Тест синовлари репетицияси
Шу кунларда Давлат тест маркази олий таълим муассасаларига қабул учун бўлиб ўтадиган тест синовлари бўйича репетиция жараёнини ўтказмоқда.
Дастлабки синов жараёни Республика ихтисослаштирилган олимпия захиралари мактаб-интернатида ташкил этилди. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш, Олий ва ўрта махсус таълим, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш вазирликлари Давлат тест маркази ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида ўтказилган тадбирга Ўзбекистон Миллий университети қошидаги С.Сирожиддинов номли академик лицей ўқувчилари жалб этилди. Жараёнда қатнашган 482 нафар ўқувчи 1—15 август кунлари тест синовларида қўлланиладиган саволлар мажмуаси ва жавоблар варақасининг янги шакли билан танишиб, ҳар бир блокдан 30 талик тест саволларига жавоб берди.
— Тажриба тариқасида ўтказилган тест синовида қатнашдим. Уч соат ичида 3 та фандан 90 та саволга жавоб белгиладим, — дейди С.Сирожиддинов номидаги академик лицей ўқувчиси Нодирбек Ибодуллаев. — Ташкилотчилар “Жавоблар эртага аниқ бўлади”, деганди. Сабрим чидамай, ўша куни ДТМ расмий сайтига кириб, натижамни кўришга ошиқдим. Жавобларни кўздан кечирар эканман, ўзимга ишончим янада ортди. Сабаби, 1-блокдан 25 та, 2-блокдан 26 та саволга аниқ жавоб белгилабман. Учинчи блокдан тўғри жавобим сал камроқ бўлса-да, ўқишга қабул қилинишга тавсия этилибман. Ғирромликларга йўл берилмаса, бу йил тест жараёнига жорий этилаётган янги тизимда билимли ёшлар, албатта, талаба бўлади.
Давлат тест маркази ахборот хизмати раҳбари Орзиқул Бобоевнинг таъкидлашича, аппробация ва репетиция орқали ўз билим ва кўникмасини синовдан ўтказишга қизиққан абитуриентлар май ойида жараёнларда иштирок этиш имконига эга бўлади. Репетиция жараёни давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 16 ноябрдаги “Республика олий таълим муассасалари бакалавриатига кириш тест синовларини ўтказиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг шу йил 3 апрелдаги “Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорлари асосида тест синови топшириш тартибига киритилган ўзгаришларга асосан амалга оширилади.
Шунингдек, май ойидан бошлаб янги тузилган саволлардан намуналар бериб борилади. Намунавий саволлар фанлар кесимида эълон қилинади. Улар билан Давлат тест марказининг «Ахборотнома» илмий-услубий журнали махсус сонлари орқали танишиш мумкин. Ҳозир журналнинг бир нечта сони нашрга тайёрланмоқда.
Ҳасан МЎМИНОВ