ОТМга ҳужжатлар қабули бошланди
Шу йилнинг 16 июнидан бошлаб мамлакатимиз олий таълим муассасаларига 2018-2019 ўқув йили учун абитуриентлардан ҳужжат қабул қилиш бошланди. Таъкидлаш лозимки, бу йилги қабул жараёнида ўзига хос янгиликлар жорий этилди.
Хусусан, Тошкент давлат юридик университетига абитуриентлар ҳужжатларини ўзлари доимий ёки вақтинча яшаётган манзилдаги Давлат хизматлари марказлари орқали топширмоқда. Миллий армиямиз сафида йигитлик бурчини ўтаб қайтган қўқонлик Санжарбек Собиров Қўқон шаҳар давлат хизматлари маркази орқали мазкур университетга ҳужжат топширган илк абитуриентлардан бўлди.
— Тошкент давлат юридик университетига ҳужжат топшириш учун марказ ходимларига паспортим, ҳарбий гувоҳномам, академик лицейни тугатганлигим тўғрисидаги шаҳодатнома ва унинг иловаси, ҳарбий қисмдан берилган тавсияномани тақдим этдим, холос. Бир неча дақиқада керакли маълумотлар махсус электрон базага киритилгач, ҳужжатларим ўзимга қайтариб берилди, — дейди Санжарбек Собиров. — Бир пайтлар ака-опаларимиз бунинг учун пойтахтга бориб, икки-уч кунлаб меҳмонхона ёки бирор уйда ижарада тургани, баъзилари “ҳужжатларда униси кам, буниси йўқ” каби важларни эшитиб, сарсон бўлиб қайтганини эсласам, бугун биз, ёшларга кўрсатилаётган ғамхўрлик ва эътибордан кўнглим яйраб кетади. Мана, уйдан чиққанимга ярим соат ҳам бўлмай ишларим битди. На чарчоқ сездим, на вақт йўқотдим. Энди эса кўтаринки кайфият билан синовларга тайёргарликни давом эттираман...
Қўқон шаҳар Давлат хизматлари маркази раҳбари Саидфаррух Исломов таъкидлаганидек, ўнлаб ҳужжатларнинг нусхаларини йиғиш, тиббий маълумотномани “қўлга киритиш” каби талабларнинг соддалаштирилгани давлат ва халқ ўртасидаги мулоқот янги босқичга кўтарилаётгани далилидир.
Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетида ҳам жараёнга қизғин тайёргарлик кўрилган. Абитуриентлар ва уларнинг ота-оналарини қизиқтирадиган барча ахборотлар — Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, низомлар, факультетлар кесимида ўтган йилги кириш баллари кўрсаткичлари, ногиронлиги бор шахслар, ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари учун берилган имтиёзлар каби маълумотлар университет ҳовлисидаги баннерларда акс этган.
— Ўтган йили муассасамизга 1500 нафар талаба ўқишга қабул қилинган эди. Бу йил мазкур кўрсаткич 1645 нафарга етади, — дейди университет қабул комиссияси масъул котиби Дилмурод Давронбеков. — Ҳозиргача талабалар умумий йўналишлар бўйича қабул қилиниб, кейинчалик мутахассисликларга ажратилган. Янги ўқув йилидан эътиборан, ўқишга кирган талабаларимиз ўзлари танлаган йўналишлар доирасида факультетларда ташкил этилган махсус мутахассисликлар бўйича таҳсил ола бошлайди. Жумладан, абитуриентлар аниқ соҳаларга йўналтирилган компьютер инжиниринг факультетининг “Компьютер инжиниринг”, “АТ — сервис”, “Мультимедиа технологиялари”; телекоммуникацион технология факультетининг “Телекоммуникацион технология”, “Мобиль тизимлар”, “Телерадиоэшиттириш”; телевизион технологиялар факультетининг “Аудиовизуал тизимлар” ҳамда “Видеовизуал тизимлар” мутахассисликларига ўқишга кириш учун ҳужжат топширишлари мумкин. Айни пайтда бўлғуси магистрантлар учун ҳам янгилик сифатида университетимизда янги замонавий — “Электрон ҳукуматнинг бошқарув тизимлари”, “Ахборот-коммуникация технологиялари соҳаси учун электрон-тижорат” мутахассисликлари очилди.
Қабул жараёни шаффофлигини таъминлаш мақсадида ҳар бир абитуриентнинг шахси биометрик паспорти асосида текширилмоқда. Яъни махсус қурилма орқали олинган сурат билан паспортдагиси солиштирилади, бармоқ излари ҳам шу тахлит текширилади. Далиллар тасдиқлангандан сўнг навбатдаги қурилмага абитуриентнинг чап қўлидаги кўрсаткич бармоғи уч бора босилиб, университетнинг “Абитуриентлар базаси”га киритилади. Бу маълумотлардан абитуриентларнинг тест жараёнида қатнашишига рухсат беришда ҳам фойдаланилади.
Юртимизда бу йил янги очилган олий таълим муассасаларидан бири — Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети матбуот хизмати масъул ходими Камола Юсупованинг маълум қилишича, мазкур олий ўқув юрти ҳам абитуриентларга ўз бағрини очди. Ёшлар бакалавриат таълим йўналишлари бўйича интернет журналистика ва ижтимоий тармоқлар, халқаро журналистика ва жамоатчилик билан алоқалар факультетлари, магис¬тратура ихтисослиги бўйича интернет журналистика ва ижтимоий тармоқлар факультетида ўқишга кириш учун ҳужжат топшириши мумкин.
Ойбуви ОЧИЛОВА