Яна бир гуруҳ Афғонистон ёшлари Термизга келди
Сурхондарё вилоятининг Термиз туманида фаолият юритаётган Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим марказида қўшни давлатдан ўқиш истагида келган бир гуруҳ ёшларни тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили И.Иргашев, олий ва ўрта махсус таълим вазирининг биринчи ўринбосари Д.Набиев, Афғонистон Президентининг МДҲ ва Россия давлатлари билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш бўйича махсус вакили М.Ш.Коргар, Ўзбекистон “Темир йўллари” акциядорлик жамияти бошқарув раиси ўринбосари А.Камолов, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази талабаси А.Азизий ва бошқалар Ўзбекистон билан Афғонистон ўртасидаги ҳамкорлик, яқин қўшничилик ва азалий дўстлик алоқалари йилдан-йилга мустаҳкамланиб бораётганини алоҳида таъкидлади.
Жорий йил март ойида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзуидаги Афғонистон бўйича Тошкент халқаро конференцияси Афғонистонда тинчлик ўрнатиш, барқарор ривожланишни янги босқичга кўтариш истиқболларини белгилаб берди.
Шу ўринда айтиш лозимки, икки қўшни давлат томонидан яна бир стратегик лойиҳани амалга ошириш таклифи илгари сурилмоқда. Бу ўзбек мутахассислари барпо этган ва Афғонистоннинг транзит салоҳиятини оширишга хизмат қиладиган Ҳайратон – Мозори Шариф темир йўлини Ҳиротгача давом эттириш лойиҳасидир. Бундай улкан бунёдкорлик иши рўёбга чиқарилгач, қўшни давлатда соҳа мутахассисларига катта эҳтиёж пайдо бўлади.
– Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган таълим муассасасида қўшни давлат эҳтиёжлари инобатга олинган ҳолда, 17 олий ва 16 ўрта махсус, касб-ҳунар таълими йўналиши ўқув режаларининг модуллаштирилган шакли ишлаб чиқилиб, қўшни мамлакат ёшларининг ўзлари танлаган касб сирларини чуқур ўрганиши учун барча шароит яратилган, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Афғонистон фуқароларини ўқитиш таълим маркази раҳбари О.Рўзиев. – Уларга мамлакатимиз олий таълим муассасаларининг малакали профессор-ўқитувчилари сабоқ бермоқда. Ўқув марказида олий таълим муассасалари корпоратив тармоғи орқали “Электрон таълим тармоғи”га уланиб, Ўзбекистоннинг исталган олий таълим муассасаси олимлари ва мутахассислари томонидан видеоконференция орқали масофадан туриб машғулот ўтказиш имконияти ҳам мавжуд.
Марказнинг кўп қаватли муҳташам ўқув биноси, талабалар турар жойи, ахборот-ресурс маркази, спорт зали ва майдончалари, ошхона афғонистонлик талабалар учун хизмат қилмоқда. Бинода кимё ва физика каби фанларни чуқур ўзлаштириш, темир йўл транспорти тизимини пухта ўрганиш учун лингафон хоналари, лабораториялар ташкил этилган. Маиший, савдо ва бошқа хизматлар кўрсатадиган шохобчалар фаолият юритмоқда.
Ахборот-ресурс маркази иқтисодий-техник ва ижтимоий-гуманитар йўналишлардаги фанлар бўйича етарли ўқув ва ёрдамчи дарсликлар, бадиий ва ижтимоий-сиёсий адабиётлар, Ўзбекистонда ишланган 50 дан ортиқ бадиий ва ҳужжатли фильмлар, аудио тўпламлар дисклари билан тўлдирилган. Электрон кутубхона тизимига лотин алифбосидаги 700 дан зиёд электрон адабиёт жойлаштирилган.
Айни пайтда ўқув даргоҳида 96 нафар афғонистонлик ўғил-қиз ўзбек тили ва адабиёти мутахассислиги бўйича касб сирларини ўрганмоқда.
– Марказда бизнинг ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси касбини чуқур ўрганишимиз учун етарли қулайлик бор, – дейди Фарёб вилояти Андхуй туманидан ўқишга келган Жавод Шодмон. – Дарсдан бўш вақтимизда турли тўгаракларда иштирок этяпмиз. Мен компьютер саводхонлиги ва инглиз тили тўгарагига қатнашиб, ўз билимимни янада мустаҳкамлаяпман. Афғонистонда ўзбек тили учинчи давлат тили саналади. Бироқ, бу тилдан сабоқ берадиган мутахассислар жуда кам. Бу ерда ўқишни тугатгач, Ватанимга бориб, ёшларга ўз она тилимдан сабоқ бермоқчиман.
Бу йил марказ янада кенгайтирилиб, ёзги ошхона ва новвойхона, ҳаммом ва кир ювиш биносини янгидан қуриш режалаштирилган. 300 ўринли қўшимча ётоқхона барпо этилади. Ўқув-ишлаб чиқариш устахонаси реконструкция қилиниб, янги бино бунёд этилади. Афғонистонлик талаба-ёшларнинг ўқиши, касб ўрганиши, бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун қўшимча шароитлар яратилади.
Бир олам орзулар билан тинч ва осойишта Ўзбекистонга келган 35 нафар афғон ёшлари темир йўл транспорти йўналиши мутахассислиги бўйича ўқишга қабул қилинди. Улар икки йил давомида соҳа сирларини пухта эгаллаб, малакали мутахассис бўлиб етишади.
– Афғонистоннинг Шибирғон шаҳриданман, – ¬дейди 21 ёшли Абдулло Ҳамидий.¬ – Аввало, Амударё бўйида бизни ҳурмат-иззат билан нон-туз тутқазиб кутиб олган ўзбекистонлик ва афғонистонлик талабаларга миннатдорлик билдирамиз. Ўзбекистонда темир йўл тармоғи бўйича ўқиб, малакали мутахассис бўлиш бахти насиб этаётганидан жудаям хурсандман.
Тадбир иштирокчилари талабалар учун яратилган шароитлар билан танишди. Санъаткорлар иштирокидаги концерт дастури тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлади.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,
ЎзА мухбири