Мақсадли қабул
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг талабларига кўра, ҳар 10 минг кишига 4 стоматолог тўғри келиши керак экан. Мамлакатимизда эса бу кўрсаткич икки ҳисса кам.
Шу боис, Тошкент давлат стоматология институтида мақсадли қабул бўйича стоматология учун 40, болалар стоматологияси учун 25 ўрин ажратилди. Бу ўринларга Жиззах, Сирдарё, Сурхондарё, Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида доимий рўйхатда турган ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими босқичини ўз вилоятидаги академик лицей ҳамда касб-ҳунар коллежларида тамомлаган абитуриентларнинг ҳужжатлари қабул қилинмоқда.
— Мақсадли қабул жойларда тиббиёт ходимларига бўлган эҳтиёж ўрганилиб, маҳаллий ҳокимликлар томонидан берилган таклифлар асосида шакллантирилади, — дейди Тошкент давлат стоматология институти қабул комиссияси масъул котиби Беҳзод Ёрмуҳаммедов. — Вазирлар Маҳкамасининг ўтган йил 20 июндаги 393-сонли қарори билан тасдиқланган “Олий таълим муассасаларининг бакалавриатига талабаларни ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисида”ги низомнинг 3-бандига кўра, мақсадли қабулда танлов ҳар бир ҳудуд бўйича алоҳида ўтказилади. Масалан, Сирдарё вилоятидан институтимизнинг “Стоматология” таълим йўналишига давлат гранти асосида 8 та ўрин ажратилган бўлса, кириш имтиҳонида энг юқори балл тўплаган сирдарёлик абитуриентларнинг 8 нафари Давлат тест маркази томонидан саралаб берилади. Ўша 8 нафар ўғил-қиз ўқишни тамомлагач, ўз ҳудудида 5 йил давомида ишлаб беради. Мақсадли қабул танловида қатнашиб, давлат гранти асосида ўқишга кира олмаганлар эса тўплаган балларига кўра умумий тўлов-контракт доирасидаги танловда иштирок этади. Мақсадли қабул натижасида чекка туманлардаги тиббиёт бирлашмалари ҳам олий маълумотли малакали шифокорлар билан тўлиқ таъминланади.
Мақсадли қабул нафақат тиббиёт олий таълим муассасаларида, шу билан бирга Тошкент фармацевтика институти, Тошкент давлат аграр университети ҳамда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида ҳам амалга оширилмоқда.
— Сир эмаски, жойларда ирригация ва қишлоқ хўжалиги соҳаси бўйича мутахассислар етишмайди, — дейди Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг ёшлар билан ишлаш бўйича проректори Қодир Шавазов. — Институтимизни битирган ёшларнинг аксари турли сабабларга кўра ўзлари туғилиб ўсган ҳудудда ишлашни хоҳламайди. Оқибатда йиллар ўтгани сайин мутахассисларга бўлган эҳтиёж ортиб, кадрлар танқислиги келиб чиқади. Ундан ташқари, юртимизда ирригация соҳасини янада такомиллаштириш, тизимга замонавий технологияларни татбиқ этиш ишлари жадал олиб борилаётгани туфайли янгидан-янги мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрлаш талаб этилмоқда. Бу каби жиҳатлар ҳам мақсадли қабулни тақозо этади. Шунинг учун олий ўқув юртимизда мақсадли қабул 19 та бакалавриат таълим йўналишида ташкил этилган бўлиб, 290 ўрин ажратилган. “Гидротехника қурилиши”, “Қишлоқ ва сув хўжалигида техник сервис”, “Қишлоқ хўжалигида инновацион техника ва технологияларни қўллаш” каби янги йўналишларга бу йил биринчи бор мақсадли қабул амалга оширилмоқда.
Фаёза АВЛАЕВА,
“Ma’rifat” мухбири