Тест синовларидаги ўзгаришлар
Абитуриентликдаги энг ҳаяжонли палла — тест натижаларини кутиш. Тест синовларидан сўнг ўқишга кирдимми ёки йўқ, деган ўй 10—15 кун — жавоблар чиққунча ҳар бир абитуриентни қийнайди. Тест саволларидаги ўта мураккаблик, имтиҳон жараёнида назоратнинг сустлиги, соғлом рақобат муҳити таъминланмаганидан оғринганлар ҳам бўлган.
Энди олий таълим муассасаларига кириш тест синовлари янгича тартибда ўтади. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 16 ноябрдаги “Республика олий таълим муассасалари бакалавриатига кириш тест синовларини ўтказиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 3 апрелдаги “Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорлари тизимдаги муаммоларга ечим бўлди. Давлат тест маркази томонидан Миллий матбуот марказида ташкил этилган анжуманда мазкур қарорлар бўйича тест синовларига киритилган янгиликлар, ўзгариш ва афзалликлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
— Марказимизда янги бошқарма ва бўлимлар ташкил этилиб, штатлар сони 72 тадан 150 тага кўпайтирилди. Хориждан тест натижаларини аниқлайдиган замонавий техника ва ускуналар келтирилди, — дейди Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази раҳбари Мажид Каримов. — Энди абитуриентларнинг аризалари ҳар йили 15 июндан 15 июлгача, тест синовлари эса 1 августдан 15 августга қадар ўтказилади. Имтиҳонлар ҳар куни икки сменада (биринчи смена соат 8:00 да, иккинчи смена 15:00 да бошланади) ўтказилиб, ҳар куни ўртача 57—60 минг нафар абитуриент тест синовларида қатнашади. Имтиҳон санаси ва вақти абитуриент рухсатномасида кўрсатилади.
“Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларининг бакалавриатига ўқишга қабул қилиш учун кириш тест синовлари ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низомда белгиланганидек, ҳар бир фандан 30 тадан тест саволи бўлади (аввал 36 та эди). Тест саволларига жавоб бериш учун (жавоблар варақасини тўлдириш билан бирга) 30 та саволга 1 соат, 60 та саволга 2 соат, 90 та саволга 3 соат вақт берилади. Саволларга балл қўйиш тизими сақланиб қолди.
Яна бир муҳим янгилик: энди абитуриент имтиҳоннинг эртаси куни тест натижаларидан хабардор бўлади. Натижалар Давлат тест марказининг расмий сайтида эълон қилинади ва олий таълим муассасаларига етказилади.
Олий таълим муассасаларига кириш истагидаги ёшлар сафи кенгайгани боис, тест синовларини ўтказиш жойларида кўплаб муаммолар юзага келаётган эди. Янги низомга кўра, абитуриентларга имтиҳон жараёнида қулайлик яратиш мақсадида тест синовлари катта сиғимдаги бинолар(жумладан, Тошкент шаҳридаги «Ўзэкспомарказ» миллий кўргазмалар мажмуаси павильонлари)да ўтказилади. Бунинг учун республика бўйича 240—6150 ўринли 57 та бино танлаб олинди. Жараёнга 2100 нафарга яқин назоратчи жалб этилади. Улар учун семинар машғулотлари, тест синовлари ўтказилади. Танлаб олинганларга махсус сертификат берилади.
Шаффофликни таъминлаш, салоҳиятли ёшларни аниқлаш учун назорат ишлари муҳим аҳамиятга эга.
— Киришда фақат абитуриент рухсатномаси ва паспорт билан шахсни идентификациялаш воситаси, видеофиксация қурилмаси ҳамда металлодетекторлар орқали ўтилади, — дейди ДТМ ахборот хизмати раҳбари Орзиқул Бобоев. — Кеч қолган ёки бош¬қа сабаб туфайли вақтида келмаган абитуриент тест синовлари бошланганидан сўнг тегишли ҳудудга кира олмайди. Ҳар бир абитуриент рухсатномасида кўрсатилган сана ва вақтда тест синовларида иштирок этади. Ушбу сана ва вақт қатъий ҳисобланиб, абитуриент бошқа вақт ва санада тест синовларида иштирок этиши мумкин эмас. Бинода тест синовларини тўлиқ назорат қилиш мақсадида 30 нафар абитуриент учун битта кузатув камераси ўрнатилиши, жараённи абитуриентларнинг ота-оналари онлайн тарз¬да кузатиши учун зарур ускуналар билан жиҳозланиши шарт. Бинода бир нафар абитуриентга қоида тариқасида 2 метр квадратдан кам бўлмаган жой тайёрланади. Ҳудудлар бўйича тест синовлари ўтказиладиган бино ва гуруҳлар тартиб рақами такрорланмайдиган кетма-кетликда бўлади. Олий таълим муассасасининг қабул комиссияси аъзолари тест синови жараёнида иштирок этмайди. Комиссия раиси ва масъул котиби бундан мустасно.
Тест саволларининг мураккаб тузилгани, абитуриент ва ота-оналар томонидан саволлардаги умумтаълим фанлари ўқув дастурларига номувофиқликлар бўйича билдирилаётган эътирозлар бўйича ҳам марказ ва тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида кенг кўламли ишлар амалга оширилди.
— Энди тест топшириқлари умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг умумтаълим фанлари ўқув дас¬турларига мувофиқ тузилади, — деди Марказнинг тест технологияларини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Севара Зупархожаева. — Тест топшириқлари бўйича муҳим ўзгариш: ҳар бир блок саволларининг 30 тадан этиб белгиланганидир. Шу ўринда савол туғилади: нима учун 30 та савол? Бу қарорга келиш учун Давлат тест маркази Буюк Британия, Россия, Қозоғистон каби давлатларнинг тажрибаларини ўрганди. Маълум бўлдики, боланинг билим даражасини аниқлаш учун қабул жараёни натижаларига мувофиқ абитуриентларнинг рейтинги аниқланган. Унга кўра абитуриентлар учун 25—40 тагача савол танланган. Хал¬қаро тажрибалардан фойдаланган ҳолда тест синови жараёнини такомиллаштириш, саволлар мазмунини соддалаштириш бўйича мутахассисларимиз давлат таълим стандартлари асосида иш олиб борди. Хусусан, янги тузилган тест вариантлари пойтахтимиздаги академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида синовдан ўтказилди. Жараёнда абитуриентнинг қанча вақт сарфлаши ва мураккаб саволлар бўйича тегишли маълумотлар аниқланди. Натижалар таҳлил қилиниб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди. Жавоблар варақасида ҳам ўзгаришлар бўлди. Абитуриентларга қулайлик яратиш мақсадида махсус кодлар соддалаштирилди, чет тиллари алоҳида кўрсатилган. Шунинг¬дек, жавоблар варақасига четлаштириш далолатномаси киритилди. Унга кўра агар абитуриент “шпаргалка” ишлатса, саволлар варақасини йиртса ёки бошқа кўринишда тартибни бузса, аудитория назоратчиси ва бино раҳбарияти иштирокида қоидабузарнинг хатти-ҳаракати далолатномага киритилиб, жараёндан четлаштирилади.
Гуруҳ назоратчиларининг ҳам масъулияти оширилди. Энди қоидани бузаётган абитуриентга эътиборсиз бўлса, уларга нисбатан ҳам чора кўрилади. Назоратчилар ҳам видеокамералар орқали кузатиб борилади. Ҳар бир гуруҳ алоҳида 30 тадан стол билан таъминланиб, бирдан ўттизгача рақамланиши лозим. Гуруҳ назоратчиси учун тест материалларини тарқатиш ва қабул қилишга алоҳида стол-стул ажратилиб, стол узлуксиз видеокузатув остида бўлади.
Шу йилдан бошлаб тест синовлари натижасидан норози бўлган абитуриентлар 20 августдан 30 августгача (11 календарь куни) муддатда шикоят қилиш ҳуқуқига эга. Бунинг учун пойтахтга келиш шарт эмас. Қаерда истиқомат қилса, ўша жойнинг ўзида Ўзбекистон таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича давлат комиссияси томонидан тасдиқланган апелляция комиссиясига ёзма ёки электрон шаклда мурожаат қилиши мумкин.
Марказнинг тест синовлари компьютер таҳлили ва ахборотлаштириш бошқармаси бошлиғи Жўрабек Эшниёзовнинг таъкидлашича, тест натижалари хориждан келтириладиган 2 та “iNSIGHT—150” оптик сканери ёрдамида аниқланади. Бу техникалар соатига 30 мингта жавоблар варақасини ўқиш қувватига эга. Улар ёрдамида кунига 60 мингта тест варақасини тўлиқ кўриб чиқиш режалаштирилган.
Тест синови ўтказилмайдиган йўналишлар бўйича имтиҳон натижалари ҳукумат комиссиясида тасдиқлангандан сўнг Давлат тест маркази расмий сайтида эълон қилинади.
Ҳасан МЎМИНОВ,
“Ma’rifat” мухбири