Шаффофлик таъминланади
Ҳар йили республикамиздаги юзлаб ёшлар олий ўқув юртларига ҳужжат топширади. Ўтган йиллар давомида тест синовлари ўтказиш бўйича тўпланиб қолган айрим муаммолар ёшларнинг орзу-умидларини рўёбга чиқаришга халал бераётган эди. Президентимизнинг 2017 йил 16 ноябр¬даги “Республика олий таълим муассасалари бакалавриатига кириш тест синовларини ўтказиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори бу борадаги муаммоларга барҳам беришга хизмат қилади.
Жумладан, қарорда 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича кириш тест синовларини 1 августдан 15 августгача бўлган даврда ўтказиш, натижаларини тест ўтказилган куннинг эртасига ДТМнинг расмий веб-сайтида эълон қилиш, тест синовларини олимпия захиралари коллежлари ёки бош¬қа ташкилотларнинг катта сиғимдаги бино ва иншоотларида ўтказиш, тест жараёнининг максимал даражада ошкора ва шаффофлигини таъминлаб, видеокузатувлар орқали жамоатчиликнинг кириш тест синовларини онлайн режимда кузатиб боришига имконият яратиш белгиланди.
Қорақалпоғистон Республикасида бу йилги тест синовлари иккита объектда ўтказилиши мўлжалланмоқда. Ўтган ўқув йилида ҳудуддаги 6 та олий таълим муассасасига 42512 нафар абитуриент ҳужжат топширган эди. 2018/2019 ўқув йилида 48 мингга яқин ёшларнинг ўз билимини синовдан ўтказиши кутилмоқда. Тест синовларини юқори савияда, уюшқоқлик билан ташкил этиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг тегишли қарор, фармойиш ва чора-тадбирлар режаси тасдиқланиб, Давлат тест маркази билан ҳамкорликда қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Тест синовлари ўтказиладиган бинолар режа-чизмаси ишлаб чиқилиб, имтиҳон бўладиган бинолар сифатида Олимпия ва миллий спорт турлари бўйича Нукус олий спорт маҳорати мактабининг тўртта спорт зали ҳамда Нукус олимпия захиралари коллежининг иккита спорт зали танлаб олинди. Бугун биноларда тест синовини ўтказиш билан боғлиқ барча ташкилий ишлар олиб борилмоқда. Бу йил абитуриентлар сонининг йигирма фоизга ошишини ҳисобга олган ҳолда бир сменада 1637, кунига 3274 нафар абитуриентга тест синовини топшириш имконияти яратилди.
Тест синовларида гуруҳ назоратчилари сифатида иштирок этиши белгиланган педагог ходимлар рўйхати шакллантирилди. Халқ таълими тизимидан 215, олий таълим тизимидан 260 нафар педагогнинг маълумотлар базаси ДТМнинг STAFF дастурига киритилди. Жараёнга жалб этилиши кутилаётган ходимлар учун ўқув-семинарлар жадвали тасдиқланиб, шу асосда 30 апрель — 2 май кунлари амалий машғулотлар ташкил этилди. Мазкур машғулотларни май ойи давомида кичик гуруҳларда олиб бориш режалаштирилган. Шунингдек, 14 май куни тест синовларига тайёргарлик ишларини мувофиқлаштириш мақсадида репетиция ўтказилди.
Абитуриентлар учун саволлар китоби ва жавоблар варақасини тўлдиришдаги масъуллик кучайтирилди. Бу йил тест синови бошланишидан аввал абитуриентларга йўл-йўриқ ва маслаҳат беришга ажратилган 30 дақиқа олиб ташланди. Энди гуруҳ назоратчилари абитуриентлар учун фақат кўрсатма беради, холос. Гуруҳ назоратчиларининг тест синови жараёнини тартиб-интизом билан ўтказиш бўйича жавобгарлиги кучайтирилди. Қабул жараёнини уюшқоқлик билан ташкил этиш, абитуриентларга тест жараёнидаги вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириш, маслаҳат ва кўрсатмалар бериш, яъни синов қоидалари билан тўлиқ таништириш қабул комиссиясининг вазифалари этиб белгиланди. Жавоблар варақасининг такомиллаштирилган нусхаси яратилди.
Танлаган соҳаси бўйича пухта билим, кўникма ва малака олишга шай ёшларни адолатли, холис, шаффоф йўл билан ўқишга қабул қилиш бўйича мукаммал тизим яратиш ишлари давом этмоқда.
Музаффар АБДУЛЛАЕВ,
Давлат тест марказининг Қорақалпоғистон Республикасидаги бўлими бошлиғи