дейди Давлат тест маркази ахборот хизмати раҳбари Орзиқул Бобоев. — Шунингдек, Давлат тест марказининг аппарати тузилмасида тест синовларини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бош бошқармаси, тест синовларининг компьютер таҳлили ва ахборотлаштириш бошқармаси ва унинг Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги бўлимлари ташкил этилди. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари бир ой муддатда Давлат тест маркази бўлимлари учун ҳудуд марказларида жойлашган, коммуникация тизимларига эга бўлган бинолардан 3 тадан ортиқ хона ажратиши ҳамда уларнинг зарур моддий-техник воситалари билан тўлиқ жиҳозлаш кўрсатиб ўтилди. Марказнинг фаолиятини тубдан яхшилаш мақсадида бошқарув ходимларининг умумий сони 150 нафар қилиб белгиланди. Бу кўрсаткич олдингисидан икки баробар зиёд бўлиб, шу кунгача бошқарув ходимлари 72 нафарни ташкил этарди. Бундан буён тест синовларига тайёргарлик кўриш, уни ўтказиш ортиқча босимсиз амалга оширилади. Боиси, шу кунгача баъзи вилоятларда бир нафардан доимий вакилимиз иш олиб борган бўлса, баъзи ҳудудларда умуман йўқ эди. Энди ҳудудларда 35 нафар ходимимиз фаолият олиб боради.
Қолаверса, шу кунгача фақат жамоатчилик асосида иш олиб борган ахборот хизмати учун ҳам алоҳида штат ажратилди. Умумтаълим фанлари бўйича тест топшириқларини шакллантириш бўлимига 26 штат берилди. Шу кунгача бу бўлим вазифасини мавсумий жалб этилган педагоглар бажарарди. Энди бу амалиётдан воз кечилади. Давлат тест марказида ўз муқим иш ўрнига эга фан экспертлари фаолият юритади.
Қарорга кўра, Давлат тест маркази тўғрисидаги Низом тасдиқланди. Унда ҳам бир қатор ўзгаришлар мавжуд бўлиб, хусусан, тестологияни ривожлантиришга доир инновацион ёндашувлар кўзда тутилган.
Санобар ЖУМАНОВА