Моддий манфаатдорлик илмий тадқиқотларни жонлантиради

Малакали мутахассис тайёрлашнинг ўзига хос мураккабликлари мавжуд. Бунинг учун профессор-ўқитувчи соҳа амалиётидаги энг сўнгги янгиликлардан бохабар бўлиши, хорижий тилни яхши билиши, умуман, ўз устида мунтазам ишлаши керак. Ўқув материаллари ҳам замон шиддатига мос равишда такомиллаштирилиши лозим.
Шу кунгача олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчиларининг ўқув, ўқув-услубий, илмий-тадқиқот, маънавий-маърифий йўналишлардаги машаққатли меҳнати алоҳида рағбатлантирилмас эди. Ваҳоланки, илмий иш олиб бориш чуқур билим ва салоҳият, ижодий тафаккур, меҳнатсеварлик хусусиятларидан ташқари, турли конференцияларда қатнашиш, синовлар ўтказиш учун маблағ талаб этади. Бироқ илмий иш олиб бориб, докторлик диссертациясини ёқлаган мутахассис ва оддий стажёр-ўқитувчининг маоши ўртасидаги фарқ катта эмаслиги, педагогларда ўз устида ишлаш учун рағбат уйғотмас эди. Оқибатда олий таълим муассасаларида илмий-педагог кадрларнинг салоҳияти, илмий унвон ёки даражага эга, малакали кадрларнинг улуши пасайиб кетди.
Президентимизнинг шу йил 5 апрелдаги “Республика олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари ходимларининг меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги муаммоларни ҳал этиш билан бирга олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва илмий ходимларининг мавқеини кўтарди. Қарорда белгиланган вазифалар ижроси илмий фаолиятни рағбатлантириш, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва илмий ходимларининг моддий манфаатдорлигини ошириш, олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларининг илмий салоҳиятини мустаҳкамлаш орқали таълим сифатини ҳамда илмий-тадқиқот самарадорлигини ошириш, истеъдодли ёш олимлар ва талабаларни илм билан шуғулланишга жалб қилишга ёрдам беради.
Олий таълим муассасаси илмий-тадқиқот маркази ҳам ҳисобланади. Жумладан, Тошкент ахборот технологиялари университетининг Қарши филиалида ҳам қатор илмий изланишлар олиб борилмоқда. Айниқса, профессор-ўқитувчи ва талабалар томонидан ўқув-тарбия жараёни сифати ва самарадорлигини оширувчи, таълимнинг барча босқичларида асқотадиган дастурий маҳсулотларни яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Microsoft Front Page дастури, Corel Draw график муҳаррири, Adobe Photoshop дастурини ўргатувчи электрон дарслик, виртуал стендлар тўплами, компьютер қурилмалари бўйича видеолуғат, мультимедиа қурилмалари бўйича аудиолуғат, махсус фанлар бўйича мобиль илова, кўзи ожизларга аниқ фанларни ўргатишга мўлжалланган электрон восита, математик функцияларни намоён этувчи интерактив тўплам шулар жумласидандир. Энг муҳими, бу каби ишланмаларни амалиётга жорий этиш ўрта ҳисобда 500 минг сўмдан 1 миллион сўмгача қўшимча маблағни талаб этади, холос. Республика миқёсида аҳолига хизмат кўрсатувчи, фармацевтик восита ва дорихоналар ҳақида маълумот берувчи, шунингдек, шифокор ва фармацевтларнинг онлайн маслаҳатини олишга кўмаклашувчи “Farm.Madad.uz” веб-сайт лойиҳаси ҳам амалга оширилди. Қашқадарё туризм ахборот портали эса маданий мерос ёдгорликлари ва халқ ҳунармандчилигининг барча йўналишлари бўйича туризм соҳасини ривожлантиришни назарда тутади. Бу каби инновацион лойиҳалар ҳақида кўп гапириш мумкин.
Илмий тадқиқотлар катта иқтисодий самара беради. Муассасамиз томонидан 2017 йили 53,1 миллион сўмлик хўжалик шартномалари бажарилди. soft.tuitkf.uz манзилида ёш ўқитувчилар, иқтидорли талабалар томонидан ишлаб чиқилган дастурий ва техник ишланмаларнинг онлайн кўргазмаси ташкил этилди. “Ўзбекистон олий таълим муассасалари ва тиббиёт марказлари салоҳиятини оширишнинг инновацион усулларини ривожлантириш” халқаро лойиҳаси доирасида филиалимизда ўтган йили “Реабилитациянинг инновацион усуллари” илмий-таълим лабораторияси ташкил этилди. Уч нафар ўқитувчимиз Франциянинг Сорбонна университетида бўлиб ўтган семинарда иштирок этиб, малака ошириб қайтди. Лабораториямиз “BTS SMARTDX100 System with 4 cameras” русумли жиҳоз билан таъминланди.
Моддий манфаатдорлик шу каби илмий ишларнинг самарадорлигини ошириши шубҳасиз. Тизимдаги базавий лавозим маошлари ўрта ҳисобда 25 фоизга оширилиши илмий тадқиқотларни янада жонлантиради. Илмий-тадқиқот муассасаларида фан доктори даражаси ёки профессор унвонига эга ходимнинг меҳнат ҳақи амалдаги 2,25 миллион сўм ўрнига 38 фоизга оширилиб, 3,11 миллион сўмга етади. Яъни, бу стажёр-тадқиқотчи иш ҳақи миқдоридан 100 фоиз ёки икки баравар кўп деганидир. Бу эса ёшларни устозларга эргашиш, илмий изланиш олиб боришга ундайди.
Комилжон СУЛТОНОВ,
Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Қарши филиали директорининг маънавий-маърифий ишлари бўйича ўринбосари